Йўриқнома деб қабул қилдим…

46

Очиғи, чуқур таҳлилий ёндашув асосида ёзилган ушбу мақолани ёзги соғломлаштириш мавсуми олдидан нима қилишимиз керак ва бу ишни нимадан бошлашимиз керак деган саволлар билан қийналаётган ­масъуллар учун йўриқнома деб қабул қилдим.

Мақолада кундузги оромгоҳларнинг ташкил этилиши ва бу борадаги муаммолар мавжудлиги таҳлил қилинар экан, оромгоҳларга ҳам янгича ёндашув даври келганлиги ёрқин ёритилган. Шу ўринда ундан «кундузги оромгоҳлар керакми?», деган саволга жавоб ҳам топасиз.
Шунингдек, кўпгина корхоналар ўз тасарруфидаги шаҳар ташқарисидаги соғломлаштириш оромгоҳларини таъминлай олмайди. Шу ўринда бундай оромгоҳларнинг ҳам келгуси йилдаги фаолиятини замон талаблари асосида олиб бориш каби масаланинг ечимига ҳам жавоб топилгандай. Ўз-ўзидан ойдин бўлаяптики, ёзнинг қоқ ўртасида соғломлаштириш мавсумини тугатаётган оромгоҳлар ҳам шундай чегараси тор оромгоҳлар эмасми?
Оромгоҳларга кўнгиллиларнинг жалб этилиши, ёши катта педагоглардан воз кечишнинг айни вақти.
Шуни алоҳида таъкидлашим жоизки, мавсум олдидан касаба уюшма қўмиталари, раислари, болалар соғломлаштириш оромгоҳларининг бош­лиқлари, катта етакчиларга семинар ташкил этиб, уларни аттестациядан ўтказиш давр талабидир.
Кўпгина оромгоҳ раҳбарлари «кун ўтсин», «навбат тинч тугасин» қабилида ишлаш тизимига ўтиб олган. Ваҳоланки, оромгоҳлар фаолияти билан боғлиқ ишни ташкил этувчи ҳар бир ходим талабни, оромгоҳ ҳаёти қандай ташкил этилишини белгилаш ва буни юракдан ҳис қилиши лозим.
Ҳаёт давом этар экан, ҳар бир соҳа, ҳар бир йўналиш такомиллашиб бораверади. Оромгоҳлар ҳам бугун ана шундай ўзгариш­ларни кутмоқда. Зеро, муаллиф қайд этганидек, фарзандларимиз энг яхшиларига муносиб.

Норимхол НУРМОНОВА,
Навоий вилояти касаба уюшма
ташкилотлари бирлашмаси маданий-маърифий
ва спорт ишлари бўлим мудири

Бошқа хабарлар