Қувончимнинг боиси «Ishonch»

50

Кишининг билиб-билмай нотўғри йўлга тушиб қолиши унга жуда қимматга тушиши аниқ. Бунга бошимдан кечган воқеалар мисолида гувоҳ бўлдим. 

Ёлғон тасаввурларга берилиш оқибатида экстремистик гуруҳлар таъсирига тушиб қолганим учун 1999 йилда жиноий жавобгарликка тортилдим. Давлатимизнинг одилона сиёсати шарофати туфайли 2005 йил январь ойида озодликка чиқдим. Лекин хатти-ҳаракатимдан пушаймонлик ва тушкунлик ҳисси барибир кўнглимдан кетмади. Гарчи кечиримли ва бағрикенг одамлар мени самимий қабул қилган бўлса-да, эл-юрт олдида ҳеч нима бўлмагандек юришга, одамлар кўзига тик қарашга ботинолмадим. Маҳалла фаоллари, профилактика нозирлари ёрдамида кўп­лаб маънавий-маърифий тадбирларда иштирок этдим. Хатоларимни тушуниб етдим. Шунга қарамай, виж­дон азоби мени таъқиб қилишдан сира тўхтамади.
Шундай кунларнинг бирида ҳаётимни бирдан ўзгартириб юборган воқеа юз берди… 2017 йили мен каби нотўғри йўлга қадам қўйиб панд еган фуқароларни афв этиш тўғрисида Президент фармони эълон қилинди. Бу «қора» рўйхатдан чиқиш, демакки, бир умрга татигулик доғнинг ювилиши эди. Беихтиёр кўзларимдан ёш қуйилди. Буни фақат ўша ҳолатни бошдан кечирган одамгина ҳис қилиши, тушуниши мумкин.
Шу кундан бошлаб ҳаётимга ўзгача мазмун кирди. Назаримда, дунё рангин қиёфа касб эта бошлади. Қалбимни яшаш ва интилиш завқи эгаллади. Бизга кўрсатилган эътибор ҳамда билдирилган ишончни чуқур ҳис этган ҳолда халқимизга камарбаста бўлишни ният қилдим. Кўрсатилган ғамхўрликнинг самараси ўлароқ, ҳозирги кунда миллий ҳунармандчилик билан шуғулланяпман. Бир сўз билан айтганда, ҳаётдан қувончимнинг чеки йўқ.
Куни кеча Республика Жамоатчилик комиссиясининг маҳалламиз вакиллари билан бўлиб ўтган мулоқоти чоғида Президентимиз ва бағрикенг халқимизга бўлган чексиз миннатдорлигимни билдирдим. Айниқса, юртимиздаги етакчи газеталардан бири бўлган, Касаба уюшмалари Федерациясининг нашри ҳисобланган «Ishonch» газетасига бир йиллик бепул обуна қилинганимни эшитиб, жуда севиндим. Энди уйимизга зиё киради, маънавий озуқа олиш имконига эга бўлдик. Энг муҳими, «Ishonch» орқали билдирилган ишонч, қўллаб-қувватлашнинг ўзиёқ кўнглимга қувонч бағишлади. Бундай эътибор, шубҳасиз, келгусида юртимиз, халқимиз манфаати йўлида сид­қидилдан хизмат қилишга, фидойилик билан яшашга ундайди.

Тоҳир БАҲОДИРОВ,
ҳунарманд
«Тақачи» маҳалласи

Бошқа хабарлар