ПИСТА ЧАҚИШГА ҲАМ ФАРОСАТ КЕРАК(МИ?) ёхуд кўча маданиятининг юрт ободлиги ва туризм ривожидаги ўрни ҳақида

42

Яқинда бир латифа ўқиб қолдим. Унда шундай дейилганди:

«Чехия давлатида бўлиб қайт­дим. У ердаги озодаликка қойил қолдим. Ҳаммаёқ чиннидек тоза. Фақат кўчада писта чақиш мумкин эмаслиги чатоқ экан-да».

Жанубий Кореяда ишлаб қайтган ҳамюртим таассуротларини айтади: «Йўллари шундай текис ва равонки, машинада кетаётганда стаканда сув қўйсангиз, бир томчиси ҳам тўкилмайди. Айниқса, тозаликни айтмайсизми?».

Германияга бориб келган дўстим у ердаги тартиб ва интизом, тозалик, ҳатто сигарета қолдиқларини ҳам махсус қутиларга ташлаш одати ҳақида тўлиб-тошиб гапиради.

Мен эса… Шу хаёллар билан кўчада кетар эканман, турли қоғоз-у қутилар, музқаймоқ ёрлиқлари, сигарет қолдиқлари, шишалар, «баклажка»ларни кўриб, дилим ранжийди.

Яна денг, деворларда шундай ёзувлар бор: «Ахлат тўкманг, жарима 100 000 сўм», «Инсофли бўлинглар, ахлат ­тўкманг­лар». Ҳатто, бир жойда илтимоснома ҳам ёзишибди: «Ҳурматли қўшнижонлар, илтимос, уйимиз орқасига ахлат ташламанг. Ахир, бу уйда биз яшаймиз-ку». Ишонинг, бир уй ортида шундай ёзув ҳам бор экан: «Кўзинг кўр бўлгур, нега ахлат ташлайсан?» Ва ҳоказо…

Бундай манзараларга, ишонч билан айта оламанки, сиз ҳам ҳар куни ва жуда кўп жойда дуч келасиз.

Энди савол туғилади: туризм ривожланиб, юртимизга келаётган сайёҳлар оқими кўпайган даврда, узоқ-яқиндан келган меҳмонлар қандай таассуротлар билан қайтмоқда экан?

Жавоб эса яна саволли бўлиши табиий.

Яна бир оғриқли савол: немислар, корейслар, чехлар таъминлаб қўяётган тоза-озодалик, саранжом-саришталикни нега биз қила олмаймиз?

Ўйлаб-ўйлаб, бу саволларга ҳаётда кўрган-кечирганларим орқали жавоб излай бошладим.

Пойтахтда ўқиган ва ишлаган вақтимда стадионга – футбол ўйинларига кўп тушардим. Табиийки, дўстларимиз билан томоша вақтида эрмак қилиш учун писта сотиб олиб, ўйин пайти чақиб ўтирардик. Тан оламан, писта пўчоғини стадионга ташлардик. Кейин стадионга писта олиб кириш тақиқланди. Қолаверса, «Фаррошлар хизматини ­қадрланг», «Маданиятли бўлинг» деган эълон ва видеороликларни кўравериб, стадионга писта олиб киришга истиҳола қиладиган, уяладиган бўлдим. Ишонинг, пистани кўчада ёки бекатда чақиб, пўчоғини ерга ташлаш энди ноқулай ва ўнғайсиз туюла бошлади. Буни фарзанд­ларимга ҳам тақиқладим. «Писта сотиб олсанг, уни ҳар жойда чақма. Пўчоғини шу вақтнинг ўзида бошқа елим халтага сол ҳамда уни ахлат қутисига ташлашга эринма» деб қулоқларига қуя бошладим.

Мулоҳаза қилиб кўрайлик-а? Бир қути писта 100 грамм чиқса, уни яёв юриб, чақиб кетаверсак то чақиб тугатгунча, неча километр йўлни ифлослантирамиз?.. Яна буни кўчадаги сон-саноқсиз одамларга кўпайтирсак, кўчанинг тоза жойи қолмайди-ку.

Энди фаррошни кўз олдингизга келтиринг, у ёқдан супуради, бу ёқда биз ерга нарса ташлаймиз. Биз уларнинг машаққатли меҳнатини қадрлаяпмизми?

Тасаввур қилайлик: бўйрадеккина уйимиз ёки ҳовлимиз тоза тутилиши учун бир кунда неча бор супурилади. Агар болалар шу жойга бирон нарса ташласа-чи? Ана шунда кўринг, жиғибийрон-у, бақир-чақирни…

Энди бутун бир шаҳарнинг тоза-­озодалигини таъминлаш учун тонг оқармасдан кўчага чиққан фаррошнинг ҳолатини тасаввур қилаверинг. Унинг нега ёшига нисбатан кексароқ кўриниши, юзларини эрта ажин қоплагани сабабини англагандек бўлдингизми? Уни биз қаритмаяпмизми?

Демак, озгина қарашларимизни ўзгартирмасак бўлмайди.

Яқинда ойнаи жаҳонда кўрдим. Индонезияда иккита елим идиш (баклашка) эвазига жамоат транспортида бир марта бепул юриш жорий этилибди. Одамлар кўчадаги идишларни йиғиб, кондукторга бериб, автобусда бепул манзилга етиб олишяпти. Маҳаллий ободонлаштириш бўлими ходими ушбу ҳолатдан кейин атроф-муҳит тозалиги, экология мусаффолигига эришилаётганини мамнуният билан қайд этди. Елим идишларни қайта ишлаш корхонаси мутасаддиси эса ушбу ташаббусдан кейин ишлари анчагина олдинга силжиганини таъкидлаб ўтди.

Яна бир воқеа. Яқинда бир танишим билан учрашиб қолдим. У бекат яқинидаги сотувчи аёлдан писта сотиб олди ва ўриндиққа ўтириб чақа бош­лади. Мен сотувчи аёлдан пистанинг пўчоқлари учун ахлат пақирими, елим халтами беришини сўрадим.

– Ерга ташлайверинг, ўзим супуриб оламан. – деди у.

Сотувчи аёл писталари сотилишидан манфаатдор. Майли, бу ҳам тирикчилик. Унинг писта пўчоқларини супуриб олиши ҳам чин. Аммо…

Ҳар не бўлганда ҳам барибир биз пўчоқларни оёғимиз остига ташламаслигимиз зарур. Бу яхши одат эмас. Шу «ёмон одатимиздан» қутула олсак, бизнинг кўчаларимиз ҳам баъзи бир ҳавасимизни қўзғаган хориж давлатларидагидай озода бўлади. Кўрган кўзлар қувонади, қув­найди.

Ана шунда юртимизга қадам ранжида қилаётган сайёҳларнинг хулосалари янада ёрқин бўлади. Улар айтишадики, «Ўзбекистонда бўлдим. Тарихи, бой мероси бор экан. Зиёратгоҳ ва обидалари ҳам лол қолдирди. Яна бугунги ўзгаришларни айтмайсизми? Ҳаммаёқда улкан қурилишлар, сурати ва сийрати гўзал иморатлар. Яна озодаликни кўрмайсизми? Ҳеч ерда бир гард йўқ. Ёқимсиз манзарага кўзингиз тушмайди.

Атроф-муҳит тозалиги ва кўркамлигидан, кўчаларнинг ойнадай ярқирашидан кўнгилларингиз равшан бўлади. Сўзларимга ишонмасангиз, Ўзбекис­тонга бир боринг, ўз кўзингиз билан кўрасиз».

У шундай дегач, эшитган шеригининг ҳам Ўзбекистонга қизиқиши уйғонадими? Уйғонади. Вақти ва шароити бўлганда диёримизга келадими? Келади.

Демак, озгина эътиборлилик, ўзимизга нисбатан талабчанлик, атроф-муҳит тозалиги билан ҳам Ватан довруғига ўз ҳиссамизни қўшишимиз мумкин. Яъни ҳаммаси ўз қўлимизда…

Акмал АБДИЕВ

Бошқа хабарлар