Ажойиб ишбилармонлар

228

Қуёнчилик ҳақида гап кетса, кўпчиликнинг ёдига «Ажойиб хаёлпараст» фильми тушади. Тажриба учун олиб келинган қуёнлар фильм қаҳрамони Ҳасаннинг эътиборини тез кўпайиши билан тортган эди. Шу тариқа тезда бойиб кетиш фикри ўша давр учун қизиқ туюлган бўлса-да, аммо бугун ҳақиқатдан ҳам қуёнчилик ҳар бир хонадон учун, ишбилармон кишилар учун ҳақиқий даромад манбаига айланиши мумкин.

Буни Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани «Деҳқонобод» МФЙда яшовчи Равшан Бозорбоев ўз фаолиятида яққол кўрсатиб берди. Аниқ мақсадли, ишга жон-жаҳди билан киришадиган ва яна режалари бир талай ғайратли тадбиркор «Сирдарё момиқ қуёнлари» фермер хўжалигини ташкил этиб, ишни соҳанинг сир-асрорларини ўрганишдан бошлаган. Тадбиркор узоқ йиллар чорвачилик билан шуғулланган, соҳани пухта ўзлаштирган. Қолаверса, мутахассислиги ҳам зоотехник, Тошкент давлат аграр университетининг зоотехния факультетини битирган, назарий билимга эга.
Икки йил бурун қуёнчиликка меҳри тушиб, Италиядан 110 дона­­ ­наслли қуён олиб келди.
– Қуён тез етиладиган ва кўп насл берувчи жонивор ҳисобланади, ­– дей­ди «Сирдарё момиқ қуёнлари» фермер хўжалиги раҳбари Равшан Бозорбоев. – Улар мазали, парҳезбоп гўшти, телпак, пўстин ва бошқа мўйнали кийимлар тайёрлашга ишлатиладиган териси учун боқиб кўпайтирилади. Гўшти бошқа уй ҳайвонлари ва паррандаларникига нисбатан камроқ холестерин сақлайди. Улар учун биргина мақбул микроиқлим яратиш билан чегараланмай, санитария ­шароити, ёритиш режими, қуёнхонага кислороднинг яхши келиши, қулай катак­лар ва яна кўп­лаб омиллар бўлиши талаб этилади. Битта қуён бир йилда 70 тагача кўпаяди. 75 кунда гўштга топширилади. Ундан ўтиб кетса, холестерин йиға бош­лайди. Парҳезбоп гўшт етиштириб, элимиз дастурхони тўкинлигига ўз ҳиссамизни қўшаётганимиздан хурсандмиз. Қуёнлардан олинадиган маҳсулотларнинг сифати тоза ва юқори бўлиши уларнинг сақлаш шароитига боғлиқдир. Қуёнларни катакларда сақлаш бош­­қа усуллардан кўра афзалроқдир. Чунки катакларда сақланган қуёнларда касаллик кам учрайди ва микроиқлим яхши бўлади.
Интилганга омад ёр, дейишади. Ҳозирда Равшан аканинг қуёнлари 6 мингтага етган. Шу кунгача 300 миллион сўмлик қуёнлар сотилди. ­Республикамизнинг барча жойларидан келиб, унинг қуёнларидан олиб кетиб кўпайтиришмоқда. Абдурашид Бозорбоев, Элдор Шерқўзиев, Алла Клапушко, Ғайрат Бобонов каби 12 нафар ишчи фермер хўжалиги юксалишида катта хизмат қилаётир.
Қўли очиқ, саховатли инсоннинг бири икки бўлиши азалдан бор гап. Равшан Бозорбоев ҳар йили маҳалладаги мактаб, боғчаларнинг таъмирлаш ишларига қарашади. Кам таъминланган оилаларнинг аҳволидан тез-тез хабар олади. Шунингдек, маҳалла ёшлари қуён боқиш сир-асрорларини фермага келиб ўрганишмоқда.
– Равшан Бозорбоевнинг фаолияти атрофдагиларга ибрат, – дейди Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Респуб­лика кенгашининг Сирдарё вилояти бўйича ­масъул ташкилотчиси Ҳайитбой Фармонов. – Кўпчилик у каби қуён етиштириш ҳадисини олиш учун маслаҳатини олишга келади. Тажрибали тадбиркор улардан бу борадаги илмини аямайди, йўл-йўриқ кўрсатади. Ишим юришиб кетармикан, деб иккиланиб ёнига келганлар эса қатъий қарор билан ортга қайтади.
Тадбиркор айни пайтда ­фаолиятини кенгайтириб, кўплаб и­шларни амалга оширишни кўнглига туккан. Яқин кунларда Россиядан технология келтириб, ундан фойдаланган ҳолда маҳсулотини чет давлатларга экспорт қилишни йўлга қўймоқчи. Бу яна янги иш ўринлари яратилади деганидир.
Фермер хўжалиги фаолияти билан яқиндан танишар эканмиз, ишига сидқидилдан ёндашадиган, камтарин, очиқ чеҳра Равшан акани шундай таърифлагимиз келди: ажойиб ишбилармон. Шундай тадбиркорларимиз кўпаяверсин.

Комила БОЙМУРОДОВА,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар