ҚЎШ ХАТО ёхуд баёндан олдинги буйруқ

90

Битта соҳада салкам 40 йил ишласанг-у, сени «яроқсиз»га чиқариб, ноҳақ ишдан бўшатишса, алам қиладими? Албатта, алам қилади. Яна денг, раҳбар дардингни эшитмаса, ҳуқуқшунос елкасини учирса… Хўрлигинг келадими? Келади.

Жиззах шаҳрилик Суннатилла Норбоев ҳам шундай аҳволга тушди. У узоқ йиллардан буён «O’zbektelekom interneshnl» қўшма корхонасининг «ЎзИ Жиззах» филиалида электромонтёр бўлиб ишлаб келарди.
Бироқ 2018 йил 13 август куни филиал директори Баҳодир Эргашев имзоси билан 134к-сонли буйруқ чиқарилди. Унга кўра, С.Норбоев билан тузилган меҳнат шартномаси Ўзбекис­тон Респуб­ликаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 2-бандига асосан бекор қилинди. Буйруқда касаба уюшма қўмитаси йиғилиши баёни «розилиги» асос қилиб кўрсатилган эди. Аслида эса йиғилиш баёни 2018 йил 14 август куни 01-03\01-сонли хат билан директорга тақдим этилади. Бироқ «негадир» бир кун олдинги сана билан чиққан буйруқда «асос касаба уюшмаси қўмитасининг 2018 йил 13 августдаги 1-сонли мажлис баёни, розилик хати» деб қайд этилади.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Филиал масъуллари томонидан йўл қўйилган «катта хато» С.Норбоевнинг соғлиғи билан боғлиқ эди. Гап шундаки, Жиззах туманлараро ТМЭК (тиббий меҳнат экспертиза комиссияси)нинг 2018 йил 18 апрелдаги хулосасига кўра, қанд касаллигига чалинган ­С.Норбоевга бир йил муддатга 2-гуруҳ ногиронлиги берилган. Буни яхши билган раҳбар ҳам жисман, ҳам руҳан эзилиб юрган ходимни қўллаб-қувватлаш ўрнига унинг ногиронлигини пеш қилади ва яна уни асос қилиб, ходим билан «хайрлашишни» маъқул кўради.
Ҳолбуки, Меҳнат кодексининг 218-моддаси 1-қисмида иш берувчи соғлиғининг ҳолатига кўра ходимни енгилроқ ёки таъсирлардан холи бўлган ишларга тиббий хулосага кўра вақтинча ва ёки муддатини чекламай ўтказиши шартлиги қайд этилган. Ушбу кодекснинг 220-моддаси 2-қисми талабига кўра ТМЭКнинг ногиронларга тўлиқсиз иш вақти режими ўрнатиш, уларнинг вазифасини камайтириш ва меҳнатнинг бошқа шартлари ҳақидаги тавсияларини бажариш иш берувчи учун мажбурийдир дейилган.
Кўриниб турибдики, корхона раҳбари Меҳнат кодексида келтирилган мажбуриятни бажариш ўрнига ходимни ишдан кетишга «мажбурламоқчи бўлган».
Бу ноҳақликларга чидай олмаган С.Норбоев тегишли тартибда тегишли ҳужжатлар билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига мурожаат этади.
Тегишли идора ва ташкилотларга юборилган мазкур мурожаатнома Жиззах вилоя­­ти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши томонидан изчил ўрганиб чиқилади.
Ўрганиш ва таҳлиллар давомида фуқаро С.Норбоевнинг эътирози ва талаби тўғри эканлиги маълум бўлади.
Аммо Жиззах вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгашининг иш берувчига йўллаган тақдимномаси қаноатлантирилмади.
Шундан сўнг иш берувчи томонидан қонунга зид равишда чиқарилган меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқни ҳақиқий эмас деб топиш, ходимни ишга тиклаш, иш ҳақи ва маънавий зарарни ундириш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судига даъво аризаси киритилди.

Жорий йил 18 сентябрь куни бўлиб ўтган суд
С.Норбоевни ишга тиклаш ва унга тегиш­лича маб­лағ ундириб бериш тўғрисида қарор қабул қилди.
Айни кунда С.Норбоев ўзи севган касбида садоқат билан меҳнат қилмоқда. Унинг ишончи ошган. Ахир, ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қиладиган ташкилотлар бор.

Алижон АБДУРАҲМОНОВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар