Ҳамжиҳатликда улкан марралар сари

316

Аввал хабар берилганидек, шу йилнинг 18-19 октя­брь кунлари «Ўзэкспомарказ»да Ўзбекис­тон ва Россия Федерацияси ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорлик Форуми бўлиб ўтади.

Шу муносабат билан бу ерда ташкил этилган Форумни ёритиш бўйича махсус матбуот марказида дастлабки брифинг ўтказилди. Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур анжуманни маҳаллий ва хорижий ОАВларда ёритишда илк бор 250 дан ортиқ журналист ва соҳа мутахассислари иштирок этмоқда.
Мазкур Форум икки давлат ўртасида жадал ривожланаётган ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш йўлидаги тарихий қадам бўлиши мумкин. Шуниси муҳимки, бу галги ташриф доирасида Россиянинг кўплаб тармоқ ҳамда ҳудудлари раҳбарлари келишмоқда. Бу эса кейинги йилларда кузатилаётгани – ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликнинг кучайишига хизмат қилиши шубҳасиз.

Биргина Тошкент вилоятида Ўзбекистон ва Россия Федерацияси ҳамкорлигида 120 қўшма корхона фаолият юритаётир ва эътиборли жиҳати, улардан саноат, қурилиш, савдо, хизмат кўрсатиш ва бошқа йўналишлардаги 30 та корхона жорий йилда иш бошлади.
Самарқанд вилоятида эса россиялик ишбилармонлар билан ҳамкорликда ташкил этилган 43 та қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Улар асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва қадоқлаш, металлургия, қурилиш, туризм, савдо ва хизмат кўрсатиш, тўқимачилик, маиший техникалар ишлаб чиқариш ва коммуникация хизматлари кўрсатиш билан шуғулланаётир.
Форумнинг биринчи кунида «Ўзбекистон-Россия Минтақалараро ҳамкорликнинг биринчи босқичи: лойиҳалар ва кластерлар», «Рақамли трансформация», «Ўзбекистон-Россия: тўқимачилик соҳасида чегарасиз ҳамкорлик», «Ко­операцияни ривожлантиришнинг ўсиш нуқталари» мавзуларида сессиялар ташкил этилади. Мутахассислар кун тартибига қўйилаётган масалалар мамлакатимизнинг турли соҳалардаги имкониятларидан унумли фойдаланган ҳолда янги иш ўринлари яратиш, иқтисодиётнинг ўзак томири бўлган ишлаб чиқариш корхоналарининг ташкил этилишидаги аҳамиятини юқори баҳолашмоқда.
Форум доирасида бир қатор Россия компанияларининг тақдимотлари ўтказилиши ҳам режалаштирилмоқда. Уларда ёғочни қайта ишлаш маҳсулотларини экспорт қилиш, агромашинасозликни ривожлантириш, энергетик объектлар технологик жараёнларини бошқариш, махсус техника учун бутловчи қисмларни етказиб бериш ва ишлаб чиқаришни ташкил этиш мавзулари ёритилади.
Шу куннинг ўзида «Янги иқтисодиёт учун янги кадр­лар» мавзусида Россия-Ўзбекистон таълим форуми ҳам ташкил этилади.
19 октябрга мўлжалланган тадбирлар ҳам ўз аҳамияти жиҳатидан янада муҳим. Шу куни Ўзбекистон ва Россия ўртасида Биринчи минтақалараро ҳамкорлик Форуми ялпи мажлиси ўтказилади.
Ялпи мажлис доирасида давлат раҳбарлари иштирокида Ўзбекистонда АЭС лойиҳасига старт берилиши кўзда тутилган.
«Ўзэкспомарказ» павильонларида «Россия ва Ўзбекис­тон ҳудудлари ўртасида ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари»га бағишлаб очилган кўргазма жорий йилнинг 20 октябригача давом этади.
Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги Биринчи минтақалар­аро ҳамкорлик Форуми давлатлар ўртасидаги стратегик шериклик доирасидаги кўп қиррали ҳамда узоқ муддатли алоқаларни ҳар томонлама мустаҳкамлаш ва ривожлантиришнинг тарихий бурилиш нуқтасига айланиши кутилмоқда.

Ўз мухбиримиз

Бошқа хабарлар