МУАММОЛАР ЕЧИМИ МУЛОҚОТЛАРДА Жамоатчилик комиссияси фаолияти Учтепа туманида давом этмоқда

62

Жамоатчилик комиссияси томонидан амалга оширилган ишлар, ишчи гуруҳининг ўрганишлари Учтепа туманидаги маҳаллаларда давом этмоқда. Айни вақтгача «Дег­рез», «Нишабариқ», «Шофайзибоғ», «Боғичинор», «Қор ёғди», «Бекобод», «Истироҳат», «Жарбулоқ», «Ўткир», «Хуршид», «Зулфизар», «Бешқайроғоч», «Оқмачит», «Қуйи Дархон», «Тақачи», «Кўркамобод» маҳаллалари аҳли билан учрашувлар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, «Маҳалла» ва «Нуроний» жамғармалари, Республика маънавият ва маърифат маркази, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат Жамоатчилик комиссияси қошида ташкил этилган ишчи гуруҳларининг маҳалла фаоллари билан ҳамкорликдаги ўрганишлари чоғида аниқланган муаммолар ва уларнинг ечими мутасадди ташкилотлар эътиборига ҳавола қилинди.
Жумладан, «Қор ёғди» маҳалласидаги Хондамир 1-тор кўчасида уйлар остидан ўтган ариқлар ёпилиб кетгани боис ёғингарчилик мавсумида сув тошиб, аҳолига ноқулайлик туғдирмоқда. Маҳалладаги 19-сонли мактабгача таълим муассасаси билан 75-умумтаълим мактаби оралиғида пиёдалар йўлаги йўқ. Маҳалла фуқароси Маъруф Усмоновнинг таъкидлашича, Якдил кўчасида оқова сув чиқиб кетиши учун мўлжалланган ариқларнинг ҳовлилардан ўтадиган қисми кўмиб ташланган, натижада ёғингарчилик бошланганида аҳоли сув тошқинидан жабр кўради. Бундан ташқари, маҳалладаги имтиёзли уй-жойга муҳтож, «прописка» масаласида қийналаётган фуқаролар ҳам ўз муаммоларига ечим истаб мурожаат қилишди.
«Бекобод» маҳалласида 13 та кўча таъмирталаб аҳволда. Бекобод 1-тор кўчасида эса электр энергияси тармоқлари аҳоли ва болалар учун хавфли ҳолатда. 3-тор кўчада хонадонлар олдидан ўтган оқова сув қувури атрофи чўккан ва ҳозирда йўловчилар ҳамда хонадон эгаларига ўтиб-қайтишда қийинчилик туғдирмоқда. Маҳалла фаолларидан бўлган Ислом бобонинг айтишича, маҳалла гузари қурилиши жуда чўзилиб кетди. Ишлар сусткашлик билан бажарилмоқда.
«Жарбулоқ» маҳалласи ҳудудидаги 6 та ички йўлларнинг 9 км.дан ортиқ қисми таъмирга муҳтож. Бу масала туман ҳокимлиги ҳамда Автомобиль йўллари давлат қўмитаси қошидаги «Тошкент шаҳар минтақавий йўллар буюртмачи хизмати» эътиборига ҳавола қилинди.
«Истироҳат» маҳалласида ёмғир сувларининг чиқиб кетишида муаммолар мавжуд. Айрим кўчаларга бетон ариқчалар ўрнатилмагани туфайли уй ертўлаларини сув босади. Шоир 2-тор кўчасида 2750 метр, Шоир 6-тор кўчасида 1850 метр, Шамсий кўчасида 4930 метр масофадаги йўллар яроқсиз аҳволга келиб қолган.
Маҳалла аҳли ҳудуддаги эски чойхонанинг ёнида бўш турган 5 сотихча ерда болалар майдончаси қуриш таклифини билдиришди. Ҳолатни ўрганиш, белгиланган тартибда майдонча қуриш учун ер ажратиш ҳамда лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрлаш ҳамда ҳомийлик ёрдами кўрсатиш бўйича туман ҳокимлиги, шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармаси, касаба уюшмалари Федерациясига тегишли топшириқлар берилди.
Маҳалла раиси Ниғматжон Рафиқовнинг маълум қилишича, мутасаддилар Мардлик ва Муаллим кўчаларини асфальт қилишга ваъда берган, аммо ҳалигача бу борада бирор амалий иш бажарилмаган. Ушбу ҳудудда ҳам оқова сувнинг чиқиб кетиш йўллари беркилиб қолган.
– Маҳалламиздаги 14 та кўчанинг ҳаммаси мукаммал таъмирга муҳтож, – дейди «Истироҳат» маҳалласида яшовчи Абдулҳай ота. – Пиёдалар йўлакчалари тўсиб қўйилган, бу аҳолининг кўчада хавфсиз ҳаракатланишига муаммо туғдиряпти.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ишчи гуруҳнинг ўрганишлари давомида «Истироҳат» маҳалласида уй-жой, ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож фуқаролар, уйини таъмирлашга қийналаётган оилалар борлиги аниқланди.
Ишчи гуруҳи аниқлаган ҳамда фуқаролар томонидан ўртага ташланган масалалар ечими бўйича туман ҳокимлиги, шаҳар прокуратураси, шаҳар ички ишлар бошқармаси, шаҳар «Электр тармоқлари корхонаси» АЖ, «Сувсоз» ДУК, туман ободонлаштириш бошқармаси, шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармаси, «Маҳалла» жамғармасининг туман бўлими, шаҳар халқ таълими бош бошқармаси, шунингдек, туман хотин-қизлар қўмитаси мутасаддиларига маҳаллаларда аниқланган масалаларни тўлиқ ўрганиш ҳамда ижобий ҳал этиш, кейинги мулоқотлар давомида халқ олдида амалга оширилган ишлар бўйича ахборот бериш вазифаси юкланди.

Аъзам АБУЛФАЙЗОВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар