Кўлдаги хазина

289

Маълумотларга кўра, озиқ-овқат маҳсулотларининг кунлик истеъмол меъёрлари бўйича балиқ маҳсулотлари киши жон бошига йил давомида ўртача 11 килограмм этиб белгиланган. Таъкидлаш жоизки, гарчи юртимиз балиқлар кони бўлган табиий сув ҳавзалари – уммон ва денгизлардан йироқ ҳудудда бўлса-да, бу эҳтиёж қондирилмоқда. Энг муҳими, ўзимизнинг имкониятлардан келиб чиққан ҳолда.

Cўнгги пайтларда бозорларимизда, супермаркетларда, ҳатто, кичик савдо шохобчаларида ҳам балиқ ва балиқ маҳсулотлари кўпайди. Бу юртимизда истиқболли тармоқлар, хусусан, балиқчиликка қаратилган эътибор натижасидир.

Ҳаётбахш ҳужжат

Сирдарё вилоятида ҳам балиқчилик соҳасида кўплаб ишлар амалга оширилди. Бунда Президентимизнинг 2017 йил 1 майдаги «Балиқчилик тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори муҳим дастуриламал вазифасини ўтамоқда. Қарор асосида вилоятда «Сирдарёбалиқсаноат» МЧЖ ташкил этилди.
– Соҳани ривожлантиришга аниқ дастур асосида ёндашилаётгани натижасида вилоятда балиқ етиштириш ҳажми ортиб бормоқда, – дейди «Сирдарёбалиқсаноат» МЧЖ раҳбари Ўктам Раҳматиллаев. – «Ипотека-банк»нинг вилоят бўлими томонидан 51 та балиқчиликка ихтисослашган хўжалик юритувчи субъектга 23,5 миллиард сўмлик кредитлар ажратилган. Жорий йилда 4 та инвестиция лойиҳалари киритилиб, 105 минг АҚШ доллари миқдорида тўғридан тўғри хорижий инвесторлар ҳисобидан «Сирдарёбалиқ» МЧЖ, «Сирдарёбалиқсаноат» МЧЖ, «Янгиербалиқ» МЧЖ ва «MURAD BISNES LLC» МЧЖларига молиялаштириш режалари тасдиқланган.
«Янгиербалиқ» МЧЖ вилоятдаги тажрибали хўжаликлардан бирдир. Ҳудуди 1248 гектар майдонни эгаллаган. Бу ҳудуд вилоятнинг Мирзаобод тумани ва Янгиер шаҳарлари чегарасида жойлашган. Энг муҳими, ҳудуд ёшлари муқим иш ўрни билан таъминланган. Корхонада «Ипотека-банк»дан 1 миллиард 200 миллион сўм кредит олиш ҳисобига янги лойиҳа амалга оширилмоқда.

Чавоқдан товоққача…

Балиқчилик ривожи, энг аввало, унинг уруғчилигига боғлиқ. Албатта, юртимиз шароитида, қолаверса, интенсив усулда балиқлар увулдириғи табиий равишда етилмайди. Шу боис, махсус питомниклар фаолиятига эҳтиёж туғилади. Корхонада эндиликда инкубация, балиқ озуқаси ва қадоқлаш цехлари ишга туширилмоқда. Хўжаликда асосан оқ дўнгпешона, оқ амур ва маҳаллий зоғора балиқлари боқилади. Бу йил 700-800 тонналик маҳсулот олиш кутилмоқда. Маҳсулотлар ҳудуд аҳолиси ва қўшни вилоятларга ҳам етказиб берилади.
Хўжаликда 40 нафар ходим ишлайди. Улар балиқнинг чавоқдан товоққа етгунигача бўлган жараённи аҳилликда уддаламоқда.
– 7 йилдан буён шу ерда ишлайман, – дейди корхонанинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассиси Фирдавс Ўлмасов. – Йил ўтган сайин соҳага оид билимлар ҳам бойиб бораверар экан. Куннинг қай қисмида, қандай об-ҳавода балиқлар кўлнинг қаерида бўлиши, нима қилишаётганини яхши биламан. Қўшни Мирзаобод, Ховос туманларидан қатнаб ишловчи ходимларимиз бор. Ошхонамиз янги бинода жойлашган ва бу ерда ишчилар учун икки маҳал иссиқ овқат тайёрланади.

Ҳам даромад, ҳам саломатлик манбаи

– Балиқ гўшти маҳсулотлари нафақат даромад манбаи, балки саломатлигимизга ҳам таъсири кўп, – дей­ди «Янгиербалиқ» МЧЖ раҳбари Толиб Нурмуҳаммедов. – Соҳа мутахассисларининг таъкидлашича, организмнинг соғлом ўсиши учун инсон доимий равишда оқсил, ёғ ва углеводородга бой таомлар истеъмол қилиб туриши зарур. Бу борада балиқ маҳсулотларига етадигани топилмайди.
Яъни биз севиб истеъмол қиладиган балиқ гўшти маҳсулотларида оқсил моддаси ва инсон организмининг умумий ҳолатига ижобий таъсир этувчи А, В1, Д ҳамда Е витаминлар мавжуд бўлиб, организм учун муҳим бўлган моддаларни етказиб берувчи озуқа манбаи саналади. Айнан шунинг учун ҳам балиқ маҳсулотларини керагича истеъмол қиладиган инсонларда А витамини етишмаслиги билан боғлиқ кўз пардасига оқ тушувчи ва шапкўрлик касалликлари деярли учрамайди. Бундан ташқари, балиқ гўшт маҳсулотларидаги мавжуд аминакислоталар ёш организмнинг ўсишига ҳам ижобий таъсир этади. Шунингдек, олимлар томонидан суякли балиқларда сут эмизувчиларга қараганда инсулин миқдорининг кўплиги аниқланган бўлиб, амалда у қандли диабет касаллигидан азият чекувчи инсонлар учун фойдали ҳисобланади. Балиқ гўшти таркибидаги моддалар қон босимини бир маромда ушлаш, қондаги ортиқча моддаларни ҳайдаш, қандли диабет, бош оғриғи, бўғимлар яллиғланишининг олдини олиш билан бирга енгил ҳазм бўлувчи парҳез таом ҳисоблангани боис организм иммунитетини яхшилаб, хотирани мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Сирдарё вилоятида балиқчиликни ривожлантиришга қаратилаётган эътиборни, энг аввало, аҳоли фаровонлиги ва саломатлигини таъминлашга қаратилаётган эътибор дея эътироф этмоқ жоиз.

Комила БОЙМУРОДОВА,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар