Андишани унутмаяпмизми?

198

Тан жароҳатидан кўнгил жароҳати ёмон. Халқимиз бежиз айтмаган: тиғ яраси битади, дил яраси битмайди. Бунга мисоллар жуда кўп. Мана энг яхши кунларимиз – тўйларимизда такрорланаётган, таъсири ва оқибатлари ботинимизни эгаллаб бораётган ҳолатларга эътибор беринг-а. Ачинарлиси, бу иллатлар жуда тез томир отиб, одамлар қалбини, сўнгра жамиятни ич-ичидан емириб бормоқда.

ТЎЙМИ БУ, КОНЦЕРТМИ?

Яқинда Хатирчи ва Қизилтепада бир-бирига ўхшаган икки тўйга бордик. Давра катта ва қизғин. Тўй тўй-да, дийдорга ҳам тўйи­лади. Узоқ вақт кўрмаганини кўради. Суҳбатлашади, ҳол-аҳвол сўрашади, яқиндан танишади. Бироқ шовқин сабаб ҳеч ким бир-бирини эшитмаётгани аниқ эди. Фақат имо-ишоралар, қўллар ҳаракатидан ва бош силкиш­лардан бир-бирини тушунишга уриниш англашиларди. Шу топ­­да ўзим ҳам, бошқалар ҳам фақат бир нарса ҳақида ўйлаётганини ҳис этдим: «ҳой, овозингни сал пасайтирсанг-чи…» Кошки буни хонанда эшитса!
Овоз кучайтиргичларнинг шовқинига унча-мунча одам чидаши қийин. Тўйга келганларнинг аксарияти қорни тўйиб-тўймай, тўёна бериб-бермай ташқарига отилиб чиқишининг сабаби ҳам аслида шунда. Назаримда, бу маҳалла фаол­лари билан ўйлаб кўриладиган жуда жиддий масала. Негаки, тўйга фақат қулоғи карлар бораётгани йўқ… Қолаверса, тўй фақат концертдан иборат эмас. Унда дийдорга тўймоқ, ширин суҳбат қурмоқ деган гаплар ҳам бор.

ОҚСОҚОЛГА  ЯРАШМАГАН ҚИЛИҚЛАР

Иштихон тумани марказида бўлган бир тўйда жуда хижолатли ҳолат юз берди. Соқол-мўйловига оқ оралаган, ёши олтмишдан ошган, батартиб ва мўйсафидларга хос кийинган отахон билан бир даврада ўтириб қолдик. Давра аҳли ноз-неъматлардан тотиб, аммо «даврани қиздирадиган»дан олишга бир оз тортиниб туришган бир пайт отахон… қадаҳдаги ароқни бир кўтаришда сипқорди. Кейин иккинчисини, учинчисини… бешинчисини… Бошқаларга ҳам «БОСТИРАВЕРИНГ» дея хуш кайфият билан ишора қилди. Шу орада давра оралаб раққоса келиб, «мўйсафид»­­га қарата «пул қистирмайсизми», дея муқом ва ишва қила бошлади. У эса чўнтагидан беш минг сўм чиқариб стол устига қўйди. Раққоса пулга узалиши билан қўлидан шарт тортди-ю, тиззасига ўтқазиб олди…
…Бундан ўзи, раққоса ва бошқа «бети йўқ»лар ҳам завқ-шавққа тўлишди. Қийқиришди. «Баракалла», деган сўзлар янгради. Мен эса ҳайратга тушдим. Ёши улуғ бир инсон шундай қилиқ қилиб турса-я…
Билсам, тўй беқи­лиқ соқоллининг яқин қариндош­ларидан бириники экан. Демак, унда «мўйсафид»нинг қизлари, келинлари, неваралари ҳам бор. Улар ҳам бу томошани кўргани аниқ. Бегона бўла туриб, уялиб кетдим. Қалбда эса оғриқли савол бор эди: қаёққа қараб кетяпмиз?..

ПУЛ ЙИҒАЁТГАН  ТЎЙБОЛАЛАР

Юртимизнинг воҳаларида шундай удум бор: суннат тўйи бўлаётган болакай от устида ёки тоғасининг елкасига ўтириб, даврани айланиб, пул йиғади. Балки бунга чидаш мумкиндир, аммо кейинги вақтда унга қўшимча яна бир ҳолат аста-секин урф-одатга айланиб бормоқда. Яъни отдан пул йиғиб тушган бола катта ёшдагиларнинг олдига ўйнаб келиб, пул сўрамоқда. Бермаслик – «уят-а!».
Энг ачинарлиси, бунга ҳамма гувоҳ. Маҳалла, мактаб, ўқитувчи, ота-­оналар, ҳокимият ҳам. Бироқ ҳеч ким унинг оқибати ҳақида ўйлаб кўрмайди.

Бу бизнинг бир-икки тўйдаги кузатиш­ларимиздаги ҳолатлар. Аслида эса улар бундан ҳам кўп. Назаримда, биз ота-боболаримиздан қолган андиша, уят ва инсоф туйғуларини йўқотаётгандекмиз. Қаёққа кетаяпмиз? Ўйлаб кўриш фурсати етмадимикан?

Нормурод
МУСОМОВ

Бошқа хабарлар