Тадбиркорга тўсиқ эмас, мадад керак!

56

Давлатимиз раҳбари «Мен ўз маблағи, ташкилотчилиги билан ҳеч бўлмаганда 2-3 та иш ўрни яратган тадбиркорни бошимга кўтаришга тайёрман», «Тадбиркор йўлига тўсиқ бўлишни давлат сиёсатига хиёнат деб қабул қилиш керак», «Агар сизлардан ҳаракат бўлмаса, фақат фармон ва қарорлар билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Шунинг учун мен тадбиркор – бу тараққиёт локомотиви, юрт таянчи, деб айтишга, сизларни бундан буён ҳам қўллаб-қувватлашга тайёрман» деб турганда банк масъуллари нима сабабдан тадбиркорга ёрдам қўлини чўзмаяпти? Унга мададкор, елкадош бўлмаяпти? Унинг ташаббусини қўллаб-қувватлаш нега пайсалга солиняпти?

Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда тадбиркорлар учун мисли кўрилмаган имкониятлар яратилмоқда. Тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган фармон ва қарорлар иқтисодиётимиз ривожида ўзига хос янги даврни бошлаб берди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. «Мижоз банк учун эмас, банк мижоз учун» тамойили асосида мижоз ва банк ўртасидаги муносабатлар тубдан ўзгарди. Молия муассасалари кўрсатаётган хизматлар, яратилган шароитлар ҳам таҳсинга сазовор. Ҳаммага яхши маълумки, тижорат банкларининг кредитлари тадбиркорлик ривожининг муҳим омили ҳисобланади. Аммо, айрим банк филиалларида тадбиркорларга кредит ажратишда турли тўсиқ ва муаммолар борлиги ҳам бор гап. Бу эса фаолиятини кенгайтириш истагида бўлган кўплаб тадбиркорларнинг «оёғига тушов» бўлмоқда.

Данғаралик Обиджон Овилғазиев бундан бир неча йил аввал оилавий тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди. У синтетик ипларни қадоқлаб, савдо дўконлари ва иссиқхоналарга етказиб бера ­бошлади. Аста-секинлик билан маҳсулотга талабгор кўпайди. Табиийки, буюртмалар кўпайгач, ишчи кучига ҳам эҳтиёж ортди. Маҳаллада ишсиз юрган икки нафар ёшни ёнига олди.

7 ой мобАйнида  ажратилмаган кредит

Тадбиркорлик ортидан эришаётган муваффақияти уни янада ғайрат-шижоат билан ишлашга ундади. Фао­лиятини кенгайтириш мақсадида шу йилнинг апрель ойида АТБ «Агробанк» Данғара филиалига имтиёзли равишда 25 млн. сўм кредит олиш учун мурожаат қилди. Кредит олишга талаб қилинадиган барча ҳужжатларни тақдим этди. Бироқ тадбиркор бир неча ой бўзчининг мокисидай банкка қатнаса-да, ҳеч қандай натижага эришмади.
Шу орада Президентимизнинг «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастурини амалга ошириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжат О. Овилғазиевнинг кўнг­лига чироқ ёқди. боз устига у истиқомат қилаётган маҳалла туман ички ишлар бўлими бош­лиғи раҳбарлигидаги сектор ҳудудида жойлашганлигини айтмайсизми! Сектор раҳбаридан тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва банкдан кредит олиш учун тавсиянома олиб, банк мутахассисларига тақдим этди. Тавсияномада «Ҳақиқатдан ҳам ушбу фуқаронинг режалаштирган оилавий тадбиркорлигини амалга ошириш имконияти мавжуд ва келгусида банкдан олинадиган имтиёзли кредит маблағининг ўз вақтида қайтарилишини таъминлайди, деб ишонч билдирамиз. Ушбу фуқарога «Адлия вазирлигида 2018 йил 9 июнда 3022-сон билан рўйхатдан ўтказилган «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида кредитлар ажратиш тартиби тўғрисида»ги низом талаблари асосида имтиёзли кредит ажратилиши тавсия этилади» деб қайд этилган. Афсуски, бу тавсиянома банк мутахассисларини қизиқтирмади.

Мен дардимни кимга айтаман?

— Банкдан олинган имтиёзли кредит маблағи эвазига синтетик ип хом ашёсини қўлда тўқишни йўлга қўйи­шни режалаштирган эдим. Қиш­лоқ жойларида синтетик ипларга эҳтиёж катта. Қолаверса, бу иплар экинлар, иссиқхонада етиштирилаётган помидор ва бодринг­ларни боғлашда ҳам асқотади. Агар менга ўз вақтида кредит ажратилганда яна қўшимча 3 нафар маҳаллий ёшни иш билан таъминлаган бўлар эдим. Афсуски, кредит олиш мен ўйлаганчалик осон иш эмас экан. Ҳар гал банк мутахассисларига учрашганимда «кейинги ой хабар олинг» деган жавоб оламан. Натижа бўлмагач, кредит ажратилишида амалий ёрдам сўраб, Данғара тумани «Халқ қабулхонаси»га, туман прокуратурасига мурожаат қилдим. У ерда ишлайдиган мутахассислар муаммомни эшитишга эшитди-ю, бироқ кўмак беришга келганда негадир улар ҳам жим бўлиб қолишди, — дейди тадбиркор Обид Овилғазиев.

Масъуллар нимага масъул?

Шу ўринда АТБ «Агробанк» Данғара филиали мутасаддиларининг эътиборини қуйидаги саволларга қаратмоқчимиз. Давлатимиз раҳбари «Мен ўз маблағи, ташкилотчилиги билан ҳеч бўлмаганда 2-3 та иш ўрни яратган тадбиркорни бошимга кўтаришга тайёрман», «Тадбиркор йўлига тўсиқ бўлишни давлат сиёсатига хиёнат деб қабул қилиш керак», «Агар сизлардан ҳаракат бўлмаса, фақат фармон ва қарорлар билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Шунинг учун мен тадбиркор – бу тараққиёт локомотиви, юрт таянчи, деб айтишга, сизларни бундан буён ҳам қўллаб-қувватлашга тайёрман» деб турганда банк масъуллари нима сабабдан тадбиркорга ёрдам қўлини чўзмаяпти? Унга мададкор, елкадош бўлмаяпти? Унинг ташаббусини қўллаб-қувватлаш нега пайсалга солиняпти?
«Ҳар бир оила — тадбиркор» ҳаётбахш дастурини амалга ошириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётган бир пайтда банк ­раҳбарият­и­­­­­­нинг мижозларнинг кредит олишига тўсиқ қўядиган сабаблар-у баҳоналардан воз кечиб, бугунги кун талабидан келиб чиқиб иш тутиш вақти келмадимикан?!

Жамшид ЭРГАШЕВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар