Хавфсиз ва тежамли фойдаланиш бу – газ истеъмолида жуда муҳим

32

Куз-қиш мавсумида газдан хавфсиз фойдаланишга эришиш, у билан боғлиқ турли кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида «Ўзтрансгаз» АЖ тизимида жорий йилнинг 20 октябридан 2019 йилнинг 20 январига қадар «Турмушда газдан хавфсиз фойдаланиш ойлиги» эълон қилинди. Унинг доирасида Сирдарё вилоятида ҳамкор вазирлик ва идоралар билан бирга «Газдан тўғри фойдаланиш – хавфсизлик кафолати» мавзуида республика семинари бўлиб ўтди. Унда газдан хавфсиз ва тежамли фойдаланиш бўйича юртимиз бўйлаб амалга оширилаётган тадбирлар хусусида ­маълумот берилди.

Истеъмолчи маданияти

Газ истеъмоли турмушимизда зарурий эҳтиёжга айланган. Таом тайёрлаш ва хонадон иситишда бизга асосан табиий газ яқин кўмакчи. Шу боис ҳам оиламизнинг кичик аъзолари бўлмиш фарзандларимизда ёшлик­дан «зангори олов»дан тўғри фойдаланиш ва истеъмол маданиятини шакллантириш муҳим аҳамиятга эга.
Семинар иштирокчилари дастлаб Гулистон шаҳридаги «Болалар шаҳарчаси»да бўлишди. Боғча-мактаб типидаги «Меҳрибонлик» уйида ташкил этилган газдан тўғри фойдаланиш қоидаларига доир кўргазмали тадбир болажонларда катта қизиқиш уйғотди.
Кичик истеъмолчилар ўз нав­батида ташриф буюрганларга ёд олган шеър ва қўшиқларини айтиб беришди.

Янги иситиш тизими афзалликлари

Семинар давомида иштирокчилар хонадонларга ҳам ташриф буюришди.
Гулистон шаҳрининг 5-мавзесида бир нечта янги кўп қаватли уйлар қурилган. Уларнинг иситиш тизими ҳар бир хонадон учун алоҳида ўрнатилган бўлиб, уй соҳиби ўз хоҳишига қараб, эркин бошқариш имкониятига эга.
Сўнгги технологияга асосланган иситиш тизимининг муҳим жиҳати шундаки, газ босимида узилиш, ўзгаришларга механизм­нинг ўзи автоматик хавфсизлик чораларини кўра олади. Қолаверса, хона ҳарорати экранда дои­мий кўриниш бериб, белгиланган градусда автоматик ўчиб, кераксиз газ ёниши олди олинади.
– Одатда ойига табиий газ учун 70-80 минг сўм миқдорида тўлар эдим. Янги иситиш тизимидан фойдалана бошлагач, бу миқдор сезиларли пасайди. Ҳозирда тўлов 25-30 минг сўмни ташкил этяпти, – ­дейди хонадон соҳиби Турсунбой Худойберганов.

ТАЪМИНОТДА УЗИЛИШЛАР БЎЛМАЙДИ(МИ?)

«Ўзтрансгаз» АЖ бошқарув раиси ўринбосари Отабек Омоновнинг маълумот беришича, бу йилги куз-қиш мавсумида магистрал газ қувурларининг беталафот ишлашини таъминлаш, қувурларнинг гидравлик ҳолатини яхшилаш чоралари кўрилган. Жумладан, минглаб километр узунликдаги газ қувурларининг ички сирти тозаланган, нуқсонли қисмлари алмаштирилган. Суюлтирилган газ таъминоти тизимини яхшилаш мақсадида 82 та маиший газ баллонларини ташувчи махсус автомашина харид қилинган. Ҳудудларда маиший газ баллонларини синовдан ўтказиш ва таъмирлаш бўйича 11 та марказ ташкил этилган.
2018-2019 йиллар куз-қиш даврида республикамиз бўйлаб 206 372 тонна суюлтирилган газ етказиш режалаштирилган. Бу рақам ўтган йилга нисбатан 31,6 минг тоннага кўп.
Семинарда, профилак­тик тадбирларга қарамай газдан фойдаланиш жараёнларида юз бераётган салбий ҳолатлар ҳақида ҳам сўз борди. Жорий йилнинг 9 ойи давомида газ ва ҳаво аралашмаси билан боғлиқ чақнаш­лар боис 28 та маиший газ баллонлари носозлиги сабаб 11 та бахтсиз ҳодиса юз бергани ва 30 нафар фуқаро ис газидан заҳарлангани айтиб ўтилди. Турмушда газдан хавфсиз фойдаланишда дудбўрон ва вентиляция каналларига эътибор қаратиш, айниқса, исрофгарчиликка йўл қўймаслик лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Озода МАМАДАЛИЕВА,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар