Улуғ ёшда ҳам улуғ ишлар бошида

19

Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимизнинг илм-фан намояндалари билан учрашуви чоғида шундай деган эди: «Илм-фан билан шуғулланиш, янги кашфиёт ва ихтиролар қилиш игна билан қудуқ қазишдек гап. Шундай экан, бу машаққатли соҳада фидокорона меҳнат қилаётган олимларимиз меҳнати таҳсин ва рағбатга муносиб».

Ана шундай масъулиятли, машаққатли, айни пайтда шарафли ишга бутун салоҳиятини бахш этган олимлардан бири академик Назар Тўраевдир. Олим олтмиш йилдан зиёд илмий фаолиятида ғоят баракали ишлар қилди. Устоз фаолиятини илм билан боғлади: илм ва амалий тажрибасини халқ манфаати йўлида сарф этиб келаётир.
Олимнинг 7 та монография ва ўқув қўлланмалари, 300 дан ортиқ илмий мақолалари хорижда чоп этилган. Мазкур тадқиқотлар илмий жамоатчилик томонидан қизғин қўллаб-қувватланди. Унинг илмий раҳбарлигида 8 нафар фан доктори, 20 нафар фан номзоди тайёрланди.
Олим шогирдлари билан атом физикаси соҳасида бир­­инчи бўлиб инновацион технологияларга асосланган назарияни ишлаб чиқди. Бу кашфиёт кейинчалик «Тўраев эффектлари» номи остида физика фанига янги йўналиш сифатида кирди.
Кейинроқ академик минтақавий экологик муаммоларни физикавий усуллар асосида ҳал этиш устида бош қотирди. Хусусан, Тожикистон алюмин заводи чиқиндиларидаги газнинг таркиби, унинг экологияга таъсири, Сурхондарё вилоятида кўп кузатиладиган «афғон шамоли» ҳавода ҳосил қиладиган элементлар, уларнинг аҳоли ҳаёти ва қишлоқ хўжалигига зарари, бундан ташқари лазер нурларининг пахта ҳосилдорлиги, сифати ва тезпишарлигига таъсири каби долзарб изланишларни олиб борди.
Айни вақтда пахтачиликда кенг қўлланилаётган лазер нурлари ёрдамида ҳосилдорликни ошириш технологияси олимнинг истиқболли тадқиқотлари мевасидир.
Устоз бугун улуғ ёшда бўлишига қарамай, ҳамон изланишда. Ҳозир у Ўзбекистон Фанлар академияси илмий-ўқув маркази раҳбари сифатида тадқиқотчи ва ёш олимларга илмнинг инновацион йўналишлари, жаҳоннинг илғор фан ютуқларини тадқиқ этишда назарий ва амалий ёрдам бераётир.
Устознинг Термиз давлат университетига ректорлик даври алоҳида эътирофга лойиқ бўлиб, у ўн етти йил давомида ушбу даргоҳни ривожлантиришга салоҳияти ва илмини бахшида этди. Назар ака даставвал институтнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратиб, мутасадди идоралар эшигини қоқди. Мамлакатнинг эртаси мана шу масалаларнинг қандай ечим топишига боғлиқлигини тушунтира билди…
Бугунги кунда университетда малакали ва рақобатбардош кадрлар тайёрлашга эътибор берилиб, илмий-тадқиқот ишлари ва ишлаб чиқариш ўзаро уйғунликда олиб борилмоқда. Бунда ҳам домланинг хизматлари беқиёс, десак янг­лишмаймиз.
Айни кунлар академик учун янада қувончли ўтмоқда. Негаки, мамлакатимизда биринчи атом электр станцияси барпо этилаётир. Атом назариясига бағишланган илмий таж­рибасидан биладики, АЭС фаолияти нафақат аҳоли фаровонлиги, балки мамлакат иқтисодиёти, илм-у фани, техникаси, кадрлар салоҳиятида ҳам муҳимдир. Атом энергияси экологик тоза бўлиб, бундай станциялар ис гази ҳосил қилмайди. Унинг ишга туширилиши натижасида катта миқдорда табиий газ иқтисод қилинади, атмосферага карбонат ангидрид ва азот оксидлари чиқарилиши камаяди.
Мамлакатимизда олимлар эъзозланмоқда, илм-фанга чексиз эътибор қаратилмоқда. Бу ғамхўрликлар эса олимларни янги марраларга руҳлантириши, уларнинг масъулиятини ошириши табиий, албатта.
Донишмандлар дейди: «Инсон умрини мазмунли ва зиёда этадиган уч омил бор: хайрли амал, илм, қобил фарзанд». Назар Тўраевнинг оиласи ибрат олса арзигуликдир. Турмуш ўртоғи Роза ая оқила аёл. Оиладаги муҳит эса фарзандлар тарбиясига ҳам ўз таъсирини ўтказди. Фарзанд-у набиралар ҳам эл-у юрт хизматига камарбаста инсонлар бўлиб вояга етишди. Энг муҳими, қайси жабҳада ишламасин, эл корига яраш, юртни равнақ топтиришга ҳисса қўшиш нияти билан яшашда улар отасидан ўрнак олишган.
Ҳа, академик Назар Тўраев улуғ фазилат – фидойиликни ҳаётининг мезонига айлантирган. Бу эса шогирдларига, илм аҳлига, мухтасар айтганда, барча- барчага ибратдир.

Яшин ХЎЖАЕВ

Бошқа хабарлар