Крахмал энди ўзимизда ишлаб чиқарилади

318

Пойтахтимизда «Golden Corn»  крахмал-паток заводи иш бошлади

Мамлакатимизда ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш, импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар тайёрлашни ўзлаштиришга алоҳида эътибор натижасида энди крахмал ҳам ўзимизда ишлаб чиқариладиган бўлди.

Тошкент шаҳрида масъулияти чекланган жамият шаклидаги «Golden Corn» крахмал-паток заводи фойдаланишга топширилди. Унинг очилишида Тошкент шаҳар ҳокими в.б. Ж.Ортиқхўжаев иштирок этди.
Мазкур корхонада маккажўхори донидан крахмал кукуни, патока (крахмал қиёми), мальтоза ва мальтодекстирин олинади, қолган хомашёдан чорва ва парранда учун озуқа тайёрланади. Муҳими, ушбу корхона мамлакатимиздаги ушбу турдаги маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган ягона завод ҳисобланади.
Корхона Чилонзор туманидаги Саноат зонаси ҳудудида фаолият юритмоқда. Унинг ­лойиҳаси ўтган йили апрель ­ойида Президентимизнинг Чилонзор туманига ташрифи доирасида тақдим этилган эди.
Умумий қиймати қарийб 5 миллион АҚШ долларига тенг бўлган лойиҳанинг 2 миллион АҚШ доллари «Қишлоқ қурилиш банк» АТБ томонидан молиялаштирилди. Банк кредитига Хитойдан энг замонавий технологик ускуналар олиб келиниб, 10 турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилди.
Корхона раҳбари Шамсиддин Шукуровнинг таъкидлашича, лойиҳанинг дастлабки босқичида кунига 50 тонна хом­ашё қайта ишланиб, ўртача 35 тонна крахмал кукуни, у асосида эса қандолатчиликда энг муҳим хомашё ҳисобланадиган крахмал қиёми, мальтоза қиёми тайёрланмоқда. Шунингдек, саломатлик учун ниҳоятда фойдали бўлган жўхори ёғи ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бугина эмас – чорва учун ем, паррандачилик ҳамда балиқчилик учун озуқа ва биоқўшимчалар, ёғ-мой корхоналари учун иккиламчи хомашё тайёрланмоқда.
Айни вақтда корхонада 100 та янги иш ўрни яратилган. Лойи­­ҳа бўйича йиллик 19 200 тонна миқдоридаги маҳсулот – крахмал кукуни, патока, мальтоза ва мальтодекстирин ишлаб чиқариш қувватига эга. Мазкур лойиҳани амалиётга татбиқ этишда хорижлик мутахассислар малакасидан фойдаланилди, ҳозирда ишлаб чиқаришда ҳам улар иштирок этмоқда. Лойиҳа тўла қувват билан ишга тушгач, иш ўринлари сони 150 тага етади. Йилига салкам 20 минг тонна хомашё қайта ишланиб, ички бозорга 9,6 миллион АҚШ долларилик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар етказиб берилади.
Лойиҳа ташаббускорларининг айтишича, хорижликлар Ўзбекистон крахмалига катта қизиқиш билдирмоқда. Ҳозирданоқ қўшни давлатлардан буюртмалар туша бош­лади.

Маълумот учун айтиб ўтиш жоизки, жорий йилнинг ўтган даврида «Қишлоқ қурилиш банк» АТБ томонидан ҳудудларни ривожлантириш, янги ва истиқболли лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш учун 1,2 триллион сўмликдан зиёд инвестиция кредитлари ажратилган. Жорий йилнинг охирига қадар йирик аҳамиятга эга 400га яқин лойиҳани молиялаштириш мўлжалланган бўлиб, ҳозирда 300 дан ортиғи амалга оширилди. Мазкур завод ҳам ана шундай йирик лойиҳалардан бири бўлиб, унда импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.

Ўз мухбиримиз

Бошқа хабарлар