ЗАМОНАВИЙ БАНК ХИЗМАТЛАРИ МАРКАЗЛАРИ аҳолига қулайликлар яратмоқда

366

Президентимизнинг жорий йил 23 мартдаги «Банк хизматлари оммабоп­лигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан акциядорлик тижорат Халқ банки томонидан аҳоли ва тадбиркорларга банк хизматларини кўрсатиш бўйича бир қатор қулайликлар яратилмоқда.

2018 йил июль ойидан ушбу молия муассасасида ҳам мижозларга дастлабки рухсатларсиз ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатларсиз кириш ва банк хизматларидан фойдаланиши имконият яратилди.
Банкнинг юртимиздаги мавжуд барча туман ва шаҳар филиаллари тўлиқ қайта таъмирланиб, замонавий қиёфадаги «Банк хизматлари марказлари» ташкил этилмоқда.
Филиалларда «RECEPTION» фаолияти йўлга қўйилиб, мижозларга хизматлар бўйича дастлабки маълумотлар берадиган 195 та маслаҳатчи лавозими ташкил этилди. Хизмат кўрсатиш маданиятини ошириш, мижозларнинг эҳтиёжларини доимий мониторинг қилиш учун «Кюматик» русумидаги навбат кутиш тизими фаолият кўрсатмоқда.
Қарор ижроси доирасида 117 та филиалда «Банк хизматлари марказлари» фаолияти тўлиқ ташкил этилди. Қолган филиалларни ҳам фронт ва бек офисга ажратиш бўйича режа-график тасдиқланиб, унга асосан жорий йил якунига қадар яна 27 та филиалда шундай хизматлар ташкил этилиши режалаштирилган.
Яқинда молия муассасасининг Тошкент шаҳар Амалиёт бўлимида қурилиш ва капитал таъмирлаш ишлари олиб борилди. Бўлим замонавий техника воситалари ва мебель жиҳозлари билан таъминланди. Шунинг­дек, халқаро тўлов тизимларини бажарувчи кўп функцияли банкоматлар ўрнатилди. Бу эса жаҳон андозаларига мос равишда мижозларга замонавий, сифатли банк хизматлари кўрсатишни таъминлайди.
Шу билан бирга, бўлимда мижозларнинг дастлабки рухсатларсиз ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатларсиз бевосита хизмат кўрсатиш ҳудудига тўсқинликсиз киришига имкон яратилди. Дастлабки қабул қилиш маъмурият ходимларидан мавжуд банк хизматлари тўғрисида дастлабки маслаҳатларни берувчи «RECEPTION» хизмати йўлга қўйилди.
Шунингдек, бу ерда ўрнатилган электрон навбат ускунаси ёрдамида мижозлар навбатлари келишини олдиндан билиб туришади.
— Бу ерда янгидан ташкил этилган «Банк хизматлари маркази»нинг афзаллиги шундаки, банкка келган мижоз навбат кутмайди, — ­дейди Амалиёт бўлими шўъба мудири Фахриддин Очилов. — Яъни марказдаги универсал ходимларимиз банк фаолияти билан боғлиқ барча амалиётларни бажара олишади.
Маълумот учун айтадиган бўлсак, ушбу марказдаги юридик шахслар учун 5 нафар, жисмоний шахслар учун 7 нафар ходим томонидан бир кунда ўртача 700 нафарга яқин мижозга сифатли банк хизматлари кўрсатилмоқда.
— Олдинлари оддий коммунал тўловларини тўлаш учун ҳам соатлаб навбат кутиб қолардик, — дейди банк мижози Шаҳноза Ҳусанова. — Чунки авваллари оддий тўловларни қабул қилувчи ходим битта бўларди. Энди Халқ банкида барча қулайликларга эга бўлган «Банк хизматлари маркази» ташкил этилгани мушкулимизни осон қилмоқда. Сабаби, марказдаги банкнинг еттита универсал ходими банк билан боғлиқ барча ишларимизни қисқа муддатларда ҳал этишмоқда.
Молия муассасасида юридик шахсларга «Корпоратив Мобиль банкинг» ва «Интернет банкинг» интерактив банк хизматлари орқали кредит маблағини назорат қилиш ва сўндириш имкониятлари жорий қилинди. Ҳозирда «онлайн» режимида кредит бўйича маълумотлар смс-хабар шаклида юборилмоқда.
Қарор ижроси доирасида Халқ банки Россиянинг «Киви» банки билан «Контакт» тизимида Россиядан Ўзбекистонга картадан-картага пул ўтказмалари ташкил этиш бўйича шартнома имзоланди. Ҳозирда ушбу хизматни жорий қилиш бўйича техник ишлар амалга оширилмоқда.
Туркиянинг ЮПТ-халқаро пул ўтказмалари тизимини жорий қилиш бўйича шартнома имзолаш учун барча ҳужжатлар тайёрланмоқда.
Шунингдек, жорий йил давомида банкнинг Балиқчи филиалида «Улуғнор» минибанки ва Бектемир филиалида «Мустақиллик» минибанки ташкил этилиб, минибанклар сони 29 тага етказилди.
Россия ва Туркиянинг етакчи банклари билан ўзаро пул ўтказмаларини ишга тушириш учун ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда. Бугунги кунга қадар, Россиянинг «Сбербанк» ва «Киви» банкида Россия рублида корреспондент ҳисобварағи очилди.
Банкнинг барча филиалларида халқаро тўлов карталаридан нақд пулдаги чет эл валютасини ечиш механизми тўлиқ жорий этилди. Бунинг учун банк филиалларига 234 та валюта терминаллари ўрнатилди. Ушбу терминаллар орқали жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида жисмоний шахслар томонидан 1 725,5 минг АҚШ доллари нақд шаклда ечиб олинди. Банкоматларда нақд чет эл валютасини ечиш механизмини жорий этиш бўйича уларни қайта дастурлаш юзасидан тегишли ишлар олиб борилмоқда. Жорий йилнинг ноябрь ойига қадар 16 та валюта айирбошлаш шохобчалари вазифасини бажарадиган, 24 соат ишлайдиган банкоматлар харид қилиниб, жойларга ўрнатилади.
Шунингдек, мижозларга замонавий банк хизматларидан бири – микроқарз ажратиш хизмати жорий этилган бўлиб, сентябрь ойининг ўзида 1 200 дан ортиқ мижозга 10 миллиард сўмга яқин микроқарз ажратилди. Айни пайтда қарз олувчиларнинг тўловга лаёқатлилик даражасини аниқлаш юзасидан автоматлаштирилган «скоринг модели»ни яратиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Халқ банки томонидан «Xalq Mobile» мобиль иловаси ишлаб чиқилган. Унинг ёрдамида мижозлар Халқ банки филиалларида очилган Visa карталарига ўзларининг тўлов карталари орқали исталган жойда ушбу илова орқали онлайн конвертация қилишлари мумкин.
Шунингдек, мижоз ушбу илова ёрдамида ўз кредит тўловларини сўндириши ва кредит тўловлари ва омонатларига ҳисобланган фоизларни онлайн кузатиб бориши ҳамда жамғариб бориладиган пенсия таъминот тизимидаги ҳисобрақамлари ҳолати ва тушган тўловлар ҳақидаги маълумотлардан онлайн равишда хабардор бўлиши мумкин.

Сирасини айтганда, Халқ банки томонидан ташкил этилаётган замонавий банк хизмат турлари замирида аҳоли учун янада кўпроқ қулайликлар яратишдек эзгу мақсад мужассам.

Йўлчи АСАДОВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар