Эътибордан диллар мунаввар

265

Сирдарё тумани «Ўзбекистон» СИУ ҳудуди Навоий номли маҳаллада яшовчи Музаффар Қурбонов бир неча йилдан бери тўшакка михланиб қолган. Аммо у ҳамиша давлатимиз ва маҳалладош­лари ғамхўрлигини ҳис қилиб яшамоқда.

– Маҳалладошларим, қўни-қўшнилар ҳолимдан доимо хабар олиб туришади, – дейди Музаффар ака. – Ногиронлар жамияти вилоят ҳамда Сирдарё тумани бўлими ва бошқа ҳамкор ташкилотлар ҳам байрамларда йўқлайди. Ногиронлик аравачаси, дори-дармон, озиқ-овқатлар олиб келишиб, кўнглимни олишади.
Ногиронлар жамияти туман бўлими бу савобли ишларни туман хотин-қизлар қўмитаси, тиббиёт бирлашмаси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши, вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси билан ҳамкорликда амалга ошириб келмоқда. Ушбу ташкилотлар йил давомида ногиронлиги бор ҳамда ­оиласида ногирон аъзоси бор фуқаролар уйларини таъмирлаб, таянч аппаратлари ва зарур дори-дармонларни улашиб келмоқда.
Биргина Сирдарё туманида 1-,2-,3-гуруҳ ногиронлиги бўлган 2668 нафар фуқаро истиқомат қилади.
– Бу йил хотин-қизлар қўмитаси томонидан 19 нафар ногиронлиги бор аёл касаначи сифатида доимий ишга жойлаштирилиб, Респуб­лика Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳисобидан бошланғич бадали тўлаб берилган уй-жойлар билан таъминланди, – дейди Сирдарё тумани хотин-қизлар қўмитаси раиси Нафиса Жўраева. – Шунинг­дек, вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси томонидан туманда истиқомат қилувчи 25 нафар эҳтиёжманд ва ногиронлиги бор фуқароларнинг уй-жойлари таъмирлаб берилди. Конституциямиз қабул қилинган кунни нишонлаш арафасида уй-жойга муҳтож шу тоифага мансуб фуқароларимизга 2 та уй олиб берилиши режалаштирилган. 6 нафар ногиронлиги бор юртдошимизга аравачалар олиб берилди, яна 6 нафарига жарроҳлик амалиёти ва дори-дармонлар учун пул маблағи ўтказиб берилди. Айтиш жоизки, бундай савобли ишлардан туман тиббиёт бирлашмаси ҳам четда қолгани йўқ. Хусусан, йил давомида 24 нафар ногирон фуқарога аравачалар, 53 нафарига эшитиш ва таянч мосламалари олиб берилди.
Ногиронлиги бор ва эҳтиёжманд фуқароларга бўлган эътибордан вилоятнинг барча ҳудудларида истиқомат қилаётган меҳрга ташна юртдошларимиз баҳраманд бўлаётир. Бундан кўнгли тоғдек кўтарилган Сирдарё вилояти Янгиер шаҳри Носир Маҳмудов кўчасида истиқомат қилувчи Шаҳноза Мавлонова шундай дейди:
– Онам руҳий касал, мен ва қизимнинг кўзимиз ожиз. Уйимизни Сирдарё вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси тўла таъмирлаб берди. Биз каби кўнг­­ли ярим, ғарибларнинг кўнглини кўтариб, ғамхўрлик қилаётган, савоб ишларни амалга ошираётган барча ҳокимият, давлат ва жамоат ташкилотларини оиламиз билан дуо қиляп­миз.
Давлатимиз ғамхўрлигидан боши осмонга етганлар сафида Ширин шаҳрида яшовчи II-гуруҳ ногирони Альбина Шербакова ҳам бор. 80 ёшли онахоннинг уйи ҳам тўла таъмирдан чиқариб берилди.
Айтиш жоизки, Сирдарё вилоя­тида аҳолининг кам таъминланган қатлами ҳамда ногиронлиги бор аъзолари бўлган оилаларни қўллаб-қувватлаш тизимли йўлга қўйилган. Бу борада давлат ва нодавлат ташкилотлар биргаликда, баҳамжиҳат иш олиб бормоқда.
– Юртбошимизнинг «Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси бўйича Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан тузилган ишчи гуруҳ томонидан вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда кам таъминланган хонадонларнинг яшаш шароитлари, муаммолари ўрганилди, – дейди вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси раиси Рустам Турсунмуродов. – Натижада, эҳтиёжманд оилаларга уй-жой ажратилди, таъмирталаблари таъмирланди, маиший техника билан таъминланиб, кредит олиш ниятидаги оилалар рўйхати шакллантирилди.

Зебо ҲАЙДАРОВА

Бошқа хабарлар