Юракка малҳамни четдан изламанг!

35

Юрак – инсоннинг бутун танасини ҳаракатлантирувчи энг асосий аъзо. Ўз ўрнида жароҳат етган юракни даволаш шифокор учун ниҳоятда масъулиятли ва нозик жараён. Илгарилари «юрак касалликларини хорижда даволаш керак» деган гап-сўзларни тез-тез эшитиш мумкин эди. Ҳозир эса бу борада вазият мутлақо ўзгача. Энг мураккаб жарроҳлик амалиётлари ҳам ўзимизда бажарилмоқда. Шу боис қўшни давлатлардан юрагига малҳам излаб келаётганлар сони тобора ортиб бормоқда. Хўш, бунинг сабаби нима?

Аввало, мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларга устувор аҳамият берилмоқда. Мазкур йўналиш давлатимиз сиёсатининг туб мазмун-моҳиятини ўзида акс эттиради. Бундан ташқари, хорижда фаолият юритаётган малакали ватандош­ларимизнинг юртимизга қайтиб келиши учун кенг имконият яратилди. Шу вақтгача юзга яқин тиббиёт мутахассиси юртимизга қайтди. Улар орасида 12 йилдан буён Россиянинг А.Н.Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги марказида ишлаб келган малакали кардиохирург Рус­там Ёрбеков ҳам бор.
Айни пайтда у Республика ихтисослаштирилган кардиология марказида энг мураккаб жарроҳлик операциялари, хусусан, юрак томирлари фаолиятини тиклаш, юрак бўлмачаларини алмаштириш, туғма ва орттирилган юрак етишмовчилиги (пороги) каби амалиётларни муваффақиятли бажариб, кўплаб хасталарни ҳаётга қайтарди.
– 2003 йили Тошкент давлат тиббиёт институтини тамомлаганимдан сўнг Республика ихтисос­лаштирилган жарроҳлик марказининг магистратура йўналишига ўқишга кирдим, — ­дейди биз билан суҳбатда тажрибали кардиожарроҳ. — Очиғи, ўша кезлари кардиожарроҳлик юртимизда ҳозиргидек ривожланмаган эди. Амалиётлар кам ўтказилар, техника ва ускуналар етарли эмасди. Интернетдан фойдаланиш энди-энди урфга кираётган даврлар эди. Ижтимоий тармоқлар орқали Европа мамлакатлари тиббиёти билан таниша бошладим. Шунда дунё миқёсида кардиожарроҳлик соҳаси жадал ривожланаётганига амин бўлдим. Юракда ўтказилаётган операциялар, туғма ва орттирилган мураккаб юрак хасталикларини даволашдаги замонавий усуллар мени жуда қизиқтириб қўйди. Ана шу қизиқиш мени Москва шаҳридаги тиббиёт марказига етаклади. Чунки бу ерда сунъий қон айланиши билан очиқ юракда йилига беш мингдан ортиқ операция ўтказилади. Аспирантурада ўқиш билан бирга амалиётда ҳам тажриба ва билимимни оширишга киришдим.
Хорижда ишлаб юрганида, юртдошларимиз билан учрашувларда, ватан соғинчи жўш урганда Рустам Ёрбековга «Хориж тажрибасини эгаллаб, ўзга юртларда инсонлар ҳаётини сақлаб қолаяпмиз. Лекин қачон юртдошларимизга нафимиз тегар экан?», деган ўй тинч­лик бермас эди. Ниҳоят, у юртимизга қайтди. 2017 йилдан бошлаб ­Республика ихтисослаштирилган кардиожарроҳлик марказида ишламоқда.
– Юртимизга қайтишдан аввал «юрак жарроҳлиги соҳаси қандай аҳволда, замонавий операциялар учун шарт-шароитлар етарлими, энг муҳими, тиббиёт ходимларининг тайёргарлиги қай даражада экан?», деган саволлар мени ўйлантирар эди, — дейди у. — Чунки мураккаб юрак операцияларини амалга ошириш учун замонавий техника ва жиҳозлар ҳамда уларни ишлатишни яхши биладиган малакали мутахассислар талаб этилади.
Рустам Ёрбековни ўйлантирган муаммога ечим топилди. Ўтган бир йил мобайнида марказда кўплаб ўрта тиббиёт ходимлари қайта тайёрланди. Бугун улар мураккаб операцияларда иштирок этяпти. Ҳамширалар ҳам қисқа фурсат ичида тез тиббий ёрдам кўрсатиш кўникмаларини ўзлаштиришди. Боиси, шифокор операцияни бошқаради, аммо таъбир жоиз бўлса, унинг кўз ва қулоқлари, кези келганда, ўнг қўли ҳамширалардир.
Айни пайтда марказда 700 га яқин юқори технологияли кардио­жарроҳлик амалиётлари ўтказилаётир. Ушбу операцияларнинг кўпчилиги Ўзбекистонда биринчи марта амалга оширилган. Қувонарлиси, Республика ихтисос­лаштирилган кардиожарроҳлик марказига келтирилган тиббиёт ускуналарининг айримлари ҳатто Москванинг энг олди клиникаларида ҳам мавжуд эмас. Буни шу йилнинг сентябрь ойида марказга келган москвалик шифокорлар ҳам эътироф этишди. Қолаверса, жамоада ажойиб мутахассислар ва ўз ишининг фидойилари ишлайди.
Мамлакатимизда юрак операцияларининг барча тури амалга ошириляпти. Бунинг учун шароит, билим ва тажриба етарли. Яқиндагина АҚШнинг «Метроник» технологияси ёрдамида янги «MICSCAB» усули билан юракни даволаш йўлга қўйилди. Бу самарали усул ­дунёда бармоқ билан санарли мамлакатларда қўлланилади. Шу пайтгача дунё миқёсида юрак операциялари тўш суяги орқали 20-22 сантиметрлик кесиш усули билан бажарилган бўлса, «MICSCAB» усулида қовурғалар орасидан 6-8 сантиметрлик кесма кесиш кифоя. Қолаверса, олдинги операциялардан кейин бемор 3 ойгача қимирламай ётиши, ҳатто, йўталиши ҳам мумкин эмас эди. Янги усулда эса операциядан сўнг бемор бемалол суяна олади. Яранинг битишига қараб тезда оёққа туради. Айни вақтгача мазкур усул билан беш маротаба жарроҳлик амалиёти бажарилган бўлса, беморларда ҳеч қандай салбий асоратлар кузатилгани йўқ.
– Ишонч билан таъкидлаш жоизки, марказимиз ходимлари юрак соҳаси бўйича бундан-да мураккаб операцияни ҳам бажаришга тайёр, – дейди ­Рустам Ёрбеков. – Юрак хасталигига чалинганларнинг дардига малҳам бўлиш – бош вазифамиз. Барча саъй-ҳаракатларимиз шунга қаратилган. Олдимизда бажарилиши лозим бўлган анчагина ишлар бор. Демак, изланишда давом этамиз!..

Ҳаёт – инсонга ато этилган буюк неъмат. Унга бўлган муҳаббат эса баъзан юрагимизни қийнаб қўяди. Ана шунда юракларга дармон улашаётган фидойи шифокорлар жонимизга оро киради. Дарддан фориғ бўлган юраклар яна юрт, оила, ҳаётга муҳаббат ва садоқат руҳида бир зум тўхтамай уришда давом этади. Бу эса икки карра бахтдир!

Озода РЎЗИҚУЛОВА,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар