Полвон йиғлаган тун

21

Бадиий адабиётнинг ўқувчиси илмий, ўқув, расмий адабиётга нисбатан кўп бўлади. Зотан, бадиий адабиёт ўзгалар тақдири билан танишиш, туйғуларини «юқтириш» ва шу аснода ўз ҳаёти, кечинмаларини бир назардан ўтказиб, тафтиш қилиш имконини беради.

Абдулла ­Айизовнинг «Полвон йиғлаган тун» қиссалар тўплами ўқувчини оркаш, гапкўтармас, номус учун молдан ҳам, жондан ҳам кечадиган полвонлар даврасига олиб киради. Эл олдида юрган эр учун шаън қанчалар муҳим, нозик, ҳаёт-мамот масаласи эканига гувоҳ қилади.
Ўзбек ҳамиша бошқалар олдида ноқулай ҳолга тушиб қолмасликка интилиб яшаган. Дунёларни ҳайратга солган, дунёларни титратган, ҳаваси-ю ваҳмини келтирган барча фазилат-у иллатлар, миллий хусусиятлар заминида аслида мана шу интилиш ётади. Шу туфайли эр йигитларимиз ҳам, гул қизларимиз ҳам ўзига нисбатан айтилган ҳар бир гапга жуда жиддий ёндашади. Гап-сўз бўлмасликка интилади.
Асар қаҳрамони Гуласал лафзсизлик қурбони. Шу ерда адиб ўзбеккагина хос гўзал, аммо шафқатсиз хусусиятни кўрсатиб кетади. Орқаваротдан айтилган «Гуласалга уйланмайман, севганим бор», деган гап туфайли сутдай оқ, пок қиз ҳеч айби бўлмаса-да, одамлар наздида қора бўлиб қолади. Йигитнинг отаси ҳам «Элда гапга қолган қизни келин қилмайман», дейди.
Биз келиннинг «етти пуштини суриштириб» олишга одатланганмиз.
« – Полвон йиғлаган тун»ни ўқигач, куёв бўлмиш ҳам обдан сўраб-суриштирилиши, маънавий-ахлоқий жиҳатдан қизга қанчалар мос эканлиги ҳақда ўйлаб кўриш зарурлиги англанади.
Абдулла Айизов гап-сўз одамларни чегарадан чиқмасликка ундаш билан бирга бебахтликка сабаб бўлиб қолиши мумкинлигини Сардорнинг чигал тақдири орқали кўрсатади. Алпкелбат, ғурури баланд полвонни бир умр «беникоҳ бола» деган таҳқир таъқиб қилади. Ўзи ота деб ўсган одам эмас, балки бутунлай бошқа, онасининг узоқ ўтмишида қолиб кетган Жабборнинг унга ота эканлиги ҳақида заҳарли шаъмалардан ўзини қўярга жой тополмайди. Даврани бермай, кўкраги ер искамай юрган полвон руҳини шу йўл билан синдиришга уринишади.
Адиб ҳар бир чиқарилган қарор, ташланган қадам бутун атрофга ва бир умрга таъсир ўтказишини асар қаҳрамонларининг изтироблари, қувончлари, кутилмаган сюжет бурилишлари воситасида тасвирлаган.
Китобдаги «Ўзимизнинг Беғамбой» қиссаси ҳам дарҳол диққатни тортади, ёқимли тасаввурни уйғотади. Бу муҳим. Асарни охирига қадар ўқилишини таъминловчи омил – илк тасаввур ҳисоб­ланади. Қиссанинг сарлавҳалар билан кичик-кичик бўлимларга ажратилгани унинг қабул қилинишини осонлаштиради.

Муслима ЁҚУБОВА

Бошқа хабарлар