«Ҳалол» стандарти нафақат бозор, балки тадбиркор учун ҳам муҳим йўналиш

665

Ҳалоллик — инсоф ва виждоннинг лўндагина ифодаси. Инсон зотининг асл тамойили ҳам ҳалол яшаш, шу руҳдаги давомчиларни вояга етказишга йўғрилган. Бугунги кунда ҳаёт тақозоси туфайли «ҳалол» тушунчаси турли жабҳаларда ўзига хос баҳолаш мезонига айланиб улгурди.

Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳамда ­Ислом давлатлари стандартлаштириш ва ­метрология­ инс­титути томонидан «Ҳалол» стандарти жорий этилиб, унга 57 та давлат аъзо бўлиб кирган. Муддао емак-ичмакдан тортиб турли маҳсулот ва хизматларнинг мусаффолигини таъминлашдан иборат. Бу хайрли ташаббусга эҳтиёж тараққиёт билан ёнма-ён одимлаётгани тобора равшанроқ кўзга ташланмоқда.
Юртимиздаги айрим тадбиркорлар ана шу тамға остида маҳсулот ишлаб чиқаришга анча олдин, аниқроғи, икки мингинчи йиллар бошида қўл уришгани эътиборга моликдир. Гарчанд бунга расман ижозат бўлмаса-да, «Ҳалол» белгисини, айниқса, гўшт, колбаса ва сосиска маҳсулотларига қўйиш одат тусига кириб улгурганди.
Шу ўринда санъат дарғаларидан бирининг хонадонидан олиб борилган телекўрсатув ёдга тушади. У киши эрталабки нонуштага икки дона сосиска истеъмол қилишини айтган ва сосискани кўрсатиб, мана «ҳалол» деб ёзиб қўйибди, дея истеҳзо қилганди.
Мана, бир йилдирки, мамлакатимизда ISO-22000 ва «Ҳалол» стандартлари расман жорий этилди. Бугунги кунда шу тамға остида маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишга талаб­лар ортиб бормоқда.
– «Ҳалол» стандартларининг жорий этилиши маҳсулот ишлаб чиқарувчиларга ўз бозорларини кенгайтириш имконини беради, – дейди Самарқанд вилояти стандартлаштириш ва мет­рология бош­қармаси мутахассиси Дилшод Ахтамов. – Мамлакатимизда мазкур стандарт талаблари асосида сертификатлаштириш Туркия давлатининг стандартлаштириш институти билан ҳамкорликда амалга оширилади. Сертификатланган маҳсулотлар «Ҳалол» сертификатланган маҳсулотларининг ягона реестрига киритилади ҳамда «Ҳалол» мувофиқлик белгисидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади.
Таъкидлаш жоизки, айни чоғда «Ўзстандарт» агентлиги икки томонлама ва кўп томонлама 33 та мамлакат билан ҳужжатлар имзоланишига эришган. Бу эса тадбиркорларимизга дунё бозорида ўз маҳсулотларини эркин сотиш имкониятини янада оширади.
– Мамлакатимизда жорий этилган «Ҳалол» стандартининг 5 тури ишлаб чиқарилаётган барча маҳсулотлар турини қамраб олиш имконини бермайди, – дей­ди вилоят стандартлаштириш ва метрология маркази ходими Азизбек Турдиев. – Ҳозирда жорий этилганлардан ташқари яна 8 та стандарт лойиҳа сифатида ишлаб чиқилган. Уни ривожлантириш бўйича ҳамкорликда ишлар олиб борилаётир.
Туризм жадал ривожланиб бораётган соҳалардан бири экани сир эмас. Айниқса, бу соҳага «Ҳалол» мувофиқлик белгиси берилгач, ривожланиш суръати янада ошди. Ўтган йили соҳада дунё бўйича даромад 126 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2020 йилда фойда уч баробарга, аниқроғи, 378 миллиард долларга етиши кутилаётир. Диёримизда ҳам «Ҳалол» туризмни ривож­лантириш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
– Бу йўналишда «Ўзстандарт» агентлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Дин ишлари бўйи­­ча қўмитанинг қўшма қарори қабул қилинган, – дейди Самарқанд вилоят туризмни ривожлантириш департаменти бош мутахассиси Зафар Мажидов. – Эндиликда «зиёрат туризми» ва бошқа йўналишдаги турис­тик саёҳатлар самарадорлиги кескин яхшиланиши кутилмоқда.
«Ҳалол» стандартининг ўзига хос талаблари бор. «Ўзстандарт» агентлиги томонидан тайёрланган қўлланмада бунинг барчаси акс этган.
Бизнес, бу изланиш, янгиликка интилиш демакдир. Жомбой туманидаги «Нишон бахт» корхонаси шу кунларда маҳсулотларини «Ҳалол» мувофиқлик белгиси остида чиқариш ҳаракатида. Мақсад – фаолиятни тўлалигича стандарт талаб­ларига мослаш. Бунда вилоятдаги ўндан ортиқ гўшт ва гўшт маҳсулотларини қайта ишлашга мослашган корхоналарнинг ҳам ҳамкорлиги лозим бўлади.
«Ҳалол» белгиси истеъмолчининг ҳам, бозорнинг ҳам талаби. Зеро, бу мақомга эришиш ҳар бир тадбиркор олдидаги улкан вазифа бўлмоғи керак.

Бошқа хабарлар