Кучлар тенг келди

47

Республика шахматга ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабида «Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталари таҳририяти томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26 йиллиги муносабати билан ижод аҳли ўртасида шахмат мусобақаси ўтказилди.

Бир неча турдан иборат беллашувлар ўта муросасиз ва қизғин кечди. Сўнгги паллагача ғолибни аниқлашнинг иложи бўлмади. Ниҳоят, дўстлик ғалаба қозонгани эътироф этилиб, энг юқори очко тўплаган 4 нафар иштирокчи совриндор деб эълон қилинди.
– Устоз ижодкорлар, тенгқур қаламкашлар билан доимий шахмат мусобақалари ўтказиб, куч синашиб келамиз, – дейди ёзувчи Шодмон Отабек. – Бу биз, ижодкорларга ўзаро мулоқот қилиш, фикр алмашиш имконини беради. Турфа ижод намуналари ҳам мусобақалар жараёнида туғилади. Улардан кўпчилигини «Дўрмон ҳангомалари» китобимга киритганман. Бугунги турнир ҳам менга янги мавзу тақдим этди, десам асло муболаға бўлмайди.
– Таниқли ижодкорлар ўртасида ўтказилаётган кўплаб мусобақалардан шу нарсага амин бўлдимки, ушбу спорт турига улар ўртасида қизиқиш катта, – дейди бош мураббий, ФИДЕ устаси Маматқул Хайлаев. – Шу ўринда бир таклиф билдирмоқчи эдим. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари томонидан республика миқёсида босқичма-босқич шахмат турнири ташкил этилса, нур устига нур бўларди. Таниқли инсонларнинг дона суриши бошқа соҳа ходимлари ўртасида ҳам шахматга қизиқишни орттириб, ушбу спорт турини халқимиз ўртасида тарғиб қилишда қўл келарди.
Ғолиблар таҳририят томонидан тақдирланди. Устоз ижодкорлар турли номинациялар бўйича моддий рағбатлантирилиб, барча иштирокчилар ўзига хос эсдалик совғалари соҳибига айланишди.

Салим АБДУРАҲМОНОВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар