Рағбат – муваффақиятлар гарови

36

Гулчеҳра Ҳайдарова кўп йиллардан буён Зомин туманидаги 1-умумтаълим мактабида ёш авлодга таълим-тарбия бериб келмоқда. Яқинда у касаба уюшмаси томонидан ажратилган йўлланма билан «Оқтош» сиҳатгоҳида дам олиб қайтди. Айни пайтда педагог аёлнинг ғайрат-шижоати аввалгидан ҳам баланд.

Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Зомин тумани кенгаши тизимида 96 та бошланғич ташкилот мавжуд. Қуйи бўғин касаба уюшмасининг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Шу боис, бош­ланғичлар фаолиятини такомиллаштириш, ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг саломатлиги ҳақида қайғуриш, турли маданий-маърифий ва спорт тадбирлари орқали бўш вақтини фойдали ҳамда мазмунли ўтказиш, сирасини ­айтганда, меҳнатга бўлган муносабатини ижобий томонга ўзгартиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– Маъмурият билан ҳамкорликда жамоа шартномаси шартларининг бажарилишини мунтазам назорат қилиб бораётганимиз ўз натижасини бермоқда, – дейди тармоқ касаба уюшмаси Зомин тумани кенгаши раи­­си Бахтиёр Жонтурсунов. – Қолаверса, тизимга оид қонун ҳужжатларини ўрганиш борасида бошланғич ташкилотларда семинар ва давра суҳбатлари ўтказиб борилмоқда. Тадбирларда касаба уюшма аъзоларининг ҳуқуқ ва бурчлари, уларга яратилган имтиёзлар ҳақида батафсил маълумот беряпмиз. Ишчи-хизматчиларнинг иш шароити, меҳнат муҳофазаси доимий эътиборда.
Ижтимоий ҳимоя касаба уюшмалари фаолиятининг асосий йўналишини ташкил этади. Соҳада хизмат қилаётган кам таъминланган оила вакилларидан 85 нафарига моддий ёрдам берилди. Бундан ташқари, 18 та оилага кўмак кўрсатилди.
Ишчи-хизматчиларнинг меҳнат унумдорлиги саломатлик, тетиклик, яхши кайфият билан чамбарчас боғлиқ. Бунда эса спорт муҳим омил ҳисобланади. Шу боисдан ходимлар ўртасида «Спорт – саломатлик гарови» шиори остида мусобақалар ўтказиш анъана тусини олган.
Ходимларнинг мамлакатимиз бўйлаб саёҳатини ташкил этиш, уларни ­диёримизнинг тарихий масканлари ҳамда бугунги замонавий қиёфаси билан яқиндан таништириш ҳам муҳим аҳамиятга эга. 417 киши туман ҳудудидаги зиёратгоҳларга олиб борилди. 1072 нафар касаба уюшма аъзоси эса вилоятдаги диққатга сазовор жойларга саёҳат қилдирилди.
– Мактабимиздан 30 нафар ишчи-хизматчи Самарқанд шаҳрига саёҳатга бориб келди, – дейди Даштобод шаҳридаги 50-умумтаълим мактаби касаба уюшма қўмитаси раиси Алишер Жўраев. – Педагогларнинг тарихимиз ва бугунги кунимиз ҳақидаги тасаввури янада бойиди. Бу дарс ва машғулотлар жараёнида ўқувчиларнинг она юртга бўлган меҳр-муҳаб­батини оширишда қўл келади.
Ходимларни санаторийларда дам олдириб, саломатлигини тиклашга амалий кўмак кўрсатилаётгани ҳам ибратли ишлар сирасидан. Шу кунгача тизимда хизмат қилаётган 103 нафар касаба уюшма аъзоси мамлакатимиздаги турли сиҳатгоҳларда даволанди.
Ишловчилар учун қонунда назарда тутилган имтиёзларнинг кенг жорий этилиши, шубҳасиз, соҳада эришилажак муваффақиятларнинг калити бўлиб хизмат қилади.

Абдусаттор СОДИҚОВ

Бошқа хабарлар