БЕБАҲО НЕЪМАТ ДЕЙМИЗ-У, ҚАДРИНИ АРЗОН БИЛУРМИЗ сувдан оқилона фойдаланиш тўғрисидаги муносабатимиз ҳақида мулоҳазалар

263

Дунёдаги мавжуд сув манбаларининг тўқсон етти фоизи истеъмол учун яроқсиз. Бундан кўпчилигимиз хабардормиз. Шундай бўлса-да… Бир дона тарвузни совутиш учун камида минг литр сув сарфлаймиз. Жўмракдан шариллаб оқаётган тоза сувни ҳовлига, йўлак­ларга кўллатиб сепамиз. «Микроклимат» ҳосил қилиш учун қўлбола фаввора ясаймиз. Аждодларимизнинг «Сувга тупурма, ифлос қилма, ахлат ташлама, қудуққа тош тўкма» деган ўгитлари ёдимиздан кўтарилиб кетган. Орол қуриб битаёзган бўлса-да, ҳамон кўпчилигимизда сув сероб, деган фикр ўзгармаган. Аслида-чи? Нега бунчалар бефарқмиз?

Япон олимининг «ҳайрати»

Бундан бир неча йил аввал япония­лик таниқли олимлардан бири Ўзбекистонга келиб, буюк ипак йўли ўтган шаҳарлар бўйлаб саёҳат қилади. Саёҳати якунида ўзбек хонадонларидан бирида меҳмон бўлади. Уй эгалари югуриб-елиб тансиқ таомлар тайёрлашади, дастурхонга сархил мева-чева қўйишади. Қиз-келинлар кўча, йўлак ва ҳовлини супуриб-сидириб, шлангда сув сепишади, гул-райҳонларнинг баргларини ювишади. Айни шу ­пайт­да дарвозадан меҳмонлар кириб келишади. Япониялик олим аёлларнинг саъй-ҳаракатини кўриб, аввалига ерга сепилаётган сув ҳақида сўрайди, ичишга яроқлилигини билиб, ҳайратга тушади ва ҳамроҳларидан бирига «Уй соҳиби миллиардер бўлса керак-а?» дейди…

Қимматга тушган чойхўрлик

Бундан бир неча йил аввал бир гуруҳ ҳамкасблар билан Миср давлатида бўлганимиз ёдимдан чиқмайди. Қадимий эҳромлар, неча минг йиллик тарих, юксак маданият ютуқлари хотирамизга нақшланиб қолди. Аммо унинг энг ёрқинларидан бири шуки, ҳар гал бир пиёла сув билан чанқоқни қондираётганимда уни эслайман…
Саёҳат дастури ғоят тиғиз бўлгани учун кечқурун ҳориб-чарчаб, меҳмонхонага қайтамиз. Кечки таом пайти белгиланган меъёрдаги бир финжон чойга қаноат қилмай, тарвуздай чойнакда аччиқ-аччиқ дамлатиб, ичаверибмиз. Ҳисоб-китоб пайти… бир терлаб, чўнтагимиз енгиллаб олди.

Барчанинг ризқи у

Ёзнинг жазирама кунлари йирик шаҳарларда яшаётган аҳоли жон бошига 600-700 литргача сув ишлатилади. Ҳамкасбимиз Дамин Жумақул бу тўғрида шундай ёзади: Ўзбекис­тонда бир одам соқол олишга ўртача 20 литр сув сарфлайди. Бу ҳақда 2000 йили Олий Мажлисда бўлиб ўтган йиғилишда айтилган эди. Орадан ўтган ўн саккиз йил мобайнида қанчадан-қанча йигитларимизнинг соқоли чиқди-ю, аммо ўша сарфланаётган 20 литр сув 21 литрга чиқса чиққандир, аммо 19 литрга тушганича йўқ. Европаликлар эса соқол олишга 200 грамм сув сарфлайди. Бунинг сабаби бизнинг соқолимиз европаликларнинг соқолидан юз баробар кўплигида эмас, биз шунчаки сув жўмрагини очиб қўйиб, юз баробар кўп сувни оқизиб юборишимизда». Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Томорқани суғорганда ҳар бир дарахтнинг тагида сув кўллаб, қўшни томонга пайнов чиқмагунча кўнглимиз тўлмайди. Далага сув очсак, эгатларга тараб қўйиб, эрталаб хабар оламиз…
Телевизорда неча йиллардан бери бир қултум сувга зор чўл-у биёбонларни, сувсизликдан лаблари қақраб, ёрилиб кетган болаларни, қуриб-қақшаб ётган ўрмонларни кўрамиз, аммо бунга ажабланмаймиз ҳам. Умуман, сув ҳақидаги тасаввуримиз ё тўлиқ эмас, ё бутунлай нотўғри. Билмаймизки, сув нафақат инсон, бутун табиат, жамики жонзотнинг, шу билан бирга, ер-у осмоннинг, бу ёруғ оламга биздан кейин келадиган авлодларнинг ҳам ризқи-насибаси. Бировнинг ризқига хиёнат қилиш эса оғир гуноҳ.
Олим дўстимиз эринмай тушунтиради: бугун ёмғир, дўл, жала бўлиб ерга сингаётган сув – кеча, ўтган ой ёки ўтган йили ердан кўтарилган буғ эмас, неча минг-минг йиллар, балким миллион йил аввал буғланган, ердан кўтарилган сув. Демак, бугун шивалаб ёғаётган ёмғир томчиларида ўтмиш аждодларнинг хотираси бор. «Сувга тупурма» деб бежиз айтилмаган. Фақатгина бу эмас, аввало, бу неъматни исроф қилмаслик керак.

Захираларимиз қандай?

Мамлакатимизда сув омборлари қурилиши натижасида 4,3 миллион гектардан ортиқ ерда суғорма деҳқончилик қилиш, сув ресурсларидан ­гидротехника ва балиқчилик мақсадларида янада кенгроқ фойдаланиш имкониятлари яратилган.
Давлат геология ва минерал ресурс­лар қўмитасининг маълумотларига кўра, мамлакатимизда 97 та ер ости суви конлари аниқланган бўлиб, улардан 19 тасининг ҳосил бўлиш зонаси қўриқланадиган табиий ҳудудлар тоифасига киритилган. Кейинги йилларда сув танқис жойларда аҳолини марказлаштирилган ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида муайян чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Чунончи, 69 та шаҳар, 335 та посёлка ва 2902 та қишлоқ аҳоли пунк­ти эҳтиёжлари ер ости сувлари захиралари ҳисобига қондирилаётир. Аммо бу муаммо тўлиқ ўз ечимини топгани йўқ.
Ер ости ичимлик суви конларининг ҳозирги ҳолатини баҳолаш, истиқболли чучук ер ости сув захираларини қидириб топиш ҳам бугунги куннинг муҳим вазифаларидан ҳисобланади Мазкур йилда мамлакатимизда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва канализация объектларини қуриш ҳамда мавжудларини реконструкция қилиш ишлари учун Молия вазирлиги ҳузуридаги «Тоза ичимлик суви» жамғармасига 584,7 миллиард сўм ажратилган. Сармоялар эвазига 377 та тегишли объект, бир ярим миллион километрга сув қувурлари ҳамда 261 та сув иншоотини қуриш, реконструкция қилиш ишлари амалга оширилмоқда.
Мазур ишлар давлатимиз раҳбарининг «2017 – 2021 йилларда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш дастури тўғрисида»ги ҳамда «2017 – 2021 йилларда ер ости сувлари захираларидан оқилона фойдаланишни назорат қилиш ва ҳисобга олишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари асосида амалга оширилмоқда.

Муносабат ўзгармаса…

Кейинги йилларда тоғларга қор кам тушмоқда, музликларнинг умумий майдони қисқармоқда, тоғ зоналаридаги сув захирасини тўпловчи ўрмон ва арчазорлар кесилмоқда. Аҳоли сонининг ошиши билан ер усти ва ер ости сувларидан ичимлик суви сифатида фойдаланиш кўпаймоқда.
Ўзбекистон Экологик ҳаракати маълумотларига кўра, тоза ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш борасида тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилган, бу борадаги фаолиятни ҳуқуқий жиҳатдан йўлга солиш мақсадида қонунлар, ҳукумат қарорлари қабул қилинган. Мамлакат ҳудудидаги барча дарё ва каналлар қирғоғида сув муҳофазаси зонасини ташкил этиш ва уни амалга ошириш, дарё ва каналларга ташланаётган оқова сувларини назоратга олиш, канализация тизимларини мукаммаллаштириш, шунингдек, бактериологик ифлосланишнинг олдини олиш муҳим вазифа деб белгиланган.

Бир қарашда, ташвишга тушадиган жойи йўқ, ҳаммаси жойида: чора-тадбирлар белгиланган, сувни тежаб ишлатиш ҳаракатлари бошланган. Аммо шу билангина муаммони ҳал қилиб бўлмайди. Сувни тежайдиган замонавий мосламалардан фойдаланиш, янги сув омборлари қуриш, сув нархини оширишдан ҳам муҳим бир вазифа бор, у ҳам бўлса, бизнинг, катта-ю кичик: ўзимиз, фарзандларимиз, набираларимиз – беистисно ҳаммамизнинг обиҳаёт деб аталмиш ноёб мўъжизага муносабатимизнинг ўзгаришидир. Бу муносабат ўзгармас экан, муаммо йил ўтгани сари янада мураккаблашиб бораверади. Чунки сув­нинг бир томчиси ҳам сув – бебаҳо неъмат.

Аҳмаджон Мелибоев,
Ўзбекистон Миллий
университети доценти

Бошқа хабарлар