Меҳр ва эътибор инсонни юксалтиради

16

Мамлакатимизда инсон, унинг шаъни, қадр-қиммати ва манфаатларини муҳофаза қилишга қаратилаётган алоҳида эътибор ҳар бир фуқаронинг тўлақонли ҳаёт кечиришида муҳим омил бўлмоқда. Буни юртдошларимиз ҳаётида янада ёрқинроқ кўриш мумкин.

ЭЗГУ НИЯТЛАРИ ЎЗИГА ЙЎЛДОШ

Тошкент шаҳри Учтепа тумани пенсия жамғармаси мониторинг гуруҳи нозири Марҳамат Мирзаева ўттиз уч йилдан буён шу касбда ишлайди.
Тинимсиз изланиш, яхши ниятлар йўлида сабр-матонат билан меҳнат қилишга одатланган Марҳамат опа II гуруҳ ногирони бўлишига қарамасдан кўп ютуқларга эришди. Ўз иши билан биргаликда жамғарманинг касаба уюшма қўмитаси раиси вазифасини ҳам бир неча йилдан буён бошқариб келмоқда. У кишининг ҳаракати билан ходимлар ижтимоий ҳимояси, театр ва дам олиш масканларига олиб бориш масалаларига алоҳида эътибор қаратиляпти.
Шунингдек, опанинг саъ­й­­-­ҳа­р­­акати билан спортнинг боулинг, ядро улоқтириш турлари бўйича мусобақалар уюштирилади.
– Ҳар бир инсон олдига аниқ мақсад қўйиб, олдинга олға интилса, жуда кўп ютуқларга эришиши мумкин, – дейди Марҳамат Мирзаева. – Бир кунда 30-40 нафар пенсионернинг ҳожатини чиқарамиз, саволларига жавоб берамиз. Бундан ташқари, вақт топиб спорт билан доимий шуғулланамиз.
– Кишида интилиш, тиришқоқлик ва масъулиятни ҳис қилиш фазилатлари бўлса, кўзланган мақсадга, албатта, эришади, – дей­ди Тошкент шаҳар паралимпия ассоциацияси бош мураббийси Рашид Сафариев. – Марҳамат Мирзаева шундай аёллиги туфайли яқинда Олимпия захиралари коллежида ўтказилган Тошкент шаҳар чемпионатида биринчи ўринни эгаллади. Энди у ногиронлар ўртасида бўладиган спортнинг ядро улоқтириш тури бўйича республика чемпионатида қатнашади. Ёши катта бўлишига қарамасдан анча йиллардан буён спортга ошнолиги ва тиришқоқлиги билан ҳаммага ибрат бўлаётир. У кишини доимо хушчақчақ ҳолда кўрамиз.
Ҳа, атрофдагилар севган касби бор Марҳамат опанинг ўз ишига сидқидилдан ёндашаётганига ҳавас қилса арзийди.

ИНСОН ҚАДРИ  АЗИЗДИР БУНДА

Тошкент вилояти ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш маркази Ангрен шаҳрида жойлашган. Бу масканда терапия, неврология ва жароҳат асорати билан оғриган 1500 нафардан ортиқ ногиронлиги бўлган шахслар ўз саломатлигини тиклайди. Даволаниб чиққан борки, бу ердан мамнун.
Президентимизнинг 2017 йил 1 декабрдаги «Ногиронлиги бўлган шахс­­ларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ҳамда 2018 йил 20 июндаги «Протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳамда тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техника базасини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида марказда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилда бу ерга 53 та 17 турдаги тиббий жиҳоз ва асбоб-­ускуналар, хусусан, 2 та рентген аппарати, электроэнцефалограф, видеокамерали гастроскоп, УЗИ, УЗИ доплер, биокимёвий анализатор, автоклав ва ортопедик каравотлар келтирилди. Рентген хонаси таъмирланди, стерилизация хонаси ташкил этилди.
– Моддий техника базамизни янада яхшилашимиз зарур, – дей­ди марказ раҳбари Гавҳар Шониёзова. – Мақсадимиз хизмат сифатини янада ошириш. Токи, ҳар қандай бемор бу ердан кўнг­­ли тўлиб уйига қайтсин.

Комила БОЙМУРОДОВА,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар