Хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб

25

Қашқадарё вилоятидаги «Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи» корхонасида Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Хотин-қизлар комиссияси ташаббуси билан «Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари ҳимояси» мавзуида семинар бўлиб ўтди.

Унда тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгаши раи­­си Мавжуда Халилова, Хотин-қизлар комиссияси аъзолари, бошланғич касаба уюшма ташкилотларида фао­лият юритаётган хотин-қизлар билан ишлаш комиссиялари раислари қатнашди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятда тутган ўрнини янада ошириш, аёлларни ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий, маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиб келинаётир. Ижтимоий-сиёсий фаол аёлларга жамият тараққиётининг етакчи кучи сифатида қаралиб, хотин-қизлар ҳуқуқлари ва эркинлигини таъминлашнинг мус­таҳкам ҳуқуқий базаси шакллантирилиб, уларнинг барча ­жабҳаларда фаол иштирокини таъминлашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Хотин-қизлар комиссияси фаолиятида ҳам аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларда етакчилик сифатларини ривожлантириш, ташаб­бусларини рағбатлантириш бош мезонга айланиб улгурган.
«Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат дас­турини ҳаётга изчил татбиқ этиш доирасида, хусусан, ташкилот (корхона)лардаги хотин-қизларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш, туғиш ёшидаги аёлларни мунтазам оммавий профилактик кўрикдан ўтказиш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш ва репродуктив саломатликни яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир.
Анжуманда, шунинг­дек, Ўзбекис­тонда аёллар ҳуқуқий маданиятини мустаҳкамлаш борасида демок­ратия ва инсон ҳуқуқлари институти фао­лиятининг ўзига хос жиҳатлари, жамият ривожида ташаббус­кор аёллар тажрибаси, хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашда банклар хизматининг аҳамияти каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Маълумот тариқасида айтадиган бўлсак, бугунги кунда тармоқ тизимида 56 мингдан зиёд касаба уюшма аъзоларидан 18 минг нафари хотин-қизлардир. 2018 йил давомида жойларда тармоқ тизимидаги корхона ва ташкилотларда турли мавзуларда 70 га яқин семинар ва давра суҳбатлари ўтказилган бўлиб, уларда 6 минг нафарга яқин хотин-қизларнинг иштироки таъминланди. Жумладан, «Кимё ва фармацевтика саноати соҳасида аёлларнинг роли ва иштироки ҳамда хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясига оид истиқболдаги вазифалар», «Касаба уюшмаларининг устувор вазифаларини таъминлашда хотин-қизлар нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш масалалари», «Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришда ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлашнинг муҳим аҳамияти», «Репродуктив саломатликни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асосини такомиллаштириш – соғлом жамият кафолати», «Фаол аёллар – корхонанинг таянчи ва мададкори» сингари мавзуларда семинар, конференция ва давра суҳбатлари ташкил этилди.
Бу каби тадбирлар ­бошланғич ташкилотлар, хотин-қизлар комиссия­лари ва турли ҳамкор ташкилотлар билан баҳамжиҳатликда уюштирилаётгани эътиборга сазовордир.
Семинар доирасида иштирокчиларнинг Шаҳрисабз ва Қарши шаҳарларига саёҳати уюштирилди.

Муҳайё ХОЛБОЕВА,
Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси
Республика кенгаши
бош мутахассиси

Бошқа хабарлар