«Бу юртда қалбимиз яшайди»

406

Россия Қаҳрамони, генерал-полковник, Россия Давлат Думасининг Мудофаа қўмитаси раиси Владимир Шаманов бир гуруҳ синфдошлари билан Мирзачўл туманига ташриф буюрди. Шу туманда улғайиб, вояга етган, ҳаётга дастлабки қадамларини Гагарин шаҳарчасидан қўйиб, бир дунё орзу-умидлар билан жамиятда ўз ўрнини топишга интилган собиқ мирзачўлликлар – меҳмонлар ўз ташрифини «Мотамсаро она» монументи ҳамда афсонавий космонавт Юрий Гагарин ҳайкали пойига гул қўйиш маросимидан бошлади.

Устозга пешвоз чиқиш…

Меҳмонлар тумандаги 1-умумтаълим мактабида бўлиб, ўқувчи ёшлар, собиқ синфдошлар, мактабдош­лар ҳамда туман фаоллари билан учрашди. Дийдорлашув тадбирида сўзга чиққан В.Шаманов болалик даври, мактабдаги ўртоқлари, устоз­ларини хотирлаб ўтди. Ҳозирда ҳаёт бўлган устозларини бирма-бир бағрига босиб, уларга ўз совға-саломларини улашди. Учрашув давомида ҳаяжонли дақиқалар кўп бўлди…
Мартабали меҳмон минбарда сўзлаб турган пайт бирдан сўзини тўхтатиб, зал эшиги томонга юриб кетди. Кўпчилик бу ҳолатдан ҳайрон бўлиб, нималар содир бўлаётганини билиш учун ўрниларидан туриб кетди. Маълум бўлдики, В.Шаманов учрашувга бироз кечикиб, ҳассага таяниб кириб келаётган устози, 83 ёшли Анвар Хайрулинга пешвоз чиқаётган экан. Устоз-шогирд бир муддат бир-бирини бағриларидан бўшатмай туришди. Дийдорлашувдан беҳад қувонган В.Шаманов мактабда жисмоний тарбиядан сабоқ берган устозининг қўлтиғидан олиб, юқоридаги курсилардан бирига ўтқазиб қўйди.
– Мен жуда ҳам ҳаяжонланиб кетяпман, – деди минбарга чиқиб сўзини давом эттирган собиқ ўқувчи. – Бугун қардонларим, устозларим, яқинларим билан учрашишдан бошим кўкка етди. Ҳозир ҳамма ҳиссиётларимни сўз билан таърифлаб беришим қийин. Мактаб ва шаҳар билан боғлиқ унутиб бўлмайдиган хотираларим кўп. Шаҳарча таниб бўлмас даражада ўзгариб кетибди. Яшиллик, ланшафтлар, ободончилик ва бунёдкорлик ишларини кўриб, ҳавасим келди. Мен маълум муддат Ульяновск области губернатори бўлганман. Тажрибамдан бундай катта ўзгариш­ларни қисқа муддат ичида амалга оширишнинг ўзи бўлмаслигини яхши биламан. Бундай улкан даражадаги ўзгариш­лар учун Президент Шавкат Мирзиёевдан беҳад миннатдор бўлишимиз керак.

Адрасга бурканган аёл…

Учрашув давомида 40 йил мана шу мактабда рус тили ва адабиётидан дарс берган Людмила Кулешовани тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди. «Дўстлик» ордени соҳибаси Л. Кулешова собиқ ўқувчилари билан дийдорлашуви ҳақида тўлқинланиб гапирди:
– Бундай бўлишини ҳеч ҳам кутмагандим, тушга кирмаган ишлар бўлаяпти. Камтарона меҳнатимни юксак қадрлагани, эътибор ва эътироф учун давлатимиз раҳбаридан чексиз миннатдорман. Мен учун ҳамиша болалар бўлиб қоладиган ўқувчиларимни кўриб, улар қаерда бўлмасин – Ўзбекистондами, Россиядами, Кореядами, Қозоғистондами – уларнинг камолини кўриб, қувончим ичимга сиғмай ­кетяпти.
Учрашувга адрасдан чиройли либос кийиб келган Л. Кулешовани В.Шаманов «Устоз, юксак орден эгнингиздаги ўзбекона либосга жуда ярашди», дея яна бир бор қутлади.
Мактабга ўз эсдалик совғасини топширган қадрли меҳмон ўқувчилар ва мактаб жамоасига ўзининг дил истак­ларини билдирди.
Замонавий андозада қайта қад ростлаган мактабдаги учрашув ўқувчиларнинг турли миллатларнинг куй-қўшиқларидан иборат бадиий чиқиши билан якунланди.

Хонадонда…

Учрашувдаги энг ҳая­жонли дамлар В.Шаманов улғайиб воя­­га етган хонадонда кечди. Болалиги, оиласи билан боғлиқ хотиралар ёдига тушган меҳмон хотира ва қувонч кўз ёшларини яшириб туролмади. У ҳовлини бир сидра айланиб чиққач, ота-онаси, оиласи, қўшнилари билан биргаликда ўтган кунларини бирма бир эслади.
– Оилада 6 киши эдик, – ­дейди у. – Фарзандлардан энг каттаси мен эдим. Ота-онам бизларни қийинчилик билан катта қилган. Ўша пайтда шаҳарчада қирққа яқин миллат вакиллари яшар эди. Меҳмондўст, меҳрибон ўзбек қўшнимиз бўларди. У бизни нон ва ширинликлар билан жуда кўп меҳмон қиларди. Шу қўшнимизникига меҳмонга чиқишни яхши кўрардим. Оилавий дўст эдик. Эҳ, у дамлар…
Мактабни тугатиб, Чирчиқ олий танк қўмондонлик муҳандислик билим юртига ўқишга кириб, шу уйдан 3 сўм билан чиқиб кетганман. Таътилларда келиб турдим. Сўнг ҳаёт, тақдир, қисмат экан, Россияда фаолият юритдим. Мана, салкам қирқ йил деганда яна ўз уйимга келдим.

Яна келиш истаги…

Россия ва қозоғистонлик меҳмонларнинг Гагарин шаҳри бўйлаб саёҳати кечгача давом этди. Улар тикувчилик мажмуаси, кўп тармоқли туман поликлиникаси, қозоқ драма театри ҳамда янги қурилган бино ва иншоотлар билан яқиндан танишиб, Мирзачўлга — Гагарин шаҳрига яна келиш истагини билдиришди.

Алижон АБДУРАҲМОНОВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар