ЎЗИМИЗДАН ЧИҚҚАН БАЛО ёхуд «оммавий маданият»га қарши қандай курашиш керак?

49

Кейинги пайтларда«оммавий маданият» деб аталган хавфли иллат ҳақида кўп гапирилмоқда. Бироқ бу жараёнда бирёқламаликка йўл қўйиш ҳоллари ҳам кузатилаётир. Айримлар «оммавий маданият»ни Ғарбдан кириб келаётган онг шакли эканини таъкидлаш билан гўё «бутун Ғарб олами шундай ҳаёт тарзи билан яшамоқда» деган юзаки таассуротнинг юзага келишига замин яратмоқда.

Бу нотўғри муносабат бўлиб, Ғарбнинг илғор таъсирини инкор этишга йўл очади. Тараққиётга хизмат қилган ижобий таъсир намуналарини жамиятимиз ҳаётининг барча соҳаларида кузатиш мумкин. Масалан, маданият ва маърифат ўчоқларидан бири сифатида ўз ўрнига эга бўлган театр санъати олдин бизда мавжуд бўлмаган. Машҳур испан шоири Габриэл Гарсиа Лорканинг ­фикрича,­ ­«Театр ижтимоий ҳаракат сифатида миллатнинг юксак парвози ёки таназзулини ўзида акс эттириб турувчи барометр ҳисоб­ланади. Ўз театрини яратишга ёрдам бермаган миллат ё ўлган, ё бўлмаса ўлим остонасидадир».
Шу ўринда савол туғилиши табиий: Хўш, ана шу «ижтимоий ҳаракат» жонли ижро этилганда эркак киши аёллар либосини кийиб саҳнага чиқса, у халқнинг маданиятини кўрсатадими?! Агар кўрсатса, у қандай маданият деб номланади? Бу саволлар жўн кўрингани билан обдан ўйлашни талаб этади. Саҳнада ҳар ким ўз ишини ўзи, ҳаётда қандай бўлса, шундай бажариши – ўз ролини ўзи ўйнаш Ғарб таъсирида шакллангани ҳаммага яхши маълум. Лекин бу жараён осонликча рўй бергани йўқ. У жиддий кураш ва кўплаб қурбонликлар эвазига юзага чиқди. Бунга мазкур санъат тарихида мисоллар жуда кўп. Қолаверса, адабиётимизда драматургиянинг мустақил тур сифатида тўлиқ ва мукаммал шаклланишида ҳам Европа адабиётининг таъсири ҳеч ким томонидан инкор этилмайди.

Кези келганда европаликлар маънавия­тига дахлдор бўлган бир ҳаётий воқеани айтиб ўтишни лозим топдим. 2016 йили Самарқанд шаҳрига қилган саёҳатимиз чоғида Соҳибқирон Амир Темур қабри бошида бир одам тиловат қилди. Албатта, бу жараёнда ҳамма ўтирди. Эътибор берсам, ёнимизда бир чет эллик меҳмон ҳам ўтирибди. У чамаси Қуръон ўқилаётганини пайқаган эди. Кутилмаганда бир аёл ҳам тиловат қила ­бошлади. Ҳеч ким ўрнидан қўзғалмади. Буни кўрган сайёҳ ҳам жойидан жилмади. Бироқ у тиловат охирида юзига қўлларини тортмади, лекин Қуръон тиловатининг бошидаёқ бош кийимини ечган эди. Фотиҳадан сўнггина ҳамма қатори ўрнидан турди. Кейинчалик маълум бўлишича, у рус тилини ҳам, инглиз тилини ҳам билмайдиган француз сайёҳи экан…

Бу ҳодисага қандай қараш керак? У юзига қўлларини босиб, фотиҳа қилмади, лекин ўзларига хос бўлган одатга биноан бош ­кийимини ечди, диққат билан тиловатни тинг­лаб, сукут сақлаб ўтирди. Бу французни маданият­сиз,«оммавий маданият»нинг қули дейиш мумкинми?
Европаликларга хос инсоний фазилатлар буюк адиб, Нобель мукофоти совриндори Эрнест Хемингуэйнинг «Алвидо, қурол» романида ўзининг гўзал ифодасини топган. Асарда тасвирланган ирланд қиз Фержи Фергюссоннинг ахлоқий фазилатларига ҳар қандай соҳибжамол ҳавас қилса арзийди. Унинг одамийлиги, самимийлиги, таъмагирликдан узоқлиги, божхона ходимининг маданияти, Швейцария тоғларидаги Гуттингенларнинг очиқкўнгил, одамшавандалиги, меҳрибонлиги, самимияти – булар Европага хос тараққийпарвар ижтимоий муносабатларни ўзида акс эттирган.
Шу асардаги Кетрин Барклига хос ўқимишлилик, зиёлиларча маданият кишини янада ҳайратлантиради. У «китоб кўрган» қиз. Шунинг учун ўз дунёқараши ва фалсафасига эга. Бу ҳол унинг севгилиси Генри билан бўлган суҳбатларида бутун ёрқинлиги билан намоён бўлган. Бу қиз Швейцарияда чанғи мавсуми қачон бошланиши, Америкада тўрғайларни отиш мумкин эмаслигини, итальян рассомларининг ижодига тааллуқли хусусиятларни ҳам яхши билади.
Баодоблик инсоннинг ички маънавий гўзаллиги унинг ўзга кишилар билан аҳилликда яшай олиш қобилиятида мужассамлашган. Бундай гўзал ахлоқий фазилатни ўз ҳаёт йўлига нур ёғдирувчи улуғ неъмат деб билувчи инсон ҳар қандай оғир дамларда ҳам ўзлигини йўқотмайди. Кетрин уруш майдонининг ҳамшираси. Лекин ўз латофатини заррача йўқотмаган. Бу унинг бошқаларга бўлган муносабатларида аниқ-равшан ифодасини топган ибратли фазилатидир.
Ушбу китоб ўқишга тавсия этиладиган етук асарлар қаторида ўзининг мустаҳкам ўрнига эга. Уни қайта-қайта ўқиган сари янги-янги жиҳатлари намоён бўлаверади. «Ҳозир ҳатто душманларинг ҳам ютоқиб китоб варақламоқда». Бу – АҚШнинг 7 нафар президенти, 47 нафар Нобель мукофоти совриндори таҳсил олган Гарвард университетининг ҳикматли даъватларидан бири. Буни китобга бўлган муносабатнинг ёрқин намунаси десак, асло муболаға эмас.
Кўриниб турганидек, маданий Европа «оммавий маданият» сиртмоқларидан ташқарида ҳам яшаб келган ва яшашда давом этмоқда. Шу маънода «оммавий маданият»нинг муқим ватани йўқ. У ер юзининг барча ҳудудларида ўзига хос мазмун-моҳият ва шаклларда мавжуд бўлиб, эркин тараққиётга тўсиқ қўймоқда. Шу ўринда давлатимиз раҳбарининг қуйидаги фикрини эслатиб ўтиш жоиз: «Агар «оммавий маданият» таҳдиди фақат четдан – Ғарбдан кириб келади десак, қаттиқ адашамиз. Бу бало, афсуски, ўзимиздан, ўз орамиздан ҳам чиқиши мумкин. Мен бу гапларни осмондан олиб айтаётганим йўқ. Юртимизда нашр этилаётган айрим газета-журналлар, китобларни, суратга олинаётган баъзи клип ва киноларни, эфирга берилаётган қўшиқ ва рақсларни кузатиб, соғлом фикрлайдиган ҳар қандай одам шундай хулосага келиши табиий».
Дарҳақиқат, ўзимизда урчиётган бундай «оммавий маданият» кўринишларини турли қуруқ баҳс-мунозаралар, номигагина ўтказиладиган тарғибот тадбирлари орқали бартараф этишнинг иложи йўқ. Кескин курашибгина кўзланган мақсадга эришиш мумкин. Бунда муҳим ва керакли хусусиятларни ажратиш, уларни ақл ва мантиққа уйғунлаштириш талаб этилади.
Сиртдан қараганда, хавфсиз ва беозор кўринган, аслида эса келгусида улкан балога айланадиган расм-русумнинг урф-­одатга, бора-бора анъанага айланишига йўл қўйиб бўлмайди. Албатта, синовдан ўтган, халқимиз ҳаёт тарзидан жой олган анъаналар бундан мустасно. Лекин анъана қандай бўлишидан қатъи назар, ижодийликни бўғмаслиги, унга қарши курашмаслиги керак. Чунки ёлғиз анъаналар доирасида ривожланиш мумкин эмас. Анъаналар ижодийлик туфайли доимий ҳаракатда бўлади, ҳаракатлар натижасида эса янгиланиб боради. Демак, анъана ҳамда ижодийлик ҳамкорлиги доимий ва муқаррар хусусият касб этади. Шу маънода ижодийлик ҳар қандай маҳдудликнинг душманидир. У тор доираларга сиғмайди. Бундан ташқари, у миллий, ирқий ва диний қобиқларни ёриб чиқишга қодир. Ижодийлик шундай куч-қудратга эга. Акс ҳолда у ижодийлик саналмайди.
Бундан кўринадики, ижодийликдан мосуво инсон, биринчи навбатда, ўзига ўзи душмандир, ўзини бу балолардан қутқариш учун курашмайди, кураша олмайди. Бундай инсон айни пайт­­да жамиятнинг ҳам душманидир. Ижодийлик ва янгиликка бўлган интилиш, шунинг­дек, маънавий-маърифий комиллик учун фаол ҳаракатлар сўнганда, жамиятда маънавий қашшоқлик томир отишига тарихда мисоллар етарли. Зеро, ақлан ва маънан қашшоқлик янгилик, ижодий кашфиётларни қабул қила олмайди. Афғонистондаги Будда ҳайкалининг портлатилиши, Суриядаги ноёб архитектура ёдгорликларининг аянчли тақдири маънавий қашшоқликдан туғилган ­ёвузликнинг қилмишларидир.
Ижодийлик улкан кашфиётлар яратишдангина иборат эмас. Фикрлаш, мулоҳаза юритиш ҳам ўзига хос ихтиродир. Фикр ва мулоҳаза юритиш туфайли тўғри қарорлар қабул қилиш, йўлдан адаштирмайдиган тўхтамларга келиш ҳам ижодийлик саналади.
Мисол учун айтадиган бўлсак, ўз эътиқодини ўзгаларга кўрсатиб қўйиш учун масжидларга оқ ва қора рангли юпқа дўппи кийиб бориш мусулмон кишининг кийиниш ахлоқини белгиламайди ва мусулмончиликка ҳам алоҳида маъно юкламайди. Мусулмон киши оқ ёки қора дўппини киймаса, мусулмончиликдан чиқиб қолмайди — у ялангбош ҳолда ҳам мусулмон. Бошқача айт­ганда, шакл ранг-баранг бўлиши мумкин, аммо моҳият ўзгармайди.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, расм-русум ёки одат бизни ўзлигимиздан айирмаслиги шарт. Оламга машҳур миллий дўппимиз бор. Юртимизга келган юксак мартабали меҳмонларга ўз дўппимизни кийдирамиз — бу удум меҳмоннинг қай юртга борганини англатиб туради. Ёшлар болалигидан бошлаб оқ дўппи кийса, бора-бора шу дўппига меҳри тушиб қолади. акси бўлса-чи? Аста-секин унда ўз кийими ва ўзлигига нисбатан лоқайдлик, сўнгра эса беписандлик психологияси шаклланади. Ўзликдан бегоналашиш ана шу тарзда давом этса, охир-оқибат «ўзбекларнинг бош кийими бўлмаган», деган хулосани келтириб чиқариши ҳам мумкин. Инсонни ота-­онаси, Ватани ва ўзлигидан жудо қилувчи дунёда энг хавфли бўлган манқуртлик мафкураси ана шундай кўзга кўринмас иллатлардан юзага келса, ҳеч ажаб эмас. Демак, «оммавий маданият» деган иллатга қарши курашиш ўзимизга боғлиқ. Бунда, аввало, ўзимиздан чиққан балога ўзимиз қарши чиқишимиз керак. Ана шунда ­«оммавий маданият»нинг ҳар қандай кўринишига қарши зарба бериш анча осонлашади. Бу ҳақда Сиз қандай фикрдасиз, азиз юртдошлар?!

Топиболди ХОЛДОРОВ,
«Нуроний» жамғармаси Фарғона
вилояти бўлими раиси

Бошқа хабарлар