«Мусиқа диди» саёзлашмоқда(ми?)

43

Қўшни хонадан Навоий бобомизнинг машҳур «Келмади» радифли ғазалига басталанган куй ва қўшиқ янгради. Таралаётган майин оҳанг беихтиёр ошиқнинг мунгли дарди, изтиробини қалбингизга кўчиради гўё…

Ҳаётимиз тобора ўзгариб боряпти. Ҳаёт сўқмоқларидан ҳар куни манзилимиз томон шошарканмиз, турмуш ташвишларини елкасига ортган турфа инсонларга дуч келамиз. Шунда қулоғида «наушник»дан янг­раётган жазавали мусиқа ва оддий сўзлар тизмасидан иборат мазмунсиз қўшиқлардан маст ёшларимизнинг дунёга лоқайд ва бепарволигини кўриб, изтиробга тушасан киши. Улар замонавий ёшлар, замонавий куй-қўшиқлар тинг­ловчилари. Улар дунёни лол қолдириб келаётган мумтоз куй-қўшиқларимизни тинг­лашга ҳафсаласи йўқ, мабодо эшитиб қолсалар «уйқу» босади, энг ёмони, «маданиятсиз» бўлиб қолишдан чўчишади.
Тан олиш керак, бундай ёшларимиз «Ўткан кунлар» номини эшитган, холос, «Муножот», «Дилхирож» сингари куйларимизни тинг­лашмаган ҳам. Улар қуруқ сўзлар тизмасидан иборат, баъзан юракка оғриқ берадиган енгил-елпи қўшиқларга ўргангач, ўзида миллий оҳангларимизда тараннум этиладиган Ватани, ота-онаси, вафодор севгилисига бўлган муҳаб­бат «юки»ни кўтаришга куч топишармикан?!
Бу ажиб дунёда қалбларни гоҳ ўтга, гоҳ сувга ташлайдиган, шоҳга ҳам, гадога ҳам бирдек тортиқ этиладиган энг буюк туйғу, бебаҳо неъмат – муҳаббат бор. У азалдан куй-қўшиқларимизнинг асосий мавзуси бўлиб келган. Минг афсус­ки, бугун бу мавзуда яратилаётган, юракларни жунбушга келтирадиган қўшиқлар бармоқ билан санарли. Нега буюк аждодларимиз, алломаларимиз, улуғ шоирларимиз тараннум этган муҳаббат ҳақидаги забардаст сатрлар ёшлар учун зерикарли бўлиб қолмоқда?
Келинг, ҳаётга янгича нигоҳ билан кириб келаётган фарзандларимизни мумтоз санъатимизга ошно этайлик. Зеро, улар Навоийни ўқиганда асло зерикишмасин, шоҳ Машраб ғазалларига басталанган қўшиқни тинглаганда роҳатланишсин, бунинг ортидан эркин фикрга, «мусиқа» дидига эга бўлишсин.

Қўшни хонада ҳамон «Келмади» янг­райди. Бизнинг хонада эса уни тинг­лаб, сармаст ўтирганларнинг аксари катта ёшдагилар. Куй янграгандаёқ юз ифодаси ўзгарган кўпчилик ёшлар эса дарҳол қулоғига «наушник» тақиб, «ўз олами»га шўнғиган…

Наргиза ОДИЛОВА
Нурота тумани

Бошқа хабарлар