ЭРТАНГИ КУНГА ИШОНЧ БУГУНДАН БОШЛАНАДИ

45

Жамоатчилик комиссиясининг галдаги мулоқотлари Учтепа туманидаги «Ибрат», «Шарқ Юлдузи», «Шарқ Гули», «Хондамир», «Журжоний», «Абдулла Қодирий», «Кўкча», «Оқтепа», «Пахтакор», «Чаманзор», «Ҳожиобод», «Юсуф Саккокий», «Учтепа» маҳаллалари аҳолиси билан бўлиб ўтди. Учрашувлар давомида ишчи гуруҳлар томонидан аниқланган масалалар мутасаддилар эътиборига ҳавола қилинди. Шундан сўнг маҳалла фуқароларининг мурожаатлари тингланди.

«Ибрат» маҳалласидаги ўрганишлар давомида маълум бўлдики, Қурувчи кўчаси 1-уйдан 21-уйгача, 4-тор Хондамир кўчаси 1-уйдан 33-уйгача бўлган хонадонларда куз-қиш мавсумида газ босими камайиб кетиши ҳолати кузатилмоқда. Бундан ташқари, ёғингарчилик даврида Байроқ кўчасидаги канализация тизимидан сув тошиб чиқади. Бу ҳол «Ибрат» ва Бешқайрағоч кўчалари ҳудудида ҳам учрайди.
«Шарқ юлдузи» маҳалласида аҳолини қийнаб келаётган қатор муаммолар борлиги аниқланди. Хусусан, 5-тор Хондамир кўчаси билан Дурбек кўчасининг кесишган жойида ўрнатилган 2 та электр трансформатори чуқурликда жойлашган бўлиб, унинг ён тарафлари ҳамда остки қисми бетонланмагани боис ёғин-сочин пайтида сув тўпланиб, электр тизимида қисқа туташувни келтириб чиқаради.

186-мактабгача таълим муассасасининг болалар майдончаси олдидаги йўлакча ва муассасанинг кириш йўлаги таъмирталаб аҳволга келиб қолган. Маҳалла кўчаларида чиқиндилар ва дарахтлардан тўкилган барглар ҳаддан ташқари кўпайиб кетган. 5-тор Хондамир кўчасидаги 1-уйдан 57-уйгача бўлган масофадаги йўлларнинг асфальт қопламаси қониқарсиз аҳволда.
Уйғур кўчасида яшовчи Саидраҳмон Зиёевнинг айтишича, маҳалла болалари 245-мактабга бориш учун транспорт серқатнов йўлни кесиб ўтади. Ушбу ҳудудда «пиёдалар ўтиш йўлаги» белгисининг мавжуд эмаслиги сабабли ота-оналар фарзандларини юрак ҳовучлаб мактабга жўнатади.
Ишчи гуруҳи «Шарқ гули» маҳалласида бўлганида бир талай ечимини кутаётган масалалар борлигига дуч келишди. Жумладан, 2-тор Хондамир, Хондамир кўчаларидаги ирригация тармоқлари таъмирталаб аҳволга келиб қолган. 2- ва 3-тор Хондамир, 1-тор Янги Лабзак, Янги Лабзак, Хондамир кўчаларини асфальтлаш зарур. 3-тор Хондамир, Бешқайрағоч кўчаларидаги ёритгичлар талабга жавоб бермайди. 1-тор Янги Лабзак кўчасида яшовчи фуқаро М.Мирсобитова ногиронлик аравачасига муҳтож бўлса-да, уни сотиб олишга имконияти йўқ.
«Хондамир» маҳалласида ҳам камчиликлар йўқ эмас. Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, фуқаролар 2017 йилнинг октябрь ойида «Маҳкам ота» масжиди ёнидаги электр трансформаторини алмаштириш масаласида туман электр тармоқлари корхонасига мурожаат этган. Туман электр тармоқлари корхонаси 2017 йилнинг 10 ноябрига қадар масала ижобий ҳал этилиши тўғрисида жавоб хати берган. Орадан бир йил вақт ўтган бўлса-да, ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Зиё Саид кўчасидаги «Гули» бекати ёнида «пиёдалар ўтиш йўлаги» белгиси ўрнатилмаган.
Фуқаро Бахтиёр Хидиров 2-тор Дурбек кўчаси таъмирталаб аҳволга келиб қолганидан арз қилди. Яна бир фуқаро Хадича Жамилованинг маълум қилишича, Дилкаш кўчасида светофор ўрнатилганига қарамай, аксарият ҳайдовчилар унга риоя қилмаяпти. Болаларнинг йўлдан хавф-хатарсиз ўтиши учун светофор устига «видео кузатув» камераси ўрнатилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бундан ташқари, канализация тизимидаги қувурлар носоз, канализация қудуғи ҳам таъмирга муҳтож.
«Журжоний» маҳалласидаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳовлисидаги фаввора бир неча йиллардан буён носозлиги сабабли ишламайди. Бу борада мутасаддиларга юборилган мурожаатлар самарасиз кетган.
«Нуроний» жамғармаси раиси Ҳасан Сатторовнинг ишчи гуруҳга билдиришича, 32-оилавий поликлиникадаги УТТ ташхис аппарати яхши ишламайди, натижада аҳоли бошқа тиббиёт муассасаларига қатнашга мажбур бўлмоқда.
Зафарий кўчасида яшовчи А.Абдужалилованинг 2013 йилда туғилган фарзанди туғма ногирон (чап қўли тирсакдан паст қисми йўқ). Шифокорлар қизалоққа протез тавсия этишган, лекин уни сотиб олиш учун оиланинг молиявий имконияти етмайди. Ҳозирда у мактаб ёшига етиб қолди. Ушбу ҳолатни ўрганиш ва зудлик билан қизалоққа ёрдам кўрсатиш масаласи шаҳар ҳокимлиги зиммасига юкланди.
– Маҳалламиздаги 15 та кўча 1990 йилдан бери асфальт қилинмаган, ҳозирда таъмирталаб аҳволда, – дейди Дилноз кўчасида яшовчи Файзулла бобо. – Электр симлари аҳоли учун хавфли ҳолатда. Бундан ташқари, 2-тор Дилноз кўчаси 13-а ва 17-хонадонлар олдидаги канализация қувурлари чўкиб кетган.
«Абдулла Қодирий» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Лола Тўрахўжаеванинг таъкидлашича, ҳудудда спорт ва болалар майдончаси мавжуд эмас. Туман мудофаа бўлимидан бўшатилган объектни, яъни илгари «боғча» бўлган бинони туман балансига қайтариб, у ерда янги боғча ва болалар майдончаси қуришда ёрдам кўрсатилса, маҳалла аҳлига бир мунча енгиллик яратилган бўларди.
Мулоқот давомида «Кўкча Оқтепа» маҳалласида яшовчилар ҳам ўзларини қийнаб келаётган муаммоларни баён қилишди. Жумладан, ҳудудда бир нечта оила яшовчи хонадонлардаги ногиронлиги бўлган фуқароларнинг имтиёзли уй-жойга эҳтиёжи бор. Бундан ташқари, маҳаллада ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликка мойил шахслар билан яккама-якка ишлаш, жазо муддатини ўтаб келган шахсларни иш билан таъминлаш, махсус рўйхатдаги шахслар ва узоқ муддатга чет элга кетган фуқароларнинг тақдири билан қизиқиш, уларни маҳаллага қайтариш ишлари етарли даражада йўлга қўйилмаган.
«Пахтакор» маҳалласида 2017 йилнинг июнь ойида ички кўчаларни таъмирлаш ишлари бошланиб, кейинчалик тўхтатиб қўйилган ва кўчалар асфальт қилинмасдан қолиб кетган. Ҳозирда Мерганча, 6-тор Улуғбек, Қуёш нури, Қизил Токзор кўчаларининг салкам 1620 метр масофадаги қисми таъмирталаб аҳволда.
Маҳалла гузари замонавий лойиҳа бўйича реконструкция қилинмоқда. Аммо мазкур қурилиш ишлари учун ваъда этилган ер ажратиш масаласи ҳал этилмагани сабабли иш сустлашиб қолган.
Заковат кўчасининг шаҳар юқумли касалликлар шифохонасидан бошлаб, Уйғур кўчасигача бўлган қисмидаги йўлнинг торлиги аксарият ҳолларда автомобилларнинг икки тарафлама ҳарактланишида муаммолар туғдирмоқда. Чунки ушбу ҳудуддаги бозор деворлари 3 метр кўча тарафга чиқиб кетган. Бозор деворларини ичкарига суриш ҳисобига йўлни кенгайтириш мақсадга мувофиқ.
– Маҳалламизда илгари 3 та масжид бор эди, ҳозирда улар фаолият кўрсатмаяпти. Қизил Токзор кўчасидаги масжид очилса, биз кексаларга анча қулайлик бўлар эди, – дейди «Пахтакор» маҳалласида яшовчи Шуҳрат Абдуқодиров.
Маҳалла фаоллари ҳудудда бир йил олдин бошланган асфальтлаш ишлари негадир ниҳоясига етказилмай қолгани, қаровсизлиги оқибатида кўчалардаги канализация қудуқларининг қоп­қоқлари ҳам ўғирлаб кетилганидан шикоят қилишди.
146-уй олдидаги автоустахонанинг устидан 6 минг киловатт кучланиш­ли электр тармоғи, остидан сув тармоқлари ўтган бўлса-да, айни пайт­­да унинг фаолияти янада кенгайтирилмоқда. Ҳозирда устахона кўчанинг пиёдалар йўлакчасини ҳам эгаллаб олган. Бу эса аҳолининг ишга, айниқса, болаларнинг боғча ва мактабга қатнашларида муаммолар туғдирмоқда.
«Чаманзор» маҳалласидаги 193-мактабда иссиқлик тармоғида ҳам муаммолар борлиги аниқланди. Айрим кўчаларнинг асфальти талаб даражасида эмас.
Аниқланган муаммоларни ҳал этиш вазифаси шаҳар ва туман ҳокимлик­лари, «Тош­шаҳаргаз» ҳудудий газ таъминоти корхонаси, туман прокурори, шаҳар «Сувсоз» ДУК, шаҳар электр тармоқлари корхонаси АЖ, «Махсустранс» ДУК, шаҳар ички ишлар бош бошқармаси, туман халқ таълими бўлими, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши каби мутасадди ташкилотлар эътиборига ҳавола қилинди.

Аъзам АБУЛФАЙЗОВ,
«Ishonch» мухбири

 

Бошқа хабарлар