Ўзаро ишонч руҳида

66

Тошкент вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси билан Россиянинг Челябинск области касаба уюшмалари Федерацияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Учрашувни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр Махмадалиев кириш сўзи билан очиб, ўтган йиллар мобайнида Ўзбекистон ва Россия серқирра ҳамкорлик доирасида самарали ва залворли натижаларга эришганини айтиб ўтди. Бугунги кунга келиб мамлакатимизда 1400 тадан ортиқ корхона Россия инвестицияси асосида, Россия­­да 500 дан зиёд корхона ўзбек инвесторлари ҳисобидан фаолият юритмоқда. Мамлакатларимиз ўртасида илм-фан, маданият, таълим, туризм йўналишлари ҳам ривожланмоқда. Икки давлат ўртасида ҳудудий саноат корхоналари касаба уюшмаларининг ҳамкорлиги жадал суръатда ривожланиб, ўнлаб меморандумлар имзоланмоқда, тажриба алмашиш механизмлари йўлга қўйилмоқда.

Ушбу учрашувнинг натижаси ўлароқ имзоланган Челябинск области ҳамда Тошкент вилояти касаба уюшмалари ҳамкорлик меморандумининг асосий йўналишлари меҳнаткашларнинг меҳнат ва ижтимоий, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.
Имзоланган ҳужжат мамлакатлар ўртасидаги ягона келишув эмас. 2017 йилда Наманган вилояти ҳокимининг Челябинск шаҳрига ташрифи доирасида Челябинск области губернатори Борис Дубовский билан ҳар томонлама ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди.
– Ҳамкорликдаги режалар ҳамда икки давлатнинг бир-бирига бўлган ишончи бизни қувонтирди, – дейди Челябинск области касаба уюшмаси раҳбари Николай Буяков. – Ҳаёт бир жойда қотиб турмайди ва ҳамкорликдаги фаолиятимиз мақсад сари янги нигоҳ ҳамда янги услубда ёндашишимизга имкон беради. Мақсадларимиз муштарак, режаларимиз бисёр. Мен Тошкент шаҳрига учинчи бор ташриф буюраётган бўлсам ҳам уни танимай қолдим. Тошкент янада гўзаллашяпти, ривож­ланяпти.
Икки томонлама ҳамкорлик меморандумини Челябинск области касаба уюшмаси раҳбари Николай Буяков ва Тошкент вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси раиси Мурод Носиров имзолади.

Муқаддас РАЗЗОҚОВА,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар