Маошлар ошди, масъулият-чи?

262

Мамлакатимизда ўқитувчиларга зарур бўлган барча қулайликлар яратиляпти. Уларнинг моддий манфаатдорлиги кескин кўтарилди. Фаолиятга тааллуқли бўлмаган ҳар қандай юмушлар, турли-туман мажлисларга жалб этишга чек қўйилди. Бу борада кейинги бир йил мобайнида ҳукуматимиз томонидан тизим ривожи учун озмунча иш қилингани йўқ, албатта. Хўш, бунга жавоб қандай? Барча «юк»лардан халос бўлган соҳада ўзгаришлар борми? Нима учун мактаб, ўқитувчи мавзуси доимгидек долзарблигича қолмоқда?

Самарқанд вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамкор ташкилотларни жалб этган ҳолда «Бозор боласи», «Ўқувчи», «Давомат» ва бошқа бир қатор тадбирларни муттасил ташкил этиб келмоқда. Вояга етмаганлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишга қаратилган бу тадбирлар натижадорлиги билан аҳамиятли бўлаяпти. Биринчи ярим йилда ана шундай ўрганиш­ларда мактаб ва коллежларнинг 3 минг 666 нафар ўқувчиси дарсга қатнашмасдан юрганлиги аниқланиб, тегишли чоралар белгиланди.

Ходим бир соат сабабсиз ишда кўринмаса, маъмурият тегишли тарзда унга интизомий чора қўллайди. Ўқувчи бир кун дарсга келмаса-чи? Ўқитувчида уни сўраб-суриштиришдан ортиқ ваколат йўқ. Шу боис мактаблардаги давомат оғриқли масалалигича қолмоқда. Бу тарбиядаги бўшлиқнинг белгисидир. Чунки ўқитувчи фақат бола билан эмас, балки унинг ота-онаси билан ҳам ишлаши керак, – дейди Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Самарқанд вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Ифтихор Раҳимов. – Психологларнинг фикрича, бола ҳали ўзлигини англамасдан туриб ҳам жамият ҳақида фикр юрита бошларкан. Зеро, ўқитувчи ҳар бир ўқувчиси билан сўзсиз тил топишиши учун шогирдининг таълимдан ташқаридаги ҳаёти, оилавий муҳитидан тўла бохабар бўлмоғи шарт, деб ўйлайман. Ана шундагина ўқувчи ўзининг асосий вазифаси бўлган ўқишдан чалғиб кетмайди.
Октябрь ойи мобайнида ўтказилган миллий мониторинг натижаларига кўра, ҳали бу соҳада ўзгаришлар ҳаминқадарлиги маълум бўлди. Масалан, 20 октябрда Пастдарғом туман «Искандар» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 33-мактабда ўқувчиларнинг 60 фоизи, 28 октябрда эса Нуробод туман «Улус» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Нуробод иқтисодиёт ва сервис касб-ҳунар коллежи ўқувчиларининг 15 фоизи машғулотларда иштирок этмаётгани аниқланган. Ўрганиш­лар жараёнида Тойлоқ туман «Талли ота» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 53-мактабда 30 фоиз ўқувчи дарсда қатнашмагани ҳам кузатилган. Бундай мисоллар бир талай.
Ҳайрон қоласан киши, ўқувчи ёшларнинг бемаҳалда кўнгилочар тунги клуб ва ресторанларда вақт ўтказаётганлигини қандай баҳолаш мумкин? Мисол тариқасида вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, жамоатчи вакиллар ҳамкорлигида яқинда ўтказилган рейд натижаларига назар ташлайлик. Ўтказилган тадбирда «Ремекс» тунги клубида соат 22:45 да Самарқанд туманидаги 23-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Д.Н.нинг спиртли ичимлик истеъмол қилаётган ҳолатига дуч келинган. Ёки тунги соат 23:10 да Самарқанд туризм коллежи ўқувчиси Т.М. шаҳардаги «Гегабайт» компьютер ўйинлари хонасида бўлганлигини қандай изоҳлаш мумкин? Самарқанд давлат университети ҳамда Самарқанд давлат чет тиллар институти талабалари М.Х. ва А.Т. бемаҳалда «Сафрон» тунги клубида нега адашиб юрибди? Клублар ва компьютерхона эгаларига тегишли тарзда чоралар кўрилди, албатта. Аммо бу мазкур ҳолат барҳам топди, дегани эмас.
Ўзимиз бевосита шоҳид бўлган яна бир воқеа. Халқ таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган «Ёз концепцияси» тадбирининг ижроси билан қизиқиб қолдик-да, август ойи ўрталарида Оқдарё ва Жомбой туманларидаги қатор мактабларда бўлдик. Аксарият таълим даргоҳларида мазкур тадбирнинг режа жадваллари ишлаб чиқилган. Қоғозларда маълумотлар жимжимадор. Аммо амалда бирор-бир ўқувчининг на спорт машғулоти, на у ёки бу тўгаракдаги иштирокига гувоҳ бўлдик. Мактаб раҳбарлари аксарият ўқитувчиларнинг меҳнат таътилидан ҳали қайтмаганлигини айтишди. Машғулотлар нима бўлаётир, деган саволимизга мутасаддилардан ўқитувчилар вақт топиб, вазифани уддалаш учун мактабга «ғир» этиб келиб кетаётир, қабилидаги жавобни олгандик.
– Биз ёшларимиз онгига маънавий тарбияни, одоб-ахлоқ тушунчаларини қанча эрта сингдира олсак, тафаккури энди шаклланаётган ёшлар буни шунча тез илғаб олади, – дейди иштихонлик ўқитувчи С.Абдураззоқова. – Қайси бир манбада кўзим тушганди, японлар миллат ғоясини ёшлар онгига ҳали ҳарф танимасданоқ сингдириб улгураркан. Назаримда, эътиқодни шакллантиришда бироз кеч қолаётгандекмиз. Бунинг учун, энг аввало, ўқитувчи тайёр бўлиши керак. Бадиий китобни қўя турайлик, ҳафтада қўлига бир марта газета ушламаган ўқитувчига маънавият ҳақида гапириб бўладими?!
Қарс икки қўлдан, дейди халқимиз. Давлатимиз диққат марказида турган соҳа ходимларидан бугунги кунда янгича ёндашув ва ташаббус­корлик кутилаётир. Тўғри, тизимда изланиш бор. Аммо ҳали ҳам эски қолипдан қутила олмаётганлар анчагина эканидан кўз юмишга асло ҳаққимиз йўқ.

Нурилла ШАМСИЕВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар