Таклиф рўёби учун кўмакка тайёрмиз

43

«Ishonch»га жавоб берадилар

«Ishonch» газетасининг шу йил 23 октябрдаги 127-сонида чоп этилган Қорақалпоқ давлат университети магистранти Дилноза Қабулованинг «Қабристон эмас, музей бўлсин» сарлавҳали мақоласига Ўзбекистон Рес­публикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан муносабат билдирилган жавоб хати келди. Унда, жумладан, шундай дейилади:

«Мақолада келтирилган ҳудуд аллақачон сайёҳлар эътиборини жалб этиб, ўзига хос музейга айланиб бўлган. Лекин мақолада таъкидлаганидек, у ерда тегишли инфратузилмани ривожлантириш, инвестиция киритиш лозим. Аҳоли яшаш пунктларининг узоқлиги, йўл-транспорт инфратузилмаларининг ривожланмаганлиги боис, инвесторлар салмоқли сармоя киритиши, коммунал инфратузилмани йўлга қўйиши зарур.
Лойиҳа катта маблағ сарфини талаб этади, ўзини оқлаб, даромад келтириши эса узоқ йилларга чўзилиши мумкин. Преференция ва имтиёз шаклидаги давлат ёрдами керак бўлади. Шунинг учун Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси тадбиркор ва инвесторларни преференция ва имтиёзлардан хабардор қилиб боради.
Шу йилнинг 19-21 ноябрь кунлари юртимизда Туризм соҳасидаги биринчи халқаро инвес­тиция форуми бўлиб ўтди ва форумда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 500 дан зиёд инвес­тиция лойиҳалари тақдим этилди. Албатта, бу чоралар ўз самарасини беради, лекин аксарият инвестор ва тадбиркорлар сайёҳларни кўпроқ жалб этадиган, муайян инфратузилмага эга бўлган объектларга маблағ сарфлашни истайдилар.
Шундан келиб чиққан ҳолда сиз билдирган таклифни рўёбга чиқариш имкони мавжудлиги ва оқилона ёндашув натижасида муваффақиятли лойиҳага айланиши мумкинлигини таъкид­лаймиз. Мақолангиз инвестор ва тадбиркорлар эътиборини жалб этади, деган умиддамиз. Биз, ўз навбатида, белгиланган хизмат ва вазифаларимиз доирасида кўзда тутилган зарур ёрдамни кўрсатишга тайёрмиз.
Шу билан бирга, барча музейлар ва археологик ёдгорликлар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тасарруфига киришини эслатиб ўтамиз».

ТАҲРИРИЯТДАН:
Мазкур мақолага Ўзбекис­тон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан ҳам муносабат билдирилган ва шу йилнинг 10 ноябрида «Таклиф ўринли деб топилди» сарлавҳа остида газетада чоп этилган эди. Бизнингча, ҳар икки ташкилот ҳамкорликда мазкур лойиҳани амалиётга татбиқ этишса, мақсадга
мувофиқ бўлар эди.

Бошқа хабарлар