Айб фақат ҳокимиятдами?

60

Газетанинг шу йил 22 сентябрь сонида чоп этилган «Безакларни ғарблаштириб, ўзликни ғариблаштирманг» сарлавҳали мақолага Маданият вазирлигидан қуйидагича муносабат билдирилди:
«Мақола жамоа билан биргаликда ўқиб, муҳокама қилинди. Кенгроқ олиб қаралганда, ҳар бир миллатнинг миллий бренди, албатта, унинг тарихи, бугуни ва келажагига дахлдор бўлиши лозим. Шу боис, мақолада келтирилган фикрларга қўшилган ҳолда, муаллиф томонидан танқид остига олинган белгилар Тошкент шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан ўрнатилгани ва бу масалада шаҳар ҳокимлигига мурожаат этишни тавсия қиламиз».

Озодбек НАЗАРБЕКОВ,
Маданият вазирининг
биринчи ўринбосари

PS: Машҳур турк ҳажвчи ёзувчиси Азиз Несиннинг «Мушт кетди» номли ҳажвияси бор. Унда юқоридаги раҳбаридан гап эшитиб келган кичик раҳбар ходимини обдан тергаш орқали хумордан чиқади. Ходим аламини уйга келиб, аёлидан олади. Аёл фарзанди, бола эса мушугини уриб ҳовуридан тушади. Айрим мутасадди ташкилотлар ва ­масъул раҳбарларнинг ­муаммони ҳал қилиш ўрнига уни бир-бирига «узатиш» билан шуғулланаётгани беихтиёр ана шу ҳангомани эсга солади. Маданият вазирлигининг жавоб хати ҳам моҳиятан шу мазмунда. Чунки унда мақолада баён этилган муаммо шаҳар ҳокимлигига тааллуқли экани билдирилган. Хўш, бунинг нимаси ажаб­ланарли дерсиз?!
Гап шундаки, Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахтнинг айнан маданий қиёфасини кўрсатадиган бу белгиларни ўзбошимчалик билан ўрнатган ҳам дейлик. Буни тўғрилашга Маданият вазирлиги бефарқми? Қолверса, шаҳар ҳокимлиги йўналиши бўйича вазирлик билан ҳамкорлик қилмайдими? Нима, Маданият вазирлиги фақат концерт ва томоша ўтказишга масъулми?
Таҳририят мақолада баён этилган муаммони вазирликка йўллаш орқали уни ҲАЛ ҚИЛИШ учун амалий ёрдам кутган эди. Афсуски, вазирлик муаммога ечим излаш ўрнига уни бўйнидан соқит қилиш билан чекланган, холос. Сиз бунга нима дейсиз, газетхон?

Бошқа хабарлар