Мақсад эзгу, манзил аниқ

37

Самарқанд вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгашида Халқаро меҳнат ташкилоти вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

– Ҳамон Осиё Форуми таассуротлари оғушидамиз, – дейди ХМТ меҳнаткашлар фаолияти бўйича бюроси (АCNRFV)нинг Европа ва Марказий Осиё бўйича сектор мудири Сергеюс Гловацкас. – Биз жамоат ташкилотида меҳнат қилаётганлар фикр-у ўйи, иш шароити билан яқиндан танишдик. Касаба уюшмаларида ишловчи ҳар бир ходим меҳнати қадр топаётганидан мамнуният ҳис қилдик. Айниқса, бирлашма кенгаши таркибида ўқув маркази, туризм фирмасининг фаолияти йўлга қўйилгани, қўшимча иш ўринлари яратиш борасидаги изланишлар эътирофга лойиқ. Бу жамоанинг бир мақсад йўлидаги интилишидан дарак бериб турибди.
Мулоқот жараёнида ХМТ вакиллари Сергеюс Гловацкас ва Кари Тапиола ўзлари хизмат қилаётган ташкилотнинг халқаро доирада амалга ошириб келаётган фаолияти, меҳнат тенглигига эришиш борасидаги ҳаракатлари хусусида сўзлаб беришди.
– Ўзбекистонда кейинги йилларда барча жабҳаларда шиддатли ислоҳотлар амалга оширилди, – деди учрашувда ХМТ маслаҳатчиси Кари Тапиола. – Ишловчиларга муносиб меҳнат шароити яратиш, мажбурий меҳнатни чеклаш юзасидан жуда кўп ишлар қилинди. Мазкур соҳага доир қарорлар ҳам бу борадаги қатъий позициядан далолатдир. Мамлакатингизда дала юмушларига ҳашарчиларни жалб этиш эски даврдан мерос эканини тушунамиз. Ҳукуматнинг ана шу сарқитлардан халос бўлиш йўлидаги дадил қадами халқаро доираларда ҳам эътироф этилмоқда.
Меҳмонлар меҳнат муносабатлари ҳамда шарт-шароитларини яхшилаш бўйича касаба уюшмалари томонидан амалга оширилаётган ишлар билан атрофлича таништирилди.
Учрашув якунида ХМТ сектор мудири Сергеюс Гловацкас бирлашма кенгаши раиси С.Рафиқовга Халқаро меҳнат ташкилоти «Фахрий ёрлиғи»ни топширди.

Нурилла ШАМСИЕВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар