«Бирлик ва бағрикенглик тамойили остида бирлашамиз»

222

Шу шиор остида фаолият юритаётган Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси ҳақида нималарни биламиз?

Қўшни Тожикистон меҳнаткашларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган муассаса тарихи 92 йиллик даврни ўз ичига олади. Бу унинг улкан тажриба ҳамда салоҳиятидан далолат беради.

1991 йил қайта ташкил этилган Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси 1 миллиондан ортиқ меҳнаткашни бирлаштирган бўлиб, унинг таркибида 19 рес­публика тармоқ касаба уюшмалари, 3 вилоят кенгаши (Сўғд вилоят касаба уюшмалари кенгаши, Хатлон вилояти касаба уюшмалари кенгаши, Тоғли-Бадахшон вилояти касаба уюшмалари кенгаши), 1 шаҳар кенгаши (Кўлоб шаҳар касаба уюшмалари кенгаши), 28 та вилоят, 27 та шаҳар ва 157 туман ҳудудий касаба уюшмалари бирлашмалари фаолият кўрсатмоқда.
10 мингдан ортиқ бош­ланғич касаба уюшма ташкилотлари тожикистонлик ишловчиларнинг меҳнатга тааллуқли ҳақ-ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиб келаётганини эътироф этиш жоиз.
Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси устави 1991 йил қабул қилинган ва бир мунча вақт ўтиб унга баъзи ўзгаришлар киритилган. Федерация таркибидаги кенгаш, бирлашма ҳамда ташкилотлар ўз олдига аниқ мақсадларни қўйган бўлиб, уларнинг рўёби сари дадил одимлаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Жумладан, ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, меҳнаткашлар ҳақ-ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламини моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш Федерациянинг асосий тамойилларига айланган.
Ҳозирги кунда Тожикис­тон мустақил касаба уюшмалари Федерациясининг ҳукумат миқёсида тутган мавқеи ҳавас қиларли даражада юксак. Бунга ташкилотнинг ҳукумат доирасида амалга ошираётган ишлари, қабул қилаётган ҳаётбахш қарорлари асос бўлаётир.
2005 йилнинг 2 декабрида Тожикистон ҳукумати томонидан «2006 – 2008 йилларда Тожикистон Республикаси ҳукумати ва Тожикистон мус­тақил касаба уюшмалари Федерацияси ўртасида Бош келишув тўғрисида» қарор қабул қилинди. Унга мувофиқ, тармоқ ва ҳудудий келишувлар, жамоа шартномалари ҳамда меҳнаткашлар ҳуқуқлари ­мустаҳкамланди.
Шу кунга қадар Тожикис­тон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан мамлакат парламенти ХМТнинг 44 та Конвенция­­си ҳамда 20 та тавсиясини ратификация қилди. Бундан ташқари, Федерация Меҳнат вазирлиги ва Халқаро Меҳнат Ташкилотига амалга оширилаётган ислоҳотлар, конвенция ва тавсияларнинг амалиётдаги татбиқи ҳақида мунтазам равишда ахборот етказиб туради.
Бугунги кунда республика касаба уюшмалари таркибида кўплаб санаторий, курорт, болалар соғломлаштириш оромгоҳлари мавжуд. Шунинг­дек, тизимда туристик ташкилот ва «Тожикистон», «Ҳосилот» спорт жамиятлари фаолият кўрсатяпти.
Федерация Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси, Хитой, Туркия касаба уюшмалари Федерациялари билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйган. «Ҳамраи», «Навид» каби нашрларда мамлакат касаба уюшмалари ҳаётига оид воқеликлар ёритиб борилади.
2017 йилдан бери Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси раҳбари сифатида Қодири Қосим фаолият кўрсатиб келмоқда.
Ўзбекистон ва Тожикис­тон тармоқ касаба уюшмалари ўртасида яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатилгани алоҳида таҳсинга лойиқ. Хусусан, Металлургия ва машинасозлик саноати, Авиаходимлар тармоқлари Республика кенгашлари қардош халқ турдош касаба уюшма ташкилотлари, хусусан, «Тожикметалл» кончилик, металлургия саноати ва геология ходимлари касаба уюшмаси, Кимё, нефть тармоқлари ва маҳаллий саноат ходимлари касаба уюшмаси билан яқиндан тажриба алмашиб келаётир.
Жорий йилнинг апрел ойи­­да пойтахтимизда «Ҳаракатлар стратегияси ва кучли ижтимоий сиёсат: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси» мавзуи­да халқаро конференция ташкил этилган ва унда жаҳоннинг кўплаб давлатлари қатори, Тожикистон делегация­­си ҳам қатнаш­ган эди.
Конференция доирасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Тожикис­тон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси ўртасида Ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланган. Шу кунларда юртимизда қардош Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси меҳмон бўлиб турибди. Икки томон ўртасида қардош халқлар тараққиётига ҳисса қўшувчи ҳамкорлик шартномалари имзоланиши кутилмоқда. Бу икки давлат касаба уюшмалари тизимидаги ҳамкорликнинг янги босқичи бошланишига, дўстона алоқалар янада мустаҳкамланишига замин яратиши шубҳасиз.

Давронбек ОРИПОВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар