Кичик ҳикоялар

93

Оғриқли учрашув

Мен уни ўн етти ёшимда учратдим. Автобусда. Онам бир дам унга, бир дам менга қарар, ниҳоят кўзларини дераза ортидаги манзарага тикди-да:
– Шу эди… менга доялик қилган аёл, – деб шивирлади.
Вужудим кўзга айланди. Шарпадек аёл сари одимладим.
– Қўлингиздан ўзим тушиб кетганмидим?
Овозим шунчалик паст чиқдики, у мени эшитмади. Автобус тўхтади ва у бекатда тушиб қолди. Оқсоқланмасликка тиришиб жойимга қайтдим…

НОДИРАБЕГИМ

Тоға

У – обрўли одам. Университетда дарс беради. Фан доктори. Давраларнинг тўри, мақтовларнинг зўри уники. Тенгқурлари орасида биринчи бўлиб унга сўз берилади, табриг-у тилакларни ҳам биринчи бўлиб шу инсон айтади. Меҳмонга борадиган бўлса, уйнинг тўри унга. Тағин «бизда шу бел йўқ-да…» деб иккита ёстиқни олиб, дарров ёнбошлаб олади-да, гурунг бераверади. Бу олимнинг суҳбатлари-да обрўсига яраша…
Аммо у фақатгина бир жойда уйнинг тўрига ўтмайди, ёнбош­лаб ҳам ўтирмайди. Бу – тоғасининг уйида ва тоғасининг олдида…

Холиёр САФАРОВ

Ўрнак

Ўғлини ёнига ўтқизиб, китоб ўқиш фойдаси, турфа хил виртуал ўйинларнинг зарарли томонларидан бир соатлар чамаси ваъз ўқиган «замонавий» ота телефонига эндигина юклаб олинган янги ўйинини ўйнаганча, нариги хонага кириб кетди…

Камолиддин ШУКУР

Ҳавас

Кичкина болакай йўлда йиқилиб тушди.
Ўрнидан шарт турди-да, кулиб қўйди.
Бир одам унга яқинлашиб чўнтагидан пул чиқазиб, узатди.
– Ўғлим, бир дуо қил, мен ҳам сендек бўлиб юрай.
Онаси беихтиёр ҳалиги кишига қараб деди:
– Ака, нимага ундай қиляпсиз?
– Ўғлингизга ҳавасим келди, йиқилгач ўз кучи билан ўрнидан турди, ҳам кулиб қўйди.

Нуриддин ЗИЁ

Ёндошлик

Сўри. Чол ва кампир. Ботаётган қуёш қизғиш шуъла сочади.
Хаёл оғушидаги чол лабини чойга куйдириб олди. Кулимсиради:
– Бу ўтиришимиз ажаб-да, кампир. Аввал икков эдик. Бир этак фарзандларимиз бўлди. Бир-биридан кам бўлмади – ўқишди, ўрнини топишди. Энди қизимиз қизли, ўғлимиз ўғилли…
– Кейин-чи, хўш?
Чоли гапини ярмида тўхтатиб қўйганидан инжикди кампир.
– Кейинми… Кейин… Кейин яна икков қолдик. Бошда ҳам икков эдик, охир ҳам икков…
Кампир-да жилмайди. Сезди: чоли ҳам ўзидек фарзандларини соғинибди.
– Омон бўлишсин, шу ҳафта келиб қолишар, − деб қўйди оҳиста.

Байрам АЛИ

Яхшилик

Ҳайдовчини тўхтатган йўловчи зирқираб турган ориятнинг ҳазин оҳангида минг хижолатпазликда йўл киранинг ярмини узатиб деди:
– Шугина қолганди…
Ҳайдовчи йўқ маъносида бош силкиб газни босди.
– Тўхтанг! Олинг, шу йўловчини, мана йўл ҳақи.
Машина ичидаги киши пул узатди.
Ўн метрга юриб борган машинани қалтис тўхтатиб ҳайдовчи ҳалиги йўловчини чақирди.
– Келақол, майли.
Ёш йўловчи қимтиниб ўтиргач пулини узатди.
– Олиб қўй…
Ҳайдовчи ойна орқали олдинроқ пул тўлаган кишининг кўзларига қараб «Сен учун тўлашди» деб ишора қилмоқчи эди, бироқ у кишининг кўзлари йўқ ишорасини қилиб ёнди ва ҳайдовчининг тили бошқача айланди:
– Олиб қўй, талаба экансан.
Сукут бошланди.
Кейинги бекатда ўша сирли киши тушиб кетди.
– Бу киши қариндошинг эдими?
– Йўқ…
Талаба саволнинг мантиғига тушунмади.
– Шунчаки, айтдим-қўйдимда. Эътибор берма.
Ёш йўловчи манзилга етганда деди:
– Раҳмат сизга, яхши одам экансиз.
Ҳайдовчи бир хўрсиниб олди-ю, бироқ гапирмади. Гапиролмади.

Бобур НУСРАТОВ

 

Бошқа хабарлар