Ҳайрат ва ҳаваслар кенти

311

Неча асрларки, Ер юзининг ёрқин бу нуқтасига ошуфталар сони орт­са ортяптики, камаяётгани йўқ. Мустақиллик шарофати билан Самарқанднинг шавкати ва мавқеи бемисл юксалди. Давлатимиз раҳбарининг Самарқанд вилоятида туризмни ривож­лантиришга доир ташаббуслари ўз самарасини бермоқда. Туризм индустрияси, туризм иқтисодиёти, қолаверса, бу соҳада ишлаб чиқариш, тақсимот, айирбошлаш сингари муносабатлар тизими яратилди. Бугунги кунда муаззам шаҳар 350 минг хорижий ва 1,5 миллион маҳаллий сайёҳларга мукаммал шароит яратиб бера олиш имконига эга.

МЕҲМОН МАМНУН  БЎЛСИН ДЕБ…

2018 йил бошида 107 та меҳмонхона фаолият кўрсатган бўлса, ўтган олти ойда 2 та меҳмонхона қуриб ишга туширилди. 28 та лойи­­ҳа бўйича амалий ишлар бошланиб, 12 та меҳмонхона қурилиши ниҳоясига етказиляпти. Тадбиркорлар томонидан оилавий Меҳмон уйлари барпо этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётир.
– Мамлакатимизда туризм индус­т­­­риясини ривожлантиришда хусусий сектор иштирокига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шу ташаб­бусга мувофиқ шаҳримизда барча талабларга жавоб бера оладиган 5 та Меҳмон уйлари фаолияти йўлга қўйилди, – дейди вилоят туризмни ривож­лантириш департаменти, туристик фаолиятни лицензиялаш бўлими бошлиғи Фаррух Ўролов. – Хориждан келадиган сайёҳларга миллий маданиятимизни ўзида тўла мужассам этган хонадон шароити беҳад манзур бўлмоқда.
Конимех кўчасида истиқомат қилаётган Нуриллаевлар оиласи ана шундай ташаббускорлардан бири. Улар ўз хонадонида ўн кишигача бўлган сайёҳни қабул қилиш қувватига эга «MARXABA MOTEL GOLD» оилавий меҳмон уйини ташкил этишган. Кўрсатилаётган хизматлар сифати ҳам талаб даражасида.
– Оилавий меҳмонхона ташкил этиш истагида бўлганларга давлатимиз томонидан бир қатор имтиёзлар яратиб берилган, – дейди оилавий меҳмонхона раҳбари Марҳабо Нуриллаева. – Биз ҳар бир меҳмонга мос шарт-шароит яратиб берибгина қолмай, уларнинг шаҳримиз ҳақидаги тасаввурларини бойитишга ҳам интиляпмиз. Чет элликларга заковатли шарқ маданияти, турмуш тарзи, оилавий муносабатларигача ҳайратомуз туюлади. Улар биз билан бир дастурхон атрофида ўтиришни, суҳбат қуришни, шарқона оила бағрида бўлишни жудаям исташади. Урф-­одатларимиздан, анъаналаримиздан андоза олишга интилади. Сирасини айтганда, оиладаги маънавий муҳитдан сабоқ олишади.
Бугунги кунда нафақат юртимиз тадбиркорлари, балки хориждаги бир қатор компаниялар ҳам Самарқандда меҳмонхона тизимини такомиллаштириш иштиёқини билдиришган. Хусусан, Туркиянинг «APEAS» компанияси 130 ўринли беш юлдузли меҳмонхона қуриш бўйича ҳамкорлик шартномаси имзолади. Яқинда Германиянинг «RIMC Hotels and Resorts» компанияси ана шундай истакда Самарқандга ташриф буюрди. Меҳмонхона тармоғи ва бош­қаруви соҳасида катта тажрибага эга бўлган бу компаниянинг Австралия, Италия, Испания, Швейцария, Хитой ва бош­­қа бир қанча давлатларда халқаро меҳмонхона тармоғи мавжуд. Улар кўҳна шаҳар салоҳиятига мос меҳмонхона барпо этиш ниятлари борлигини билдиришди.

«SAMARKAND CITY» —  сайёҳлар шаҳри бўлажак

Давлатимиз томонидан Самарқанд шаҳри ва Самарқанд вилоятининг туристик салоҳиятини ривож­лантиришни жадаллаштиришнинг уч йиллик дастури тасдиқланган бўлиб, 2020 йилгача «Samarkand city» туризм зонасини барпо этиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар жадаллашди.
Шаҳар ичидаги мўъжаз шаҳарчада замонавий меҳмонхоналар, коттежлар, маданий соғломлаштириш ва кўнгилочар нуқталар, савдо масканлари, клублар, караоке барлар, кафе-ресторанлар жой олади.
– Сайёҳ, авваламбор, ўзи кўрмаган дунё мўъжизаларидан баҳраманд бўлишга интилади, – дейди Самарқанд вилояти туризмни ривожлантириш департаменти бош мутахассиси Зафар Мажитов. – Буни назарда тутган ҳолда, айни туристлар оқими кўпайган даврларда «Халқ ҳунармандчилиги», «Самарқанд нонлари», «Халқ каштачилиги» каби ўнлаб кўргазмаларни ташкил этишга интиляпмиз.
Жорий йилнинг август ойида илк бора «Silk Roаd Bazaar» (Ипак йўли бозори) – миллий ҳунармандчилик ва савдо фестивали уюштирилди. Унда Самарқанд, Фарғона, Шаҳрисабз ва Тошкент шаҳридан келган 80 нафардан ортиқ ҳунармандлар ўз маҳсулотлари билан қатнашди.
– Тошкент чинниси, Самарқанд кашталари, Фарғона адраслари бемисл санъат намуналари, – деганди франциялик Томс Мишель ўшанда. – Ҳеч бир рассом, ҳатто қоғозда бўлса-да, бундай гўзалликни чизиб беролмайди.
Дунё юртимиз мўъжизаларига талпиниб яшаётган бир чоғда уни тўлалигича намоён этишга кенг имкониятлар яратилгани айни муддао бўлаётир.

МЎЪЖИЗАЛАР МАСКАНЛАРИ

Буюк муҳаддис олим, ҳадис илмининг султони Имом Бухорий мангу қўним топган даргоҳ зиёратига бутун ислом олами талпинади. Дам олиш кунларида беш минг, қутлуғ байрамларда бир кунда 15-17 минг нафаргача зиёратчилар бу даргоҳга ташриф буюради.
– Қутлуғ гўшадаги ободончилик нафақат юртимиз, балки хориждан келадиган меҳмонларга ҳам манзур бўлмоқда, – дейди зиёратчи Мажитхон Усмонов. – Мусулмон оламида катта мавқега эга бобокалонимизнинг улуғ ишлари асрлар оша яшайверади.
Мажмуада уч қисмга ажратилган ҳолда босқичма-босқич қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Ёдгорликнинг олд қисми икки қават қилиб кўтарилади, масжид кенгайтирилади, 250 ўринли зал, юқори мартабали меҳмонларни кутиш хоналари бунёд этилади. Ёндош ҳудудларда эса бозор, гипермаркет, савдо ва маиший хизмат мажмуалари, умумий овқатланиш шохобчалари, миллий ҳунармандчилик устахоналари, меҳмонхона, спорт майдончаси қурилиши ҳам режалаштирилган. Майдон ўртасида фавворалардан иборат 850 метр­лик аллея, французча услубда, ландшафт дизайни асосида бетак­рор йўлаклар барпо этилади.
Хуллас, зиёратгоҳ юртимиздаги мўъжизалар маскани, улуғ бобомиз шону-шавкатига мос манзилга айланади.

САЛОҲИЯТ ВА ИМКОНИЯТ

Самарқандда сайёҳларнинг борар ери кўп. Регистон ансамбли, Бибихоним ва Ҳазрати Хизр масжиди, Шоҳи Зинда ёдгорлиги, Мирзо Улуғбек расадхонаси, Амир Темур мақбараси…
– Мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга, халқимизнинг бой тарихини кўз-кўз қилишга тўла асос­лар бор, – дейди меҳнат фахрийси Садриддин Аслиддинов. – Бугунги кунда ҳар бир сайёҳ Самарқанд туманидаги Нодир Девонбеги комплекси, Хўжа Аҳрор Валий масжиди, Ургут туманидаги Ғавсил Аъзам, Хўжа Омон, Чор-Чинор зиёратгоҳлари завқидан баҳраманд бўлиш имкониятига эга.
Туризм департаменти маълумотларига кўра, янги-янги йўналиш­лар очилаётир. Ўзбекистон тарихи, Самарқанд шаҳар тарихи музейлари, Афросиёб музейи, Ўлкашунослик музейи, Пахтачи туманидаги Доббусия шаҳристони, Пайариқ туманидаги Челак-Кўктепа тарихий ёдгорлиги, Маҳдуми Аъзам зиёратгоҳи юздан ортиқ давлатлардан келаётган сайёҳлар учун кўҳна тарихдан бир шода.
Яна бир эътиборли жиҳат. Ҳудуддаги мавжуд тарихий – маданий, экологик, экстремал, агро, гастрономик ва бошқа йўналиш­ларда фойдаланиш мумкин бўлган манзиллар махсус ишчи гуруҳи томонидан аниқланган.
– Вилоятимизда 30 га яқин тарихий-маданий объектлар ўрганилди, – дейди Самарқанд вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси қошида туризм йўналишида фаолият олиб бораётган «Касаба Самарқанд» шўъба корхонаси раҳбари Аббос Ҳазратқулов. – Булунғур туманида Амир Темур қурдирган кўприк борлиги аниқланди. Шунингдек, Хўжа Ҳофиз мақбараси ҳамда илоҳий Ҳовуз мўъжизаларидан сайёҳларни баҳраманд этиш ишлари режалаштирилаётир.
Самарқанд табиатидан ҳам фойдаланиш назарда тутилмоқда. Гўзал, манзарали Тахтақорача довони, «Омонқўтон» ва «Бешкан» маҳаллаларидаги сўлим табиат, Оҳалик ва Миронқул тизимларидаги имкониятларни ишга солиш юзасидан изланишлар олиб борилмоқда.
Тиббиёт туризмини ривожлантиришга ҳам тўла асослар бор. Айни чоғда, сиҳатгоҳ, тиббий соғломлаштириш масканларига хорижий ва маҳаллий, қўшни давлатлардан келган сайёҳлар ташрифини ташкил этиш чора-тадбирлари белгиланмоқда. «Бионур», «Иннова», «СТД», «Гаммамед», «Сангзор», «Зармед» «Перфектум диагностика» каби замонавий жиҳозланган тиббиёт муассасалари ана шу йўналишларга хизмат кўрсатади.
Ҳа, Самарқанд нодир маданияти, абадий меҳр-оқибати, буюк келажаги билан бундан буён ҳам ҳайрат ва ­ҳав­а­слар ўлкаси бўлиб қолаверади.

Нурилла ШАМСИЕВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар