Ҳар бир муаммо эътиборда

258

Жамоатчилик комиссиясининг Учтепа туманидаги галдаги учрашуви «Тинчликобод», «Бирлик», «Фарҳод», «Чўпонота», «Ватан», «Ватанпарвар», «Ширин», «Найман», «Алихонтўра Соғуний», «Дийдор», «Янгийўл», «Диёробод» маҳаллалари фаоллари иштирокида бўлиб ўтди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, «Маҳалла» ва «Нуроний» жамғармалари, Республика маънавият ва маърифат маркази, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат Жамоатчилик комиссияси қошида ташкил этилган ишчи гуруҳларнинг маҳалла фаоллари билан ҳамкорликдаги ўрганишлари чоғида аниқланган муаммолар ва уларнинг ечими мутасадди ташкилотлар эътиборига ҳавола этилди.

Дастлаб «Тинчликобод» маҳалласида мавжуд муаммолар тилга олинди. Маҳалладаги иккита кўп қаватли уйда лифт яхши ишламайди. Бу юқори қаватларда яшовчи кексалар, ногиронлиги бўлган фуқароларга тушиб-чиқишда қийинчилик туғдирмоқда. Кўчалар асфальти талаб даражасида эмас.
Мутасаддилар ушбу йўлларни таъмирлаш кейинги йил дастурига киритилгани, лифт эса 2019 йил март ойида алмаштирилишини маълум қилишди.
Мазкур маҳаллада яшовчи Шаҳноза Нурматова коммунал тўловлардан қарздорлиги кўпайиб кетгани, икки нафар фарзанди билан қийналаётганини билдириб, имтиёзли уй-жойга эга бўлиш масаласида ёрдам сўраб мурожаат қилди. Жамоатчилик комиссияси томонидан вазият ўрганилиб, мавжуд қарздорлик тўлаб бериладиган бўлди. Уй-жой масаласидаги мурожаатни ижобий ҳал этиш эса туман ҳокимлиги зиммасига топширилди.
– 2015 йилда менга ичак саратони ташхиси қўйилди, шундан сўнг икки маротаба операцияни бошдан кечирдим, – дейди «Тинч­ликобод» маҳалласида яшовчи Нафиса Икромова. – Ҳозирда соғлиғимни тиклаш ва муолажаларни давом эттиришга моддий имкониятим етмаяпти.
Н.Икромовага даволаниши учун касалхонага йўлланма бериладиган бўлди.
«Бирлик» маҳалласида қишки мавсумда иссиқлик тизими яхши ишламаслиги, босим пастлиги масаласи кўтарилди. Масъул ташкилот вакиллари муаммо қисқа муддатда бартараф этилишига ваъда беришди. Маҳаллада моддий ёрдамга муҳтож хонадонлар, уй-жой, шунингдек, дори-дармон масаласида ёрдам сўраган фуқаролар мурожаати тингланди ҳамда мутасаддилар эътиборига ҳавола қилинди.
«Фарҳод» маҳалласида яшовчи Иқбол Бакирова ўзи истиқомат қилаётган кўп қаватли уйнинг ертўласидаги ҳаво айланиши учун мўлжалланган туйнуклар таъмирлаш вақтида эътиборсизлик оқибатида бекилиб қолганини билдирди. Туман ҳокими бу масалага эътибор қаратишини ва камчилик тез орада бартараф этилишини таъкидлади.
Ихтиёр Раҳимов эса ўзи ва турмуш ўртоғи 2-гуруҳ ногирони экани, даволаниш ва дори-дармонга моддий имконияти етмаётгани боис ёрдам сўраб мурожаат қилди.
Шу билан бирга бешта уй орасидаги болалар майдончаси бузиб ташлангани, қайтадан қуриб беришса, ота-оналарнинг хавотири-ю ортиқча оворагарчиликка чек қўйи­лар эди, деган таклиф билдирилди.
Ушбу мурожаат юзасидан туман ҳокимлиги, маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва бошқа масъул ташкилотларга тегишли вазифалар берилди. Болалар майдончаси қуриладиган бўлди.
«Чўпонота» маҳалласида ҳам айрим муаммолар мавжудлиги аниқланди. Хусусан, электр таъминотида, кўчаларни асфальтлаш масаласида маҳалла фаолларининг эътирозлари тингланди. Маҳаллада мактабгача таълим муассасаси йўқлиги, 238- ва 219-умумтаълим мактаблари таъмирталаб ҳолда экани ҳам айтиб ўтилди.
Жамоатчилик комиссияси қошидаги ишчи гуруҳларнинг ўрганиш­лари давомида шу каби қатор муаммолар бошқа маҳаллаларда ҳам мавжудлиги, аксарияти ҳал этилгани, қолган масалалар эътиборга олингани таъкидланиб, ҳар бир мурожаат юзасидан муаммони ижобий томонга ҳал этиш борасида мутасадди ташкилотларга топшириқ ва вазифалар белгилаб берилди.

Аъзам АБУЛФАЙЗОВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар