Азалий дўстликнинг ёрқин ифодаси

55

Аввал хабар берганимиздек, Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси вакиллари 20-23 ноябрь кунлари мамлакатимизда бўлди. Меҳмонлар ташриф доирасида тизимда амалга оширилаётган ишлар, ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.

22 ноябрь куни икки давлат касаба уюшмалари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва уни мустаҳкамлаш, биргаликдаги фаолиятнинг келгусидаги истиқболларини белгилаб олиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси вакилларининг юртимиз касаба уюшмалари фаоллари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков ҳамда Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қодири Қосим сўзга чиқиб, икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик, ижтимоий-сиёсий муносабатларда ўзаро ишонч асосидаги самарали тажриба алмашинувининг йўлга қўйилиши, шунингдек, Ўзбекистон ва Тожикистон касаба уюшмалари ўртасидаги Ҳамкорлик битими келгусида биргаликда амалга ошириладиган ишлар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилиши хусусида фикр билдиришди. Ушбу учрашув икки томон манфаатлари учун том маънода муҳим аҳамият касб этиши таъкид­ланди.
Учрашув давомида Ўзбекистон истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ва Тожикистон савдо, истеъмолчилар кооперацияси ва хусусий ташкилотлар ходимлари касаба уюшмаси Республика қўмитаси ўртасида ҳамкорлик ва ўзаро англашув бўйича Меморандум, Ўзбекис­тон авиаходимлари касаба уюшмаси Респуб­лика кенгаши ва Тожикистон авиаходимлари касаба уюшмаси Республика қўмитаси ўртасида ҳамкорлик бўйича Келишув, Сўғд вилояти касаба уюшмалари кенгаши ва Тошкент вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида Келишув, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг «Касаба сайр» шўъба корхонаси ҳамда Тожикистон касаба уюшмалари экскурсия ва саёҳат ташкилоти ўртасида ўзаро алоқа ва ҳамкорлик тўғрисида Меморандум, Тожикис­тон кимё, нефть соҳаси ва маҳаллий саноат ходимлари касаба уюшмаси ҳамда Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида Меморандум ва бошқа ҳужжатлар имзоланди.
Тадбирдан сўнг тожикистонлик меҳмонлар Тошкент бўйлаб саёҳат қилиб, пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойлари ва тарихий обидалари билан танишдилар.
23 ноябрь куни Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси делегациясининг мамлакатимизга ташрифи ўз ниҳоясига етди.
Ишончимиз комилки, Тожикистон ­мустақил касаба уюшмалари Федерацияси делегациясининг Ўзбекистонга мазкур ташрифи доирасида ташкил этилган тадбирлар ва имзоланган ҳужжатлар икки давлат касаба уюшмалари ўртасидаги дўстона ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.

Аъзам АБУЛФАЙЗОВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар