Суянч бўлолсак, бахтлимиз!

260

Кенгашимиз тасарруфида 80 та ташкилот бўлиб, 4881 нафар касаба уюшма аъзосини ўз атрофига бирлаштирган. Ибратли ишлардан андоза олиш, илғор тажрибаларни ўрганиб, уни амалиётга татбиқ этиш ҳар қандай соҳада самарадорлик гаровидир. Ўз ўрнида биз ҳам бунга эътибор қаратяпмиз. Электрон тизимнинг такомиллаштирилгани иш сифатини бирмунча оширди. Маънавият, дам олиш хоналари керакли жиҳозлар билан бойитилди. «Касаба уюшмасига аъзо бўлинг» мавзуидаги буклетлар, касаба уюшмасига аъзолик афзалликларини ифодаловчи стендлар муҳим тарғибот воситаси бўлиб хизмат қилмоқда.

Фаолиятимиздаги такомиллашувни аъзоларимиз ҳам эътироф этишяпти. Буни ижтимоий суғурта маблағи ҳисобидан сиҳатгоҳларда дам олиб, саломатлигини тиклаш имконига эга бўлаётганлар сони кўпайиши мисолида яққол кўришимиз мумкин.
Ўрни келганда, бу йилги соғломлаштириш мавсуми ҳақида ҳам тўхталиб ўтсак. Ёзги таътил даврида туманимиздаги мактаб олди оромгоҳида 160 нафар бола дам олдирилди. Эътиборли жиҳати, фақат дам олиш масканининг ўзида тадбирлар уюштириш билан чекланмай, Деҳибаланддаги «Имом Ҳасан-Имом Ҳусан» зиёратгоҳи, Нурота шаҳридаги «Чашма тарихий мажмуаси» ҳамда маданият ва истироҳат боғига саёҳатлар уюштирилди. Шунинг баробарида, стацио­нар оромгоҳларда 120 нафар ўғил-қиз, бундан ташқари, Зарафшон шаҳрида жойлашган «Зарафшон» оромгоҳида кам таъминланган иқтидорли болалардан 100 нафари мазмунли ҳордиқ чиқарди.
Ходимлар ўртасида оммавий спортни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга эътибор қаратилиши иш самарадорлигини яхшилашда мустаҳкам замин яратмоқда. Мисол учун, «Спорт – саломатлик гарови» мусобақасининг туман босқичи кўтаринки руҳда ўтказилиб, ғолиблар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Таълим ходимлари ўртасида «Соғлом оила» шиори остида кечган «Отам, онам ва мен» спорт мусобақасининг туман босқичи ҳам спорт билан оилавий тарзда шуғулланишни рағбатлантирди, деб бемалол айтишимиз мумкин. Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ташкил этилган шахмат мусобақаси эса алоҳида кўтаринкилик бахш этди. «Ақл гимнастикаси» баҳсида соҳада фаолият кўрсатаётган 18 нафар хотин-қиз ва 26 нафар ўқувчи-қиз ўзаро куч синашди ва юқори натижа эгалари муносиб рағбатлантирилди.
Наврўз байрами арафасида «Чевар», «Бинафша», «Феруза», «Юлдуз» МТМларида бўлиб ўтган «Сизга таъзим, онажонлар» номли уч авлод учрашувлари тадбирларига 18 нафар нуроний онахон таклиф этилиб, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди.
Соҳа фахрийлари, қолаверса, меҳрга муҳтож инсонлар ҳеч вақт эътиборимиздан четда эмас. Байрамларда уларни йўқлаб, кўнглини кўтаришга ҳаракат қиламиз. Хусусан, нафақадаги 11 нафар, бемор бўлган 4 нафар ходимнинг ҳолидан хабар олиниб, кам таъминланган 32 та оилага моддий ёрдам кўрсатилди. Муборак Рамазон ойида кўп болали ва эҳтиёж­манд оила вакилларининг 42 нафарига хайр-эҳсон кўрсатилди.
Ички туризмни ривожлантиришга ҳисса қўшиш ҳам фаолиятимизнинг ажралмас қисмига айланган. Энг муҳими, бундан оддий ишловчилар, касб эгалари манфаатдор бўляпти. Жумладан, Хива, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига фахрийлар, кам таъминланган ва ҳозирда соҳада фаолият олиб бораётган 200 нафардан ортиқ ходимлар иштирокида уюштирилган саёҳат таассуротларга бой бўлди.
Меҳнат жамоаларида «Устоз-шогирд» анъанасини ривожлантириш мақсадида кенгашимиз томонидан амалиётни яхши ўтаган касб-ҳунар коллежи битирувчиларидан 24 нафарига энг кам иш ҳақининг 20 фоизи, уларнинг устозларидан 4 нафарига 50 фоизи миқдорида моддий ёрдам ажратилди.
Меҳнат хавфсизлигини таъминлаш жиддий вазифа ҳисобланади. Бунинг учун нафақат эътиборлилик, балки махсус билимга эга бўлиш ҳам талаб қилинади. Таълим муассасалари ўртасида «Меҳнат муҳофазаси бўйича жамоат назоратини энг яхши ташкил этиш юзасидан Республика кўрик- танлови»нинг туман босқичи ана шу мақсадга хизмат қилди. Танлов якунига кўра, фаолияти юқори баҳоланган 2-умумтаълим мактаби касаба уюшма қўмитаси вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритди. Мазкур мактабда фаолият учун барча шароит яратилган бўлиб, ходимлар Меҳнат кодекси ҳамда жамоа шартномаси асосида белгиланган имтиёзлардан тўлиқ фойдаланмоқда.
Жорий йилда «Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси» кўрик-танловининг туман босқичи ғолиби – 13-МТМ тарбиячиси Шаҳноза Бавоеванинг вилоят босқичида 2-ўринни эгаллагани фахрланарли воқеалардан бири бўлди.
Бугунги кунда таълим сифатини юксалтириш, маҳоратли ўқитувчиларни қўллаб-қувватлаш, меҳнатини қадрлашга эътибор ошган бўлиб, туманимиз ўқитувчилари буни ўз фаолиятида яққол ҳис этишмоқда. Ўқув йили арафасида уюштирилган анъанавий Август кенгашида 17 нафар илғор педагогга совға берилган бўлса, Ўқитувчилар ва мураббийлар куни муносабати билан 46 нафар фахрий ва 136 нафар илғор педагог ходимлар қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди. Яна бир жиҳат, жорий йилнинг шу кунига қадар 48 нафар кўп йил меҳнат қилган ўқитувчига сиҳатгоҳларга йўлланма ажратилди.
Мурожаатлар билан ишлаш масаласи ҳамиша жиддий ёндашувни талаб этади. 2018 йилнинг тўққиз ойи давомида ходимлардан 9 та ёзма ва 35 та оғзаки мурожаат келиб тушган бўлиб, барчаси атрофлича ўрганилиб, муаммоларга керакли ечим топилди. Шунингдек, моддий ёрдам сўралган 318 та аризанинг барчаси қониқтирилди. Санаторийга йўлланма сўралган 50 та аризадан 44 тасига ижобий жавоб берилиб, қолганларини келгусида қондириш режалаштирилди.
Соғлом ва баркамол авлодни ­вояга етказишдек эзгу ишда камарбаста бўлаётган тармоқ ходимларининг ҳар бири эътибор ва рағбатга лойиқдир. Улар меҳнатининг муносиб қадрланиши эса касаба уюшмаси фаолияти билан узвий боғлиқ бўлиб, бу эса ўз навбатида тинимсиз ҳаракат қилишни тақозо этади.

Қ.РАҲМОНОВ,
Таълим, фан ва маданият ходимлари
касаба уюшмаси Нурота тумани кенгаши раиси

Бошқа хабарлар