Кўнгиллар тўлиб, ишонч ошмоқда

24

Инсоннинг кўнгли қачон тўлиб, қачон кўзи қувнайди? Қачонки, кимдир унга эътибор ва меҳр-оқибат кўрсатса, ғамхўрлик қилса… Агар ўша «кимдир» – ДАВЛАТ бўлса-чи?

Президентимизнинг 2017 йил 12 сентябрдаги «Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори кўплаб юртдошларимизнинг кўнгиллари қувнаб, кўзлари севинчдан ёшланишига сабаб бўлди.
Тўғри-да, давлат томонидан уйга эҳтиёжманд кам таъминланган оилалар уй билан таъминланса, уй-жойи бир аҳволда бўлган ночор оилаларнинг уйлари таъмирланса, маиший техникага муҳтож бўлганларга ёрдам кўрсатилса, тиббий даволанишга имконияти йўқларга кенг имконият яратиб берилса, бундан қувонмай бўладими?
Қарор ижросини таъминлаш, хусусан, ночор аҳволдаги беморларга тиббий хизмат кўрсатиш борасида Жиззах вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши амалга ошираётган чора-тадбирлар билан танишиш мақсадида бир неча беморларнинг ҳолидан хабар олдик.
– Туманимиз марказидаги касалхонада даволаниб чиқдим, – дейди Янги­обод туманидаги Баландчақир ­қишлоғида яшовчи Шоҳиста Низомиддинова. – Менга даволанишим учун 4 миллион сўмлик дори-дармонлар ажратилди. Шифокор ва ҳамширалар ҳам эътиборли бўлишди. Бунинг учун ҳамма-ҳаммага катта раҳмат. Айниқса, давлатимиз раҳбаридан беҳад миннатдорман.
– Худога шукур, қизим соғайиб қолди, – дейди Нас­риддин Низомиддинов. – Мен маҳалла фаолларидан тортиб ҳокимиятдаги ва касаба уюшмасидаги жонкуяр ходимларга ўз миннатдорлигимни билдираман.
– Мен Жиззах вилояти кўптармоқли тиббиёт марказининг нефрология бўлимида сурункали гломерулонефрит касаллиги бўйича даволаниб чиқдим, – дейди Янги­обод тумани Совот қишлоғида яшовчи Рўзиқул Маматов. – Бизга яратилган шарт-шароит учун тиббиёт ходимларига раҳмат.
Маълумот учун қайд этиш жоизки, Жиззах вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши томонидан вилоят бўйича 78 нафар беморнинг даволаниши учун 312 миллион сўм маблағ ажратилган. Ундан баҳраманд бўлган қай бир инсон билан гаплашмайлик, кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътибор учун барча масъуллардан, биринчи галда давлатимиз раҳбаридан беҳад мамнунлигини билдиришмоқда.
Ҳа, халқ фаровонлиги, юрт равнақи, эл саломатлиги йўлида амалга оширилаётган улкан ишлар, кўрилаётган чора-тадбирлар юртдош­ларимизнинг эртанги кунга ишончини янада оширмоқда, уларни Ватан тараққиёти йўлида фидокорона хизмат қилишга ундамоқда.

Алижон АБДУРАҲМОНОВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар