Хоразм ҳаётбахш ўзгаришлар оғушида

62

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 29-30 ноябрь кунлари Хоразм вилоятида бўлди. Воҳа аҳли ушбу ташриф нафақат ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ривожида, балки ҳар бир инсон тақдирида муҳим аҳамиятга эга бўлганлигини эътироф қилишмоқда.

МИНГ ХОНАДОН ТАҚДИРИНИ БИРЛАШТИРУВЧИ КОРХОНА

Бу йил Хоразм вилоятининг 23 та қиш­лоғида «Обод қишлоқ» дастури доирасида қурилиш-ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Натижада 19792 та хонадонда яшовчи 111 минг нафардан зиёд аҳолининг турмуш шароитлари тубдан яхшиланди. Бунёдкорлик ўз-ўзидан амалга ошмаслигини, бу катта маб­лағ ва меҳнат талаб қилишини эса ҳаммамиз яхши биламиз.
Президентимиз томонидан саноатни ривож­лантиришга қаратилаётган эътибор, бу борада кўрилаётган чора-тадбирлар самарасини хоразмликлар ўз турмушида ҳис қилишмоқда. Жорий йилнинг тўққиз ойида вилоятдаги 100 та корхонада ишлаб чиқарилган 354,1 миллион АҚШ доллари қийматидаги маҳсулотлар жаҳоннинг 70 та давлатига экспорт қилинди.
Бугунги кунга келиб Шовот туманидаги «Uztex» компаниялар гуруҳига қарашли корхоналар нафақат вилоятда, балки дунёда довруғ қозонмоқда. «Katqal’a teks» технологик имкониятларига кўра дунёдаги саноқли корхоналардан бири. Ушбу корхонада тайёрланаётган пайпоқлар АҚШ, Россия, Мольдова, Украина каби қатор мамлакатларда харидоргир бўлмоқда. Йилига 70 миллион жуфт пайпоқ тайёрлаш қувватига эга корхонада асосан ёшлар меҳнат қилади. Минг нафар йигит-қиз меҳнати маҳсули сифатида йилнинг ўтган ўн ойида 12,5 миллион жуфт пайпоқ тўқилиб, 3,85 миллион АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилинди.
– Давлатимиз раҳбарининг корхонамизга ташрифи бизни янги ютуқларга руҳлантирди, – дей­ди корхона раҳбари Умрбек Абдуллаев. – Маҳсулот тайёрлашнинг янги моделларини ўзлаштириш ва экспорт ҳажмини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳадемай ўз самарасини беради.

Дарҳақиқат, «Katqal’a teks» шарофати билан ҳудуд экспорт ҳажми ортиши баробарида мингдан зиёд хонадонларнинг иқтисодий имкониятлари юксалиб, ижтимоий таъминотда сезиларли ўзгаришлар юз берди. Ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш чоралари кўрилмоқда. Қиймати 193,6 миллиард сўм бўлган лойиҳанинг дастлабки босқичида Италиянинг «Лонати» компаниясида ишлаб чиқарилган 528 та пайпоқ тўқиш дастгоҳи харид қилинган эди. Бу йил улар сафига яна 512 таси қўшилди. Эндиликда бу ерда ҳар ойда 1.3 миллион жуфт пайпоқ ишлаб чиқарилмоқда.
Кези келганда, «Uztex» компаниялар гуруҳига қарашли корхоналар Шовот тумани ҳаётига тобора чуқур кириб келаётганини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Бу йилдан эътиборан улар негизида туманда пахтачилик бўйича кластер тизими жорий этилди. Энди «Uztex Shоvоt»да туманда етиштирилган пахта ҳосили компьютерлашган замонавий йигирув дастгоҳларида тўлалигича қайта ишланади. Бу туманнинг экспорт салоҳияти янада ривожланишидан далолатдир. Бошқача айтганда, нафақат корхона ишчилари, шунингдек, фермерлар, деҳқонларнинг чўнтакларига кирадиган даромад бир неча баробар ошади. Натижада мамлакатимизнинг энг чекка туманларидан бирида яшовчи оддий инсонларнинг турмуш шароитлари янада яхшиланиб, эртанги кунга ишончи ортади. Ёшлар қалбидаги шижоат кучаяди.

ХИВАДА ЯНГИ ТАМАДДУН ДАВРИ

Темир йўлларни бежизга иқтисодиётнинг қон томирларига қиёслашмайди. Хивага темир йўл келиши муносабати билан шаҳарда замонавий вокзал, вокзалдан «Ичан қалъа» музей-қўриқхона мажмуасигача бўлган 2 километр масофада хиёбон барпо этилди. Хиёбоннинг икки тарафида икки қаватли туризм объектлари қурилди. Энди бу иншоотларда юзлаб одамлар меҳнат қилади. Минглаб инсонларга хизмат кўрсатилади. Демак, поезд келиши туристлар учунгина қулайлик бўлмай, бу биринчи галда хиваликлар манфаатига, фаровон турмуш томон ташланган қутлуғ қадам вазифасини ўтайди.
– Мамлакатимиз раҳбарининг Хива яқинида кўп қаватли уйлар қуриб, шаҳарнинг тарихий қисмида яшаётган аҳолини босқичма-босқич кўчириш, қалъа ичидаги уйларни сайёҳлик объект­ларига айлантириш ҳақидаги таклифи айни кўнг­лимиздаги гап бўлди, – дейди халқ депутатлари Хива тумани кенгаши депутати Дилдора Раззоқова. – Бу қадимий обидаларимизни асраб-­авайлаш, уларнинг умрбоқийлигини таъминлаш, қалъага ташриф буюрувчи сайёҳлар оқимини янада оширишга хизмат қилади.
– Президентимизнинг ўтган йилги ташрифи натижасида биз, Маъмун академияси жамоасининг 20 йиллик орзуимиз ушалиб, Жанубий Оролбўйи, Қорақалпоғистон ва Хоразм меъморий ёдгорликларини синаш ва таъмирлаш лабораториясига асос солинди, – дейди архитектура фанлари доктори Гавҳар Дурдиева. – Хивага темир йўл келиши ва лаборатория Хоразм цивилизациясини минг йилларга кафолатлайди. Илгари Хоразм Маъмун академиясига сайёҳлар келмасди. Ҳозирда Ичан қалъага келганларнинг барчаси академияга ташриф буюриб, музейдаги экспонатлар билан танишмоқда.
У ўз қалб туғёнларини халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессия­сида изҳор қилди. Мамлакатимиз раҳбарининг Президент мактабини айнан Хивада ташкил қилиш ҳақидаги ташаббуси нафақат Гавҳар опани, балки барча хоразмликларни тўлқинлантирди.

ЕТТИ ХАЗИНАНИНГ БИРИ

Ипакчилик етти хазинанинг бири, дейишади. «Khiva Silk Fabrik» МЧЖда амалга оширилаётган йирик лойиҳа буни исботламоқда. 1976 йилда қурилган, кейинги 15 йил мобайнида бўш турган бинода иш бошлаган корхона йилига 144 тонна қуруқ пиллани қайта ишлаш қувватига эга. Август ойида қиймати 5 миллион АҚШ долларига тенг пиллани қайта ишлаш ва калавалаш технологик линияси иш бошлаши натижасида 110 дан зиёд доимий, 600 та мавсумий иш ўрни яратилди. Ягона технологик занжир асосида пиллани қайта ишлаш ва ипак толасидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш лойиҳаси доирасида ўтган уч ойда 8,2 тонна хом ипак, 2,8 тонна ипак момиғи ишлаб чиқарилди.
Келгуси йилдан ипак толасидан мато ва ­кийим-кечак тайёрлаш билан бирга, шу кунгача чиқинди сифатида қараб келинган ғумбакдан олти хил маҳсулот олиш режалаштирилган. Шулардан бири косметологияда ишлатиладиган қимматбаҳо ёғдир. Қолаверса, хитин ва хитозан моддалари, биологик фаол қўшимчалар, ғумбак консерваси, тут баргидан чой ва ширинликлар ишлаб чиқариш ҳам кўзда тутилган. Ипак олиш учун қўлланадиган сув чўкмасидан эса совун тайёрланади. Шу мақсадда 2 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб қилинади ва 40 та янги иш ўрни яратилади.
– Давлатимиз раҳбарининг соҳани ривожлантиришга доир қарор ва фармонлари асосида Хоразм вилоятида ипакчиликни ривожлантириш чоралари кўрилмоқда, – дейди «Хоразм агро пилла» корхонаси бош ҳосилоти Отажон Оллаберганов. – Ўтган даврда ҳудуддаги 85 фоиз тутзорлар корхонамиз ихтиёрига ўтказилди. Вилоятнинг ўзида уруғдан тут кўчатлари етиштириш йўлга қўйилди. Ходимларимиздан бир гуруҳи Хитойда малака ошириб қайтдилар. Вилоят миқёсида пиллачилик тармоғида мингта доимий, 30 мингта мавсумий иш ўрни яратилди. Бу енгил саноатда ипакчиликнинг ўрни мустаҳкамланиб бораётганидан далолатдир.

ИННОВАЦИОН МАКТАБ ИМКОНИЯТЛАРИ

– Мамлакатимиз Президентининг мактабимизга ташриф буюриши жамоамизни ҳам, ўқувчиларни, уларнинг ота-оналарини ҳам қувонтирди, – дейди Урганч шаҳридаги «Ниҳол» инновацион мактаби директори Умида Собирова.
Умида ушбу нодавлат таълим муассасаси ташкил қилишни узоқ йиллардан буён орзу қиларди. Соҳадаги ислоҳотлар унга руҳ бағишлаб, ўтган йили астойдил ишга киришди. 3 миллиард 350 миллион сўм маблағ эвазига орзусидаги инновацион мактабни ташкил қилди. Мактабда ҳар бири алоҳида жиҳозланган, барча зарур воситалар билан таъминланган 19 та фан хонаси, кутубхона, ошхона, спорт зали, ҳамшира, ўқитувчилар хоналари, фаоллар зали мавжуд. 2018 йил сентябрь ойидан бошлаб бу ерда инглиз ва рус тиллари, ментал арифметика, мактабга тайёрлов, тез ўқиш каби ўқув курслари, шахмат тўгараги фаолият олиб бормоқда.
– Тўғрисини айтсам, мактабни ташкил қилаётганда қалбимда бироз хавотир бор эди, – дейди у. – Лойиҳа ўзини оқлайдими, юртдошларимиз қизиқиш билдирадими, деб кўп ўйладим. Мамлакатимизда таълим тизимига қаратилаётган эътибор натижасида ота-оналарда фарзандларини билимли қилиб тарбиялаш иштиёқи ошди. Эндиликда муассасамизда таълим олиш иштиёқидаги ўқувчилар сони ҳам ортмоқда. Мактабимиз эса 250 ўринга мўлжалланган. Ҳозирда ўқув курсларимизда 582 нафар бош­ланғич синф ўқувчиси билим олмоқда. Уларга 17 нафар ўқитувчи икки навбатда дарс бермоқда. Талаб ва эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда қўшимча 500 ўринли янги ўқув биноси барпо этишни режалаштирганмиз. Қўшимча ер майдони ва 6 миллиард сўмлик имтиёзли кредит эвазига ниятимизни амалга оширамиз.
Мактабнинг инновационлиги энг сўнгги русумда жиҳозлангани, вилоятда ягоналигидагина эмас. Мактаб раҳбари ҳар бир дарсни онлайн тарзда кузатиб боради. Дарслар ўқувчиларга тушунарли, содда тарзда ўтилади. Ҳар бир бола алоҳида эътиборда. Ўқитувчи ҳар куни ота-­оналар билан мулоқотда бўлиб, фарзанди фанни қандай ўзлаштирганлиги ҳақида суҳбатлашади. Ота-оналарга ижтимоий тармоқ имкониятларидан фойдаланган ҳолда видеоёзувлар тақдим қилинади. Барча машғулотларда юқори натижаларга эришган ўқувчилар рағбатлантирилади.
– Мактабимизга автобус, ўқувчиларимизга планшет совға қилинди, – дейди Умида Собирова. – Президентимизнинг ушбу эътиборидан бениҳоя мамнун бўлдик. Ғамхўрликка жавобан мактабимизда таълим сифатини янада яхшилаш чораларини кўрамиз.

ЖАЛОЛИДДИН ЖАСОРАТИ УНУТИЛМАЙДИ

Президентимизнинг Урганч шаҳрида Жалолиддин Мангуберди мемориал боғи барпо этиш ташаббуси кўнгиллар тубидаги орзу-истакларнинг юзага қалқиб чиқишига ўзига хос туртки бўлди.
АСМ ходимлари касаба уюшмаси Янгибозор тумани кенгаши раиси, халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгаши депутати Раимбой Шержонов ким билан саломлашишидан қатъи назар, «Яхшимисиз, Жалолиддин авлоди?» деб сўрашишни канда қилмайди. Ўзидан ҳол-аҳвол сўрасангиз, «Жалолиддиннинг қиличидекман», деб жавоб қайтаради.
– Жалолиддин Мангуберди номи тилга олинганда ҳар қандай инсон қалбида Ватан, озодлик сўзлари жаранглайди, юртга муҳаббати юксалади, – дейди Раимбой ака. – Урганч шаҳрида барпо этиладиган боғ энг гавжум гўшалардан бирига айланишига ишонаман. Мажмуа давлатимиз раҳбари айтганидек «Хоразмнинг ташриф қоғози» бўлади. Ҳар биримиз улуғ аждодларимиздан ибрат олишимиз, уларга муносиб ворис бўлиб, ҳаётимизни, иқтидор ва имкониятларимизни мамлакат равнақига бахш этишимиз лозим.

ЎЗБЕК ДИПЛОМАТИЯСИНИНГ ЮТУҒИ

Маълумки, шу йил 27 ноябрь куни БМТнинг Нью-Йорк шаҳридаги бош қароргоҳида Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фонди фаолияти бош­ланишига бағишланган Инсон хавфсизлиги бўйи­­ча кўпшериклик траст фондининг тақдимоти ва «Барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлаш бўйича кенг қамровли стратегияларни ўзида жамлаган минтақавий ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш» мавзусидаги БМТнинг юқори даражадаги тадбири бўлиб ўтди.
Оролбўйи аҳолисини қўллаб-қувватлаш ҳақида илгарилари ҳам кўп айтилган. Бироқ амалий саъй-ҳаракатлар бўлмаган, – дейди халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгаши депутати Ибодулла Болтаев. – Мамлакатимиз раҳбарининг фидокорона хизматлари эвазига ниҳоят траст фонди ташкил этилди. Ушбу ташаббусни кўплаб давлатлар, қатор халқаро ташкилотлар вакиллари қўллаб-қувватлади. Буни ўзбек дипломатиясининг ютуқларидан бири сифатида эътироф қилсак арзийди. Энг муҳими, эндиликда аҳолининг саломатлигини мус­таҳкамлаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш юзасидан амалий чоралар кўрилади. Биз бундан ниҳоятда хурсандмиз. Фарзандларимиз келажагидан кўнглимиз тўқ.

ВАЗИФАЛАР ОҒИШМАЙ  АМАЛГА ОШИРИЛАДИ

Мамлакатимиз раҳбари Хоразм вилоятига ташрифи давомида халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида иштирок этди ва ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларни танқидий таҳлил қилди. Ишга солинмаган имкониятлар ҳақида тўхталди ва олдинда турган вазифалар юзасидан кўрсатмалар берди.
– Билдирилган ҳар бир фикрдан куч-қувват олдик, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари Гулсара Қурбонбоева. – Танқидий мулоҳазалардан тўғри хулоса чиқардик. Эндиликда олдимизга қўйилган вазифаларни амалга ошириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар кўряпмиз. Режаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши вилоятимизни ҳар томонлама ривожлантириш, экспорт салоҳиятини юксалтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий муҳофазани кучайтириш, тиббий хизмат сифатини ошириш, таълим ва тарбия самарадорлигини таъминлаш, сайёҳлик салоҳиятини юксалтиришда муҳим аҳамиятга эга. Давлатимиз раҳбари олдимизга вазифа қўйиш баробарида, уни амалга ошириш механизмларини ҳам кўрсатиб берди. Энди гап ўзимизда. Ҳар бир раҳбар, ходим, фуқаро ўз зиммасидаги вазифани ­масъулият билан адо қилиш орқали юрт равнақига ҳисса қўшиш имконига эга. Бу орқали қадимий ва навқирон Хоразмнинг янада тараққий этишини, одамлар турмуши янада фаровон бўлишини ­таъминлаймиз.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА
«Ishonch»

Бошқа хабарлар