Қумликлар ҳам эътиборга муҳтож(ми?)

50

Сарлавҳани ўқиб, ҳайратга тушиш ҳеч гап эмас. Ахир, қум дегани кўп бўлса, уларни асрашнинг нима кераги бор? Аммо бу ўринда гап қумлар кўп бўладиган саҳро ва чўллар ҳақида эмас, балки улардаги табиий қумликлар – қум массивлари ва уларнинг экоолами ҳақида.
Аслида, табиатда ортиқча нарсанинг ўзи йўқ. Барчаси мувоназат асосида яратилган. Агар унга путур етса, кўплаб экологик муаммолар келиб чиқиши табиий. Жумладан, қумликлар борасида ҳам. Кейинги йилларда табиатга ноўрин, аёвсизларча муносабат қум массивларининг йўқолиб кетишига олиб келмоқда. Бу ҳолат Марказий Осиё минтақасида, айниқса, яққол кўзга ташланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Ботаника институти катта илмий ходими, биология фанлари номзоди Марҳамат МАТВАФАЕВА билан шу мавзуда суҳбатлашдик.

– Қумликлар ва саҳроларнинг қандай сеҳрли жиҳатлари бор? Айнан шу соҳани танлаганингизнинг боиси нимада?
– Қумликлар сир-синоатлар, мўъжизаларга бой маскан. Уларнинг номлари ҳам ўзига монанд: Каттақум, Етимқум (Сурхондарё вилояти), Ёзявон, Қорақалпоқ, Бўриқум, Қайроққум, (Фарғона вилояти), Тахтакўпир, Сам ва Матай қумлари (Қорақалпоғистон, Устюрт), Сундуқли (Қашқадарё вилояти), Қизилқум (Ёмонжарсой қумлари) ва бошқалар. Улар ўзига хос табиати, наботот ва ҳайвонот олами, қумларининг ­кимёвий таркиби, ранги, доначалариниг шакллари билан бир-биридан тубдан фарқ қилади.
Кўп йиллардан буён амалга ошираётган илмий тадқиқотларимиз шуни кўрсатмоқдаки, ҳозирги кунда қумликларимизнинг аксарияти ўзининг табиий мувозанатини буткул йўқотиш даражасига бориб етган. Масалан, Сурхондарё вилоятидаги Каттақум массивини олайлик. Унинг умумий майдони 1971 йилда 250 км.ни ташкил этган бўлса («Ўздаверлойиҳа» маълумотларига кўра), 2000 йилларга келиб 175 км. ҳозирги кунга келиб эса бор-йўғи 147 км. майдони қолган. Бошқача айтганда, Каттақум «Кичикқум»га айланиб қолди. Энг ачинарлиси, унинг флорасига путур етмоқда. Ўтган йил баҳор ойида Каттақум массивида бўлганимизда, бир чўпон билан суҳбатлашиб қолдик. Унинг ҳикоясига эътибор беринг-а:
– 50-60 йил илгари биз ёш бола эдик. Каттақумга келишга ҳайиқардик. Бу ерда оқ саксовуллар бўларди. Уларнинг орасида маҳлуқлар бор дейишарди. Ҳақиқатан ҳам, эчкиэмарларни кўрардик. Баъзан чорва молларига ҳужум қилганини эшитардик. Илонлар кўп эди. Ҳаттоки, кўзойнакли илон (кобралар) бўларди. Ҳозир уларни учратмайсиз. Саксовулларни-ку қўяверинг, бошқа буталар ҳам йўқолиб кетди. Қишлоқ аҳли қиш ойларида ёқиш учун саксовулни чопиб кетади. Яйлов сифатида чорва моллари қишин-ёзин бу ерда боқилади.

– Шу ўринда саксовул ҳақида тўлиқроқ маълумот бериб ўтсангиз. Уларнинг қумликларни асраш ва экологияга таъсири қанчалик муҳим?

– Саксовул кескин континентал иқлимга эга Марказий Осиё саҳроларига яхши мослашган ўсимлик. Унинг пояси текис бўлмайди. Шу сабаб номи «тарвақайлаган», «қинғир-қийшиқ» деган маъноларни англатади. Бу бутанинг илдизлари сув излаб, ўн метр чуқурликкача кириб кетади. Саксовул ўрмонлари илдизлари билан кўчиб юрувчи қумларнинг ҳаракатини тўхтатади. Масалан, қадимда саксовул экинлари Бухорони қум тўфонларидан сақлаб қолгани ҳақида маълумотлар бор. Саксовулни яна саҳрода сув изловчи, деб ҳам атайдилар. Чунки улар грунт сувлари юзага чиқадиган ерларда текис ва баланд ўсади. Кўпчилик ўсимликларнинг илдиз босими 5 атмосферагача, саксовул эса 100 гача бардош беради. Бундай куч билан у тупроқдаги намликни сўриб олади ва иссиқ ҳароратда ҳам қуриб қолмайди.
Хоразм воҳасининг ички қумлари бўлган Беговатқум, Мингбоғланқум, Қиличниёз­бошқум, Тузлиқум, Чуқурқумларнинг номлари тарих саҳифаларига муҳрланган. Аммо ўтган асрда уларнинг майдони ўзлаштирилиши натижасида буткул қисқариб, баъзилари, ҳаттоки, йўқ бўлиб кетди. (Хусусан, Урганч шаҳри яқинидаги умумий майдони 300-320 гектар бўлган Беговатқумнинг бугун фақат номи қолган).
Бухоро вилоятининг қумли массивларидаги оқ саксовул, қора саксовул, жузғун, қум партаклари каби чўл ўсимликларининг аёвсиз кесилиши оқибатида улар саҳро ичкарисига 60-70 км.гача чекиниб кетган. Бундай ҳолатларга Нукус шаҳри атрофидаги, Тахтакўпир, Тўрткўл, Беруний, Кегейли туманларидаги қум массивларида ҳам дуч келамиз…
Қумликлар буталар ва дарахтларсиз қолгач, шамол таъсирида қум барханларининг кўчиши натижасида қишлоқлар, йўллар, суғориладиган ерлар, ирригация тармоқлари қум остида қолиб кетмоқда. Фарғона водийсидаги Бўриқумда Қўқон шамоли натижасида уйлар ва йўллар қумга кўмилиб қолганини кўриш мумкин. Агарда вазият шу даражада мураккаб тарзда давом этаверса, қумлар ва у ерда ўсадиган қумсевар ўсимликлар ва қумларда яшайдиган жонзотлардан ҳам ном-нишон қолмаслиги мумкин

– Қумлар флорасида (псаммофил) эндем ва камёб, йўқолиб кетиш хавфи остидаги турлар борми?

­­– Бу борада ҳозиргача махсус тадқиқотлар амалга оширилмаган. Аммо уни ўрганиш экологик барқарорликни сақлаб қолиш нуқтаи назаридан долзарб масалалардан ҳисобланади. Тадқиқотларимиз натижасида қумларда қуйидаги турлар, яъни қандим (жузғун)нинг 5 тури – юмшоқ қандим, маттей қандими, Палецкий қандими, Бежирим қандим, Литвинов қандими, шунингдек, букригулли бўритикан, ингичкагулли бўритикан, Конолли қуёнсуяк, қизғиш кийик панжа, эгилган қулонқуйруқ, Туркистон дипкадиси, атиргулсимон пиёз, сирттан каби 24 та эндем ва камёб турлар ўсиши аниқланди. Уларнинг аксарияти Ўзбекистон «Қизил китоби»га киритилган.
Қумларда ўсадиган ўсимликларнинг шундай биологик хусусиятлари борки, уларни унумдор ерлар, адир ёки тоғлар, канал ёки дарё соҳилларига уруғидан ҳам, қаламчасидан ҳам экиб кўпайтира олмайсиз. Улар фақатгина қумларда ўсади, шу боис уларни қумсевар (псаммофил) ўсимликлар деб аталади. Ботаник олимлар лаборатория шароитида қум ўсимлик­ларининг ҳар хил турларини уруғидан экиб, ўстириш бўйи­­ча илмий тадқиқотлар олиб борган. Аммо қумсевар ўсимликлар ўз табиий қонуниятларини ўзгартирмаган. Бу табиатнинг ўз қонуниятларини яратишидан далолатдир.

– Асримиз бошида Марказий Осиёда «Оролқум» деган табиий комплекс пайдо бўлди. Бу ердаги бугунги экологик вазият ҳақида фикрингиз қандай?

– Оролқум – инсониятнинг она-табиатга шафқатсизларча муносабати туфайли вужудга келган, майдони 5 минг гектардан ортиқроқ тузлар ва қумлар саҳросидир. Бу чўл нафақат Марказий Осиё, балки ер юзида пайдо бўлган ёш табиий комплексдир. Ҳозирда Орол денгизининг тубидан кучли шамоллар туфайли кўтарилган тузлар ва қумлар бутун Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларининг унумдор ерларига катта талафот етказаётгани сир эмас. Оқибат шуки, Амударё қирғоқларидаги тўқайлар, қамишзорлар, туронғиллар – «яшил олам»га хавф туғдирмоқда.
Оролқум ҳам ўз табиий қонуниятидан келиб чиқиб, ўз экотизимини йиллар, асрлар давомида яратиб бораверади. Бугун Оролқумдан кучли шамоллар таъсирида кўтарилаётган тузлар ва қумларни тўхтатиб қолиш учун қўлимиздан келадигани – фитомелиоратив ишларни олиб боришдир, холос. Бунинг учун шўрхок, қумсевар дарахт ва буталар, кўп йилик ўсимликлар турларини кўз қорачиғимиздай асраш, кўпайтириш билан самарали натижаларга эришиш мумкин. Фитомелиорация қумларнинг устини қоплайди, йиллар ўтган сайин улар янада мустаҳкам илдиз отиб, қумларнинг кучли шамоллар таъсирида кўчишига йўл қўймайди. Демак, табиий тикланиш жараёнлари тикланиб боради.

Озода БЕКМУРОДОВА
суҳбатлашди.

Бошқа хабарлар