Яхшиларнинг мадади билан

26

Ҳаёт бир маромда давом этмайди. Унинг кутилмаган синовлари, оғриқли қийинчиликлари бор. Риштон тумани «Воҳим» МФЙда истиқомат қилаётган Соҳибахон Ғофурова турмуш ўртоғидан айрилгач, икки нафар вояга етмаган фарзандига бир йўла ҳам ота, ҳам она бўлиш зиммасига тушди. Ногирон бўлишига қарамай, қора қозонини қайнатишга ҳаракат қилди. Топгани рўзғордан ортмади. Путурдан кетган уйи­­ни таъмирлашга маблағ орттиролмади. «Ойнинг ўн беши қоронғу, ўн беши ёруғ» деганларидай, вилоят касаба уюшма ташкилотлари вакилларининг ташрифи унинг ғам-андуҳини аритди.
– Ёлғиз аёлга қийин экан, – дейди С.Ғофурова. – Жонкуяр инсонлар яшаш шароитимни ўрганиб чиқиб, «Уйингизни кошонадай қилиб берамиз», ­дейишди. Кўп ўтмай қурилиш материаллари билан усталар келишди. Барака топишсин, учта хонанинг шифти, поли, ошхонанинг ички ва ташқи деворларини бир ҳафтага қолмай гулдай қилиб ­қўйишди. Касаба уюшмасининг туманимизга бириктирилган вакили Ғанишер Файзиев ҳам «Усталарнинг иши маъқулми?», деб кунда-кунора хабар олиб турди. Менга кўмак кўрсатган касаба уюшмаларига, қолаверса, бу хайр­­ли ишларнинг бошида турган давлатимизга миннатдорлик билдираман.
Туманнинг «Ёшлик» МФЙда яшовчи Гулсуной Маматқодирова ҳам бу каби ғамхўрликдан бебаҳра қолмади.
– Қўллари дард кўрмасин, ўн кунга қолмай уйим обод бўлди, – дейди Гулсуной Маматқодирова. – Илгарилари ёмғир, қор ёғди дегунча, томдан чакка ўтарди. Яширишнинг ҳожати йўқ, қор-ёмғир ёққан кунлари ота-онамнинг уйи­­га бориб яшашга мажбур бўлар эдим. Яхшиларнинг мадади билан уйнинг том қисмига шифер қоқилди. Бундан ташқари, уйнинг ичкари ва ташқариси кўзни қувнатадиган даражада чиройли қилиб таъмирланди. Бунинг учун барча фидойи инсонларга, «Мадад» қурилиш корхонасининг қурувчиларига катта раҳмат айтаман.
Ижтимоий кўмакка муҳтож инсонлардан яна бири туманнинг «Қошқайрон» МФЙда яшовчи кўзи ожиз Бисолиҳа Алимованинг уйи ҳам касаба уюшмаларининг кўмаги билан тўлиқ таъмирланди.
Сирасини айтганда, тумандаги кам таъминланган, ногиронлиги бор инсонлар яшовчи 25 та хонадон тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Бу қўллаб-қувватлашдан, ўзгариш ва ғамхўрликдан нафақат хонадон эгалари, балки қўни-қўшнилар ҳам хурсанд.

Жамшид ЭРГАШЕВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар