«Файз»нинг файзли кунлари

169

Сурайё ҳар куни эрта тонгда яхши кайфиятда ишга отланади. Иши ўзига жуда ёқади, буюртмаларини вақтида бажараётганини ўйлаб бир қувонса, топиш-тутишига барака кираётгани, рўзғори бутлигидан икки карра севинади. Сурайё ва ҳамкасблари Қўшкўпир туманидаги «Файз» хусусий корхонасида ишлаётганлигидан ғурурланганларича бор. Туман, вилоят миқёсида ўтказиладиган кўрик-танловларда корхонанинг номи зикр этилган махсус кийимларни кийиб, ўз маҳсулотларини фахр ила кўз-кўз қилиб туришлари ҳам шундан.

– Хусусий корхонамиз даставвал фирма сифатида 2001 йилда ташкил этилди, – дейди корхона раҳбари Гавҳаржон Матназарова. – Ўшанда атиги 3 киши бўлиб иш бошлаганмиз. 3 турдаги маҳсулот тайёрлар эдик. Ишонч билан олға интилдик, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган ислоҳотлар бизга қанот бағиш­лаб, муваффақият сари етаклади. Бугунги кунда ишлаб чиқараётган маҳсулотларимиз кириб бормаган хонадон йўқ ҳисоби. Кичкина фирма ҳозирда 31 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарадиган корхонага айланди. Эндиликда 20 нафар доимий ишчиси бор. Мавсумий ишловчилар ва ҳунар ўрганишга келадиган шогирдлар сафи ҳам тобора кенгайиб бормоқда. Ишлаб чиқариш суръати ортиб, йилига ўртача 600 миллион сўмлик тикувчилик маҳсулотлари ўз буюртмачилари ва аҳолига етказиб берилмоқда.
– Маҳалла аёлларига ҳунар ўргатиш, қолаверса, иш билан таъминлашда «Файз»нинг ҳиссаси катта, – дейди Қўшкўпир тумани хотин-қизлар қўмитаси раиси Н. Боймуродова. – Гавҳаржон опадан, қолаверса, фирмадаги моҳир чеварлардан ҳунар ўрганганлар бугунги кунда ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаб юборишган. Яна бир нарсани фахр билан тилга олсак арзийди – бугунги кунда тадбиркоримиз «Ҳунарманд аёл» уюшмасига ҳам раислик қилмоқда.
Кўпчиликнинг олқишига сазовор бўлаётган Гавҳаржон эса бундай кунларга етишиши сабабини юрт тинчлиги ва тадбиркорларга кўрсатилаётган эътиборда деб билади.
– 2013 йилда мурожаатимиз инобатга олиниб, «Ипотека-банк»нинг вилоят филиали томонидан 30 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилгани фаолиятимизни янада жонлантириб юборди, – ­дейди у. – Янги замонавий русумдаги тикув машиналари сотиб олдик ва шу йилнинг ўзида саккизта иш ўрни яратдик.
Корхона кўрсаткичлари билан танишганимизда ҳақиқатан ҳам ўсиш-ўзгаришлар йилдан-йилга ортиб бораётганини кузатдик. 2017 йилнинг 2 чорагига нисбатан 2018 йилнинг шу даврида маҳсулот ишлаб чиқариш 20 фоизга, савдо айланмаси 12 фоизга ортган. Банк кредити эса белгиланган режага асосан вақтида тўлаб келинмоқда.
Корхона раҳбари билан суҳбатлашсангиз режалари кўплигини айтади: ишчилар сонини янада кўпайтириш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги дастгоҳлар келтириш, пайпоқ тўқишни йўлга қўйиш, туман саноат салоҳиятини юксалтиришга ҳисса қўшиш ва ҳ.к.
– Биз тадбиркорлар учун қулай ишбилармонлик муҳити яратилмоқда, – дейди у. – Бундан фойдаланмай бўладими ахир?! Ишлайдиган, эл фаровонлиги, юрт тинч­лигига ҳисса қўшадиган пайт ҳозир.
Ўктам қиёфали, ўткир сўзли, шижоаткор аёл, албатта, кўзлаган мақсадига эришиши турган гап. Қолаверса, унга қанот бериб турган юрти, ишни дўндирадиган Сурайё Жумамуродова, Адолат Юсупова, Шаҳноза Рўзметова, Шодия Тўраева каби тикувчи шогирдлари бор.
Тадбиркор, азми қатъий инсонлар ҳаётда ибрат кўрсатиб яшаш билан бирга, юзлаб кишиларни ўз ортидан эргаштира биладилар. Келажакда Гавҳаржон Матназарова атрофида у сингари ўнлаб ишбилармон аёллар пайдо бўлишига шубҳа йўқ.

Комила БОЙМУРОДОВА,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар