МУҲТАШАМ МАЪНАВИЙ ОБИДА ёхуд мақом ва мақом фестивали ҳақида

51

Миллий мусиқа санъати, айниқса, мақом ва катта ашулаларда халқимиз қадриятлари, ҳаёт тарзи, серқирра маънавияти ўз аксини топган. Аммо кейинги пайтларда юртимизга турли мусиқий оқим ва маданиятларнинг кириб келаётгани туфайли айрим ёшлар мақом оҳанг­ларини унутаётгани ҳам ҳақиқат. Афсуски, улар орасида мақом оҳанг­лари ва пардаларини «эскича оҳанг», «чириган пардалар» деб баҳоловчилар ҳам йўқ эмас.

Бунинг оқибатида бачкана ижро, саёз оҳанг, савиясиз қўшиқлар кўпайиб бормоқда. Ўз навбатида, бу ҳолат бебаҳо мақоми, достонлари, халқона қўшиқларига эга бўлган халқимизнинг ҳаёт тарзи, маданияти ва маънавиятига сезиларли салбий таъсир кўрсата бошлагани ҳам бор гап.

Хайриятки, давлатимиз раҳбари ташаб­буси билан ўзбек мақом ижрочилигини янада ривожлантириш, уларни асраш, дунё миқёсида тарғиб қилишдек хайрли ишлар бошланди. 2017 йилнинг 17 ноябрида қабул қилинган Президент қарорида мақомларимизнинг шарқ ижрочилиги ҳамда бастакорлигидаги энг нодир услуб ва усуллари жамлангани, улар сўз-оҳанг уйғунлигининг бетакрор бадиий кўриниши экани алоҳида эътироф этилди.

Жаҳон мусиқашунос олимларининг мақом соҳасидаги илк тадқиқотлари академик Юнус Ражабийнинг «Бухоро шашмақоми» тўплами асосида амалга оширилган. Қолаверса, 1972 йилда Ўзбекистон давлат консерваториясида очилган «Шарқ мусиқаси» кафедраси «Анъанавий ижрочилик» бўлимининг ўқув дастурлари ҳам ­деярли Бухоро шашмақоми базасида тузилган. Ўтган даврда мақом бўйича амалга оширилган тадқиқотлар бугунги кунда илмий-мусиқий жамоатчилик мулкига айланди.

Шарқ халқлари мақомларини ўрганиб боришга ҳаракат қиламан. Кашмир мумтоз мусиқасини диққат билан тинглаш жараё­нида унда Бухоро шашмақоми, умуман, ўзбек мақомларидаги оҳангларга ўхшаш бўлган куйлар кўп эканига амин бўлдим. Очиғи, бундан ҳайратга тушдим. Бухоро шашмақоми мақомотнинг гултожи эканининг яна бир бор исботи – бу!

Президент қарорида мақом ижрочилиги ва назариясининг истиқболига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, авлодлар онги ва тафаккурида мақом оҳанглари, илмининг устуворлигини таъминлашда устоз-шогирд анъаналарини кенг йўлга қўйиш, мумтоз ижроларнинг архивини ташкил қилиш, мусиқий адабиётларни қайта нашр этиш, мусиқашунос олимларнинг илмий ишлари, китоблар ва рисолаларини нашр эттириш каби долзарб муаммоларнинг ечимига кенг йўл очиб берилган. Бу яхши, албатта. Чунки анча йил илгари умрининг салмоқли қисмини мақом ижрочилиги ва назариясини илмий асослашга бағиш­лаган жаҳонга машҳур мусиқашунос олим Отаназар Матёқубовнинг «Мақомот» китоби Японияда жуда обрўли халқаро мукофотлардан бирига лойиқ деб топилган эди. Буни кенг жамоатчилик, талабалар, ҳатто, айрим олимлар ҳам билмайди. Ўзим ҳам анча кеч хабардор бўлганман. Бу ҳолга соҳага эътибор ва тарғиботнинг сустлиги сабаб бўлган десам, адашмайман. Айни пайтда олимнинг мақом ижрочилиги ва назариясига доир бир нечта илмий китоблари нашрга тайёр. Уларни чоп эттириш, оммага танитиш ҳақда ким ўйлаши, қайғуриши керак? Бу каби чоп этилиши зарур бўлган мусиқий адабиётлар сони жуда кўп. Уларга қадимий мусиқий қўлланмаларни ҳам қўшсак, бажариладиган ишлар кўлами янада кенгаяди. Муаммолар кўп, саволлар ундан ҳам бисёр.
Президентимизнинг қарори биринчи нав­батда мана шундай муаммоларнинг илдизига болта ургани билан янада аҳамиятли. В.Успенский, Е.Романовская, Ғулом Зафарий каби забардаст мусиқашуносларнинг тадқиқот ишлари ва илмий баёзларини нашр қилиш, уларни тарғиб этиш вазифаси зиммамизда турибди.
Мақом ижролари архивини тузиш, фонотекалар ташкил қилиш ҳам ўта долзарб вазифалар сирасидан. Бу борада Санкт-Петербург, Лондон, Рига каби шаҳарлардаги фонограф архивлар билан изчил алоқалар йўлга қўйилса, айни муддао бўлур эди. Бундай алоқалар, биринчи навбатда, мақомлар оҳангларига амалий ва назарий яқинлашувимизни таъминловчи омил бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
Қарорга асосан миллий мақомларнинг халқимиз маънавиятида тутган ўрни, нуфузи ва бадиий мусиқий-фалсафий қирраларини олам аҳлига кенгроқ намойиш қилиш мақсадида Шаҳрисабз шаҳрида ҳар икки йилда мақом фес­тивалининг ўтказилиши белгиланди.
Илк мақом фестивалида дунёнинг ­кўплаб давлатларидан келган меҳмонлар қаторида миллий мақомларига эга бўлган деярли барча шарқ мамлакатлари вакиллари қатнашиб, ўз маҳоратларини намойиш этди. Гўзал ва бетакрор ижролари барчада улкан таассуротлар уйғотди. Буни бутун дунё эътироф этди.
Шу ўринда мазкур фестиваль билан боғлиқ бир-иккита таклиф ва мулоҳазаларни билдириб ўтсам: келгусида фестивалда намойиш этиладиган суратлар орасида воқелик ва манзаралардан мажоз ўрнида маҳорат билан фойдаланган миниатюрачи рассомлар, айниқса, академик рассом Алишер Мирзаев ижодига мансуб турли жанрдаги расмлар, Маъмуржон Узоқов, Жўрахон Султонов, академик Юнус Ражабийнинг ижодий салоҳияти акс этган турли шаклдаги суратларга кенгроқ ўрин берилса, яхши бўлар эди. Қолаверса, мақом оҳангларига боғланган ғазаллар маъноси акс этган тасвирлар кўпроқ яратилганида фестиваль мундарижаси янада кенгаярди.
Мақом ижрочилиги куй, ғазал, оҳанг, сўз уйғунлиги мўъжизаларидан иборат соҳир санъат ҳисобланади. Уларнинг ҳар бири ижрода намоён бўлади. Бу санъат унсурларининг бирортасига путур етса, қолганлари ҳам вайрон бўлади. Шу маънода мақом ижросида оҳангнинг тозалиги ва талаффуз аниқлигига алоҳида эътибор бериш зарур. Зеро, созанда ёки хонанда ижро этадиган асарини, аввало, ўзи яхши ҳис қила олиши керак. Аниқроқ айтганда, ҳис қилинмасдан ёзилган ёхуд ижро этилган ҳар қандай мусиқий асар, айниқса, мақом куйлари ёки ашулалари қоғоздан ясалган сунъий гулга ўхшайди. Буни доимо эсда сақлаш жоиз.
Сўз ҳақида айтилган ҳикматларнинг деярли барчасини оҳангларга ҳам татбиқ қилиш мумкин. Зеро, сўз улуғланган жойда оҳангнинг ҳам мартабаси ошади. Бинобарин, ҳар бир ашулачи, куйчи ўзи ижро этадиган ашула ёки куйлардаги сўз пардаларини бутунлигича ҳис эта олсагина умрбоқий ижро пайдо бўлади. Акс ҳолда, у ҳеч қандай таъсир кучига эга бўлмайди. ­Афсуски, фестиваль дастурларида ана шундай ижролар ҳам учради.
Яна бир мулоҳаза: концерт дастурларида мақомларнинг бирор шўъбаси ёки шохобчасини қисқартириш, монтаж жараёнида қирқиб ташлаш одат тусига кирган. Мазкур фестивалда ҳам мақом «кесилди». Тўғри, режиссёрлар кўп ҳолларда вақтдан унумли фойдаланиш, хилма-хил асарларни кўрсатиш, асосийси, бутун бир концертни ўзи ўйлаган воқеликка айлантириш ва асардаги яширин мусиқий рангларни акс эттиришга уринади. Аммо мақом оҳангларига сингдирилган воқелик ва туйғулар бир кишига эмас, балки башариятга тегишли. Шу маънода мақомлар муҳташам маънавий обида бўлиб, уларда тарих, ишқ фалсафаси, изтироб ва ҳижрон мужассам. Уларни кесиб бўладими?!
Албатта, мақомлар таркибида ҳар қандай воқеликни ифодалашга хизмат қила оладиган шохобчалар ёхуд куйларни истаганча топса бўлади. Лекин бу борада етти ўлчаб бир кесиш талаб этилади. Ғарбда бундай ҳолатлар кўп учрайди. Шу услубда ижро намуналари яратилади. Арасту даврида мусиқага саҳна безаги сифатида қаралган. Аммо бу Шарқ мусиқа оламига бегона. Шу сабабли мақомларни эфирга узатишда ҳам қатъий меъёрларга амал қилган маъқул.
Ўзбек мақомларининг яна бир нодир хусусияти шундаки, уларда куй алоҳида, ашулалар алоҳида қисмда берилади. Мақомлардаги чолғу куйларини «мақом ичидаги мақомлар» дейиш ҳам мумкин. Афсуски, фестивалда айнан ана шундай мақом куйларидан бирортасини эшитмадик. «Чўли ироқ», «Насруллойи» каби куйлар «Тошкент-Фарғона» мақом йўлидаги асарлар. Лекин улар «Чормақом» таркибига киритилмаган. Шундай бўлса-да, бундай куйлар ўзбек мумтоз мусиқасининг энг нодир дурдоналари ҳисобланади. Бунга ўхшаш куйларнинг фестиваль ва кўрик-танловларда кўпроқ ижро этилиши тарафдориман. Бухоро ва Хоразм мақомлари таркибидаги «Мухаммас», «Сақил»га ўхшаш мақом куйлари ҳам концерт дастурларига киритилса, фойдадан холи бўлмас эди.
Ўзбек мақомларини тўлиқ ривожлантиришда Шарқ мамлакатлари, айниқса, тожикистонлик мақом усталари билан узвий алоқалар боғлаш зарур, деб ўйлайман. Чунки «Тошкент-Фарғона» мақом йўлидаги ашулалар тожик санъаткорлари томонидан айнан ўша оҳангларда ижро этилади. Бухоро шашмақомининг ҳам барча шўъбалари Тожикис­тонда ўзига хос тарзда ижро этиб келинган. Бунда ижодий ёндашувлар хилма-хиллиги кузатилади, холос. Биз улардан, улар биздан ўрганиши лозим бўлган жиҳатлар борки, уларни ўзлаштириш, ижрога татбиқ этиш ҳар икки халқнинг ижрочилигини бойитади. Бу ҳақда узоқ гапириш мумкин.
Биринчи мақом фестивали бундай сабоқ ва ибратларга жуда бой бўлди. Дўстлик байрамига айланган сўз ва оҳанг базми санъат олами тарихида янги саҳифа очди. У қолдирган оҳанглар одамлар қалбида узоқ йиллар ўчмас нурли хотира бўлиб қолишига асло шубҳа йўқ.

Ўлмас РАСУЛОВ,
Ўзбекистон халқ артисти
Бошқа хабарлар