Ҳам ўрганиб, ҳам ўргатиб

43

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ҳамда Қирғизистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Марказий кенгаши ўртасида 2018 – 2021 йиллар учун имзоланган Меморандум юзасидан икки томонлама музокаралар ўтказиш мақсадида юртимизга келган қирғизис­тонлик делегация аъзолари Самарқанд шаҳрида бўлди.
Темирйўл вокзалида Қирғизис­тон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Марказий кенгаши раиси Накен Саалиев бошчилигидаги бир гуруҳ тармоқ фаоллари тантанали равишда кутиб олинди. Меҳмонлар бир қанча тиббиёт муассасалари, тармоқ касаба уюшмаси бошланғич ташкилотлари фаолияти билан танишди.

Вилоят реабилитация марказида таянч-ҳаракат тизимида нуқсонлари бор шахсларни даволаш самарали ташкил этилмоқда. 150 ўринга мўлжалланган даволаш масканида 75 нафар бемор йўлланмалар орқали бепул соғломлаштирилди. Муассасада сифатли тиббий хизмат кўрсатиляпти, хусусан, физиотерапиянинг энг замонавий асбоб-анжомлари имкониятларидан фойдаланиб келинмоқда. Бу ерда кичик ёшдаги беморлар учун махсус хоналар ажратилиб, кичкинтойларга барча талаб­ларга жавоб берадиган хоналар ташкил этилган.
– Ҳаракат-таянч аъзоларидаги нохушликлар кейинги йилларда кенг тарқалаётган касаллик турига айланиб бормоқда, – дейди Қирғизистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Марказий кенгаши раиси Накен Саалиев. – Бу дардга нисбатан мунтазам равишда кураша­ётган шифокорларга ҳукумат томонидан яратиб берилган шарт-шароит бизга манзур бўлди. Қолаверса, жамоада ташаб­бускорлик билан иш юритаётган бошланғич касаба уюшма ташкилоти фаолияти билан ҳам танишдик. Жамоат ташкилотининг вакили ходимларга бериладиган имтиёз ва афзалликлардан уларни баҳраманд этишда фидойилик кўрсатаётганига шоҳид бўлдик. Бош­ланғич ташкилот етакчиси шундай фазилат соҳиби бўлиши айни муддаодир.
Самарқанд шаҳридаги 12-оилавий поликлиника фаолияти билан танишув ҳам меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Икки давлат касаба уюшмалари ўртасидаги учрашувлар қизғин ва самарали кечди.
Шундан сўнг меҳмонлар буюк бобокалонларимиз Маҳдуми Аъзам, Имом ал-Бухорий қадамжолари, шаҳарнинг тарихий-маданий ёдгорликларини зиёрат қилишди.
– Самарқандга келиб-кетганимга уч ой ҳам бўлгани йўқ. Шу қисқа муддатда содир бўлган ўзгаришлардан ҳайратим ошди, – дей­ди соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Ўш вилоя­­ти кенгаши раиси Сидиқ Ашимов. – Обод ва озод ўлкадагина шундай улуғвор ишларга гувоҳ бўлиш мумкин.
Сафар меҳмонлар учун унутилмас хотираларга бой бўлди
– Учқур «Афросиёб» поездининг ўзи бизга саёҳат гаштини берди, – дейди соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Жалолобод вилоя­­ти кенгаши раиси Эрик Исмаев. – Йўл-йўлакай қардошларимизнинг кундалик турмуши, қишлоқ хўжалигидаги қизғин юмушларига гувоҳ бўлдик.

Нурилла ШАМСИЕВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар