Пучга чиққан «режа»

45

Худаёр Қутлимуратов овул фуқаролар йиғини раиси вазифасини бошқачароқ тасаввур қилди чоғи, ишни ўринсиз кадр алмаштиришдан бошлаб юборди. У 2017 йил декабрь ойида Амударё тумани «Қипчоқ» ОФЙ оқсоқоли этиб сайлангач, фуқаролар йиғинида 2016 йилдан диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимида ишлаб келаётган Зулфия Матиякубова билан меҳнат шартномасини бекор қилди.

Режани амалга оширишда аввал котиба кўрсатмасига суянган раисга дарров «ҳамфикр, ҳамкор» ҳам топила қолди. Ўн йилдан буён Амударё тумани ҳокимлиги касабақўм раиси Махсет Садуллаев қалбаки йиғилишнинг сохта баённомасини оқсоқолга расмийлаштириб берди. «Ўзинг­ники ўзингга, ниш қадарлар кўзингга» деганлари шу бўлса керак. Хусусан, етакчи иш берувчи билан тузилган жамоа шартномасида белгиланган жавобгарликларни унутиб, маҳалла раиси билан «ош-қатиқ» бўлиб олди. Тумандаги 47 нафар маслаҳатчидан 36 нафарининг меҳнат шартномаси иш берувчи томонидан бир тарафлама бекор қилинганида ҳам ҳеч кимнинг мўртини болта чопмагани уларга «руҳ бағишлади», шекилли.
Қонун устуворлигига ишонган Зулфия Матиякубова Қорақалпоғистон касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасига мурожаат этди. Бирлашма мутахассислари шикоятни ўрганиб, Фуқаролик ишлари бўйича Амударё тумани судига унинг манфаатини кўзлаб даъво аризаси киритди. Ва… Афсуски, шикоят ҳаққоний ўрганилиб, адолат ўрнатилиши ва бузилган ҳуқуқ тикланиши таъминланмади. Суд даъвогарга рад жавоби бериш билан кифояланди.
Ариза Фуқаролик ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси судининг апелляция судлов коллегиясига ўтгачгина, муаммо ижобий ҳал этилди. Фуқаролик ишлари бўйича Қорақалпоғистон Респуб­ликаси суди томонидан биринчи инстанция суди қарори бекор қилинди ва Зулфия Матиякубовани лавозимига қайта тиклаш ҳамда мажбурий прогул кунлари, кўрган маънавий зарари учун 4 млн. 250 минг 233 сўм миқдорида компенсация ундириш тўғрисида қонуний ажрим чиқарилди.
Адолат қарор топди. Бугун Зулфия Матиякубова «Қипчоқ» овул фуқаролар йиғини Хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозимида фаолият кўрсатмоқда.

Полат ТУРСИНОВ,
Қорақалпоғистон касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси юридик
бўлими мудири

Бошқа хабарлар