Аёл нега қўлига пичоқ олди? Ваҳоланки, бу қўллар ширин таом тайёрлаш учун яратилмаганми?

213

Пичоқ одатда ошхонада ширин таом тайёрлаш учун ишлатилади. Бироқ бугун ижтимоий тармоқларда кун-кунора аёл ўз яқинларига тажовуз қилиш мақсадида қўлига пичоқ олаётгани ҳақидаги хабарларни ўқиш мумкин. Бу қаерда содир бўлишидан қатъи назар, сергакликка, бафуржа ўйлашга ва тезкор хулосалар чиқаришга ундайди. Чунки интеграциялашув замонида анъана ва қадриятлар, яхшилик­лар ва ёмонликлар шу қадар тез уйғунлашиб кетяптики, «бу бизга хос ёки хос эмас», деган фикрни айтиш анчайин мушкул бўлиб қолмоқда. Ўз-ўзидан савол туғилади: хорижлик аёлнинг бирон ёмон қилмиши ҳақидаги ахборотни эшитганимизда «аёлларимиз бу иллатдан йироқ» деб ишонч билан айта оламизми? Буни тан олишимиз қийин, бироқ «касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади» деганларидек, ён-атрофимизда содир этилаётган айрим воқеалар ҳар бир ҳолатга реал ёндашув ва хулоса кераклигини кўрсатмоқда.

Маълумотларга кўра, жорий йилда Хоразм вилоятида аёллар томонидан 3 та қотиллик, 2 та қасддан баданга ўртача оғир ва 6 та қасддан баданга енгил тан жароҳати етказиш жиноятлари содир этилган. Масалан, ҳазорасплик Ойжон (исм-шарифлар ўзгартирилган) исмли аёл Ражаб Ботиров билан никоҳсиз яшаб келган. У эрини қўшниси Муҳибадан рашк қилиши оқибатида аёлга пичоқ санчган. Оқибатда Муҳиба 27 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Ўттиз ёшли Ойжон эса ўн йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Бу аёл касб-ҳунар коллежини тамомлаган бўлишига қарамасдан, бирон ҳунарни эгалламаган. Никоҳсиз турмуш кечириш оқибатида Ражабга қарам бўлиб қолган. Дунёқараши торлиги, билимсизлиги туфайли жамият билан фаол муносабатга кириша олмаган аёл турмуш ўртоғи билан юзага келган муаммоларга қандай ижобий ечим топишни билмай гуноҳи азимга қўл урган.
1986 йилда туғилган, 3 нафар фарзанднинг онаси Гулноз Мамасолиева эса ўзининг қўшниси билан ишқий муносабатларидан хабар топган турмуш ўртоғини ўлдириш эвазига муаммони ҳал қилмоқчи бўлган. Эндиликда у ҳам қамоқда. Фарзандлар эса етим бўлиб қолди. Бу аёл ўз қилмиш­ларини эрининг эътиборсизлиги, уни азоблаб келгани билан хаспўшламоқчи бўлди. Лекин бу важлар аёлни кечириш учун асос бўла олармикан? Мақсадимиз ҳам кимнидир оқлаш ёки кечиришга ундаш эмас, жиноят сабабларини аниқлаш орқали ўзгаларни ушбу қилмишдан тийилишга чақириш!.
«Инсон ўта қашшоқлиги ёки ўта бойлиги учун жиноят содир қилади» дейишади. Наҳотки, шу тўғри бўлса?! Ахир, оғир уруш йилларида момоларимиз бир бурда нонга зор бўлиб яшашган-ку! Улар на ўзга, на ўзининг жонига қасд қилишни хаёлларига келтиришган.
Буюк аллома ва мутахассисларнинг фикрича, жиноятга ундовчи асосий омиллардан бири, бу маънавиятсизликдир. Моддий эҳтиёжларнинг ошиб кетиши, «эркин дунё» эшикларининг барчага бирдай очиқлиги, инсоннинг обрўси унинг уй-жойи, машинаси билан баҳоланиши, зиёли инсонларнинг қадрсизланиши кўпчилик, айниқса, аёлларнинг нафси ҳакалак отишига, ўз ҳирсининг қулига айланишига олиб келди. Замона тезкорлигини баҳона қилиб, ўз иқтисодий имкониятларини кенгайтириш мақсадида одамларнинг топиш-тутишга ҳаддан ташқари берилиши уларни атроф­дагилардан узоқлаштирди. Бир-бирига эътиборсизлик кучайди.
Ҳадисларда айтилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Қайси бирингиз бир мункар ишни кўрса, қўли билан қайтарсин. Бунга қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин. Бунга ҳам қодир бўлмаса, дили билан қайтарсин. Аммо бу энг заиф иймондир».
Кейинги пайтларда биз ножўя ишларни фақат дилимиз билан қайтарадиган бўлиб қолмадикми? Қўшнимиз ёки қариндошларимиз хато қилаётганини кўриб туриб, индамаймиз. «Шу гап мендан чиқмасин» деган ўй билан яранинг газак олишига йўл қўйиб берамиз. Ғишт қолипдан кўчгач, «Мен буни олдиндан билардим, бунинг оёқ олиши бошқача эди» дегувчилар кўпаяди. Агар шундай экан, нега оғир оқибатларнинг олдини олишга ҳаракат қилмаймиз?
– Яқинда қабулимга бир аёл келди, – дейди невропатолог шифокор Элбек Болтаев. – Аёл кучли бош оғриғи, уйқусизлик, тез-тез асабийлашиш, хаёлига ёмон ўй-фикрлар келишидан шикоят қилди. Ҳали келин бўлиб тушганига кўп бўлмаган. Суриштирсам, қайнонаси турли баҳоналар билан уни эрига ёмонлаб, уйида ҳар куни уруш-жанжал чиқарар экан. Онанинг гапига кирган ўғил келинни калтаклашдан ҳам қайтмас экан. Бемор аёлдан ҳозир нимани ҳис қилаётганини сўрасам, шундай жавоб берди: «Қани, замон кўтарса, қайнанамни отиб ташласам!». Ё тавба?!. Ундан бу жавобни кутмаган эдим.
Кейинги пайтларда жиноят оламида аёлларнинг иштироки, афсус­ки, кўпайиб бормоқда. Статистика маълумотларига кўра, дунё бўйича барча жиноятларнинг 12,5 фоизини аёллар содир қилар экан. Менимча, аёллар жиноятининг энг асосий сабаб­лари қуйидагилардир: аёллар руҳий мувозанатининг бузилиши, улардаги иқтисодий танглик ҳолати, оилавий келишмовчиликлар ва сурункали стресс ҳолати, шахсий ҳаётининг йўлга қўйилмагани, ёлғиз оналарда болаларини боқиб катта қилиш олдидаги қўрқув ҳисси. Аёллар эркаклардан кўра тирикчилик олдида кўпроқ ваҳима ва тушкунликка тушади, яна уларда депрессия ва невроз касалликлари ҳам кўп учрайди. Шундай пайтларда аёлнинг ёнида унга тўғри маслаҳат ва далда берадиган инсоннинг йўқлиги аёллар жиноятининг психологик сабабларидан биридир. Ҳар қандай жиноятнинг асл илдизи оиладаги муҳитга бориб тақалади. Жиноятларни одоб-ахлоқ, таълим-тарбия тўғри йўлга қўйилмаган хонадон вакиллари содир этади. Зеро, «қуш уясида кўрганини қилади».
Шифокорнинг мулоҳазаларидан сўнг «аёллар ночорлик оқибатида жиноят содир қилади», деган фикр пайдо бўлди. Гарчи, конституциямизда аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилиги кўрсатилган бўлса-да, амалда гендер тенглик масаласи ҳал қилинмаган. Оилаларимизда ҳанузгача аёлларга паст назар билан қараш ҳолатларининг сақланиб қолинаётгани уларни ночор ва тажавузкор қилиб қўймаётганмикин? Ўзини хорланган, таҳқирланган деб ҳис қилиши оқибатида аёл «куч»ини кўрсатиб қўйишга мажбур бўлади. Кўпчилик аёллар ўз аламларини фарзандларидан олади. Ўз бахтсизликларини норасидаларни калтаклаш орқали бартараф қилишга уриниш қанчалик тўғри? Дардини ичига ютиш – миллатимиз аёлларига хос одат. Муаммони атрофдагилар билан бўлишиш кўникмасининг йўқлиги оқибатида ўз-ўзини «кемириб», асабларини емириб қўйган аёл жаҳлга эрк беради ва… Бунинг оқибатида эса бутун бошли оила дарз кетади, неча инсонларнинг умри ҳазон бўлади.
Келинг, яна бир саволга биргаликда жавоб излайлик: Аёлларга нисбатан кечиримлимизми? Бирон эр хотинига хиёнат қилса, аёл уни тушунишга ҳаракат қилади, аксарият ҳолларда кечиради ҳам. Бироқ, шу ишни аёл қилса-чи? Ҳали бирон эркак киши бундай қилмишни кечирганини эшитмаганмиз. Қизлар билиб-билмай хато қилса, уни тўғрилашга ёрдам берамизми? Аксинча, ундан юз ўгирамиз. Бундай муносабатлар ҳам аёлларни ўз хатоларини жиноят билан яширишга мажбур қилмаяптимикан? Янгибозорлик Б.П. ноқонуний муносабат оқибатида ҳомиладор бўлиб қолади. Буни оила аъзоларидан яширишга ҳаракат қилади. Вақти-соати етиб, уйида қиз фарзандни ­дунёга келтиради. уни ўлдириб «бош оғриғи»дан халос бўлдим, деб қаттиқ янглишади. Аёл ҳозирда қилган жинояти учун жазо ўтамоқда. Ваҳоланки, у хатосини ўз вақтида англагани, уни кечиришларидан умидвор бўлганида, бундай жиноятга қўл урмасди.
Тан олиш керакки, бизда шу пайт­­га қадар аёллар муаммоларини ҳал қилишнинг миллий механизми яратилмаган эди. Шу йил 2 июлда «Ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди. Ушбу қарор асосида жойларда низоли вазиятлар, шу жумладан, оилавий-маиший зўрлик ишлатиш сабаблари, ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ҳамда уни келтириб чиқарувчи омилларни ўрганиш мақсадида ҳудудларда аёллар ижтимоий мослашув марказлари ташкил қилинмоқда. Йилнинг ўтган даврида Хоразм вилоя­тининг 8 та туманида «Аёллар ижтимоий мослашув маркази» фаолият бошлади. Шу кунга қадар ушбу марказларга 56 нафар опа-сингилларимиз ўз муаммолари билан мурожаат қилган. Шундан 9 нафарига тиббий, 18 нафарига психологик, 4 нафарига ҳуқуқий ёрдам кўрсатилган, 2 нафарининг бандлиги таъминланган, 24 нафари яраштирилган, 1 нафарига кредит асосида уй-жой олиб берилган.
Оғир турмуш шароитида яшаётган хотин-қизларнинг манзилли ижтимоий ҳимоясини таъминлаш мақсадида уларнинг рўйхатлари шакллантирилиб, 221 нафари арзон уй-жойлар билан таъминланган, 594 нафари ишга жойлаштирилган, шунингдек, 659 нафарига 685, 505 млн. сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилган. Бундан ташқари, хотин-қизлар қўмиталари ўтган давр мобайнида 4 та суд процессида иштирок этиб, 4 нафар хотин-қизларга кафил бўлган ва билиб-билмай жиноят содир қилган ушбу аёлларни жазодан сақлаб қолган.
Таҳлиллар хотин-қизлар ўртасидаги жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида ҳали кўп ишларни қилиш кераклигини кўрсатмоқда. Булар орасида нафақат давлат томонидан амалга оширилиши, балки ҳар бир инсон қўллаши лозим бўлган чоралар ҳам бор. Чунки жиноят ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фақат қонунда белгиланган орган ҳамда муассасаларнинг вазифасигина эмас, балки шу жамиятда яшаётган ҳар бир инсоннинг ҳаёт тарзига айланмас экан, кутилган натижага эришиш мушкул. Барчамиз жамиятда юз бераётган ҳар бир ҳодисага нисбатан ўз муносабатимизни билдиришимиз, бир-биримизни ҳурмат қилиб, меҳр-оқибат кўрсатишимиз зарур. Жиноятга қўл урган, ёмон йўлга кирган аёлни кўрганда, ундан ўзимизни олиб қочишдан кўра, ёрдам кўрсатиш, маслаҳат бериш, тўғри йўлга бошлаш самаралироқ эканини асло унутмаслигимиз даркор.

Шу ўринда яна бир мулоҳазани ўртага ташлашни жоиз деб ўйладик. Кун-кунора аёлларнинг зўравонлигини акс эттирувчи видеоёзувлар, расмлар интернет тармоқларига қўйилмоқда. Уларни жойлаётганлар орасида юртдошларимиз ҳам йўқ эмас. Бу қанчалик тўғри эканлиги ҳақида ҳам ўйлаб кўриш керак эмасми? Булар акс таъсир кўрсатмаяптими? Ичи дардга тўлиб, «портлаш» арафасида турган аёллар улардан намуна олса-чи? Зўравонликни тарғиб қилиш эмас, бартараф қилиш чораларини кўрган маъқул эмасми? Аёлни гулга қиёслайдилар. Дарҳақиқат, аёлнинг жисми, руҳи ва қалбида гўзаллик мужассам. Шу билан бирга, у гулдай нозик. Аёл ўз назокатини сақлаб қолиши учун уни парвариш­лаш, меҳр бериш зарур. Сиз бунга нима дейсиз, азиз юртдошлар?!.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар