Бекор қилинган фармойиш аслида воқеалар ривожи қандай бўлган эди?

186

Кейинги кунларда ижтимоий тармоқларда тарқалган Халқ таълими вазирлиги ахборот хизматининг Жиззах вилояти ҳокими фармойиши билан «Сўғдиёна» футбол клубига ҳашар кўринишда ўқитувчилардан ноқонуний равишда маблағ ундирилгани тўғрисидаги хабари кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортди.

Хабарда айтилишича, Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиевнинг 2018 йил 2 ноябрдаги «Сўғдиёна» профессионал футбол клубининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш тўғрисида»ги 360-Ф-сонли фармойиши қабул қилиниб, унга асосан 3-4 ноябрь кунлари умумхалқ ҳашари ташкил этилган. Фармойишда умумхалқ ҳашари доирасида бошқармалар, идоралар ва бошқа ташкилотларда меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг бир кунлик иш ҳақи миқдоридаги маб­лағ «Сўғдиёна» профессионал футбол клубининг ҳисобрақамига ихтиёрий равишда ўтказилиши белгилаб ­қўйилган.
Умумхалқ ҳашари доирасида Жиззах вилояти халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги умумтаълим мактаби ишчи-­ходимлари иш ҳақидан 272.156.729 сўм «Сўғдиёна» ҳисобига ўтказиб берилган.
Таъкидлаш лозимки, ҳокимнинг бу фармойиши Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги 349-сонли «Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорига зид равишда қабул қилинган.
Ҳукумат қарорининг 2-бўлим «а» бандига кўра, умумхалқ ҳашарини ўтказиш тўғрисида фақат Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентининг тегиш­ли ҳужжати ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарори мавжуд бўлгандагина ташкил этиш мумкин.

 

 

Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, вазирликнинг Ҳуқуқий-назорат хизмати аралашувидан сўнг Жиззах вилояти ҳокимининг 2018 йил 2 ноябрдаги «Сўғдиёна» профессионал футбол клубининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш тўғрисида»ги 360-Ф-сонли фармойиши 2018 йил 10 ноябрдаги 369-Ф-сонли фармойиш билан бекор қилинган.
Хўш, аслида бу воқеа қандай бўлган? Халқ таълими вазирлиги ахборот хизматининг хабарига эътироз билдирмаган ҳолда шуни қўшимча қилиш ­жоизки, мазкур ҳолат бўйича Жиззах вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси томонидан муносабат билдирилиб, бирлашма кенгаши раиси Н.Пардаев имзоси билан Жиззах вилоя­­ти ҳокими номига 2018 йил 8 ноябрь куни 01-01/141-сонли хат жўнатилган.
Мазкур хат асосида Жиззах вилоя­­ти ҳокимининг олдинги фармойиши 2018 йил 10 ноябрдаги 369-Ф-сонли фармойиш билан бекор қилинган.
Кўриниб турганидек, бу масалага Халқ таълими вазирлигининг Ҳуқуқий-назорат хизмати аралашувидан аввал чора кўрилган. Бу Жиззах вилояти ҳокимининг 369-ф-сонли фармойишининг биринчи бандида ҳам ўз аксини топган. Шундай экан, ахборот беришда ҳаққонийлик ва холислик тамойилига барча бирдек амал қилиши зарур.

Алижон АБДУРАҲМОНОВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар