«КОЛУМБДА БОР АЛАМИМ МАНИМ» ёхуд британиялик олим яқинда эълон қилган янгиликни ўзбек шифокори бундан 27 йил аввал кашф этгани хусусида

101

Атоқли шоиримиз Абдулла Орипов айт­ганидек, Берунийнинг ақл машъали Америка қитъаси ҳақида хабар берганида «ухлар эди Колумб ҳам ҳали». Ҳолбуки, беш юз йил ўтгач, саёҳатчи Христофор ўз кемасида Ҳиндистон сари сузиб, фалакнинг гардиши-ю шамол-у тўфонлар шарофати билан Америка қирғоғига лангар ташлайди. Шу тасодиф билан унинг номи қитъа кашфиётчиси сифатида Европа тарихида қолди.
Абу Райҳон Берунийнинг илмий тафаккури асосида айтилган фикри нега тан олинмади? Ғарб таомилга киритган қоидага асосан бу саволга жавоб берадиган бўлсак, Беруний бобомиз ўз кашфиёти учун «патент» олмаганди.

Ачинарлиси, бу амалимиз ҳануз давом этмоқда. Юртимизда яратилаётган кўплаб кашфиётлар тарихга биринчилардан бўлиб кирмай қолмоқда.
Мазкур мақоламиз ана шундай замондош ватандошларимиздан бири «Эргаш ота» хусусий тиббий маркази раҳбари, олий тоифали шифокор Бердиқул Эргашев яратган даволаш усули ҳақида. Уни изоҳлашдан аввал хорижлик мутахассислар фикрини келтирамиз. Зеро, бизнинг ватандошларимиз хориж шифокорларига кўпроқ ишонишади, катта пул сарфлаб, чет давлатларда даволанишни афзал билишади.

Америкалик Жоэл Робинсон нима дейди?

Ўз кашфиётини бутун жаҳонга овоза қилаётган америкалик амалиётчи врач ва жарроҳ Жоэл Робинсон ҳақиқатдан ҳам касалликлар асосини топ­ган, шекилли, гувоҳларнинг фикрича, 48 ёшли докторнинг ташқи кўриниши 30 яшар йигитдек экан.
АҚШ Ҳарбий ҳаво кучлари раҳбарияти қўл остидаги учувчиларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш бўйича маслаҳат олиш учун Ж.Робинсонни Вашингтонга таклиф қилишади. Ўша суҳбатнинг ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилган вариантидан бир парча:
«Соғлиқни сақлаш миллий институтлари маълумотларига кўра, айнан овқат ҳазмидаги муаммолар билан шифокорларга ҳар йили 50 миллион нафар бемор мурожаат қилади. Бевосита овқат ҳазмидаги касалликларни даволашга эса 87 миллиард АҚШ доллари миқдорида маб­лағ сарфланади.
Бундай катта пул сарфланадиган хасталикларнинг сабаби нимада? Анъанавий тиббиётда ҳам, ноанъанавийсида ҳам биз, асосан, ташқи аломатларга қараб муолажалар белгилаймиз. Масалан, бошимиз оғриса врач ҳузурига борамиз. У «Аспирин» ёзиб беради. Дорини қабул қилгач, оғриқ қолади. Хулоса чиқарамизки: сабаб аспирин етишмаслигида экан. Аслида эса ацетилсалицил кислотаси бош оғриққа сабаб бўла олмайди.
Муаммомиз шундаки, биз сабабни эмас, оқибатларни даволашга ҳаракат қиламиз. Хасталик сабабини аниқламасдан даволар эканмиз, организм қувватсизланишда давом этади.
Фикримча, касалликларнинг асосий сабаби организмнинг токсинли моддалар билан ўзини ўзи заҳарлашидир.
Мен анъанавий ва ноанъанавий тиббиёт бўйича таҳсил олганман, лекин ҳеч бирида ичаклар аҳволининг соғликка таъсири ҳақида айтилмаган. Тадқиқотлар эса ушбу ҳол саломатликка бевосита таъсир этишини исботлади.
Овқат ҳазми оғизда бошланади. ­Таомни чайнаш вақтида сўлак ажралади ва унинг таркибидаги энзим ҳазм­ни ­бош­лайди. Таом ошқозонга тушгач, ҳазм жараёни давом этади. Ингичка ичакда жараён ниҳоясига етиб, ингичка ичак толалари озиқ моддани сўради. Қолгани йўғон ичакка ўтиб, нажасга айланади. Агар таом тоза-табиий бўлмаса, ичаклардаги қилчалар (ворсинкалар) уст қисми шлаклар билан қопланади ва зарур озиқларнинг сингмаслигига олиб келади. Буни бартараф этиш учун ҳар қанча қиммат таблетка ютсангиз ҳам пулингиз ҳавога совурилади», дейди Ж.Робинсон.
Ўша тасвирларни кўрган кишида нав­батдаги ва энг асосий савол туғилади: қандай қилиб ичакни тозалаш мумкин?
Жоэл Робинсон бунинг беш йўли борлиги, лекин уларнинг ҳеч бири заҳарларни чиқаришга мўлжалланмаганлигини таъкидлаб, қуйидагича жавоб беради.
«Биринчи йўл – ичаклар. Қорин шишиши, бунда ичак табиий ҳолатига нисбатан беш марта катталашади. Бу чиқитларнинг организмдан мунтазам чиқмаслигини кўрсатади. Оқибатда улар ичак деворларида ёпишган ҳолда бир неча кун, ҳатто, ҳафталаб қолиб кетади. Оғиздан келаётган бадбўй ҳид ҳам ичак­лар яхши ишламаслигидан далолат. Бу тўпланган заҳарларни организм ўпка орқали чиқаришга ҳаракат қилаётганини билдиради.
Иккинчи йўл – жигар. Жигарнинг асосий вазифаси қонни тозалаш ҳисоб­ланади. Ичаклар заҳарли чиқитлар билан тўлган бўлса, унинг зиммасига қўшимча вазифалар юкланади. Бунда белгилар пайдо бўлади. Масалан, бош оғриғи – жигар тозалаб юбораётган қоннинг сифатсизлигидан миянинг шикоя­­ти. Бунда қувватсизланиш, ҳатто, хотира сусайи­­ши кузатилади. Чунки қондаги заҳарлар миқдори ошиб кетиши тасаввурни сустлаштиради. Булардан ташқари, инсонда жинсий иштиёқ сусаяди. Жигарнинг тиқинлар сабаб тозалашга улгурмаётгани натижасида қонда холестерин миқдори ошади, бўғим касалликлари, вазн оғирлашуви вужудга келади. Так­рор айтамиз, бу касалликларнинг барчаси ичакда сақланиб қолган чиқитлар пайдо қилган заҳарларнинг танага сўрилиши натижасида келиб чиқмоқда.
Учинчиси – буйрак. Ичаклар яхши ишламаслиги натижасида буйраклар ҳам қўшимча юклама олади. Бу ҳолат ҳам қон босими ошишидан бошлаб, сийдик йўли тизимида пайдо бўладиган буйрак билан боғлиқ касалликларни келтириб чиқаради.
Тўртинчиси – ўпка. Юқорида оғиздан келаётган бадбўй ҳиднинг ичаклар яхши ишламаслигидан далолат эканлиги, бу организм йиғилган заҳарларни ўпка орқали чиқаришга ҳаракат қилаётганини билдириши ҳақида гапиргандик. Унга астма ва аллергия касаллик­ларини ҳам қўшиш мумкинки, хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, булар ҳам ичак­лар деворига ёпишган чиқитлар заҳарларининг сўрилиши оқибатида вужудга келгандир.
Бешинчиси – тери. Тери чиқитларни чиқариш учун энг катта майдонга эга бўлган органдир. Ичак тўлган, жигар улгура олмаяпти, буйрак ишламайди. Бундай пайт­­да тери ишга тушади. Бунда экзема, псориаз ва бошқа тери касалликлари кўринишида муаммолар пайдо бўлади. Бу ҳам овқат ҳазми билан боғлиқдир.
Биз теримизни тоза сақлаш учун тез-тез, ҳатто, ҳар куни чўмиламиз. Нега энди доимий тоза сақлаш учун ичимизни ҳам ювиб турмаймиз?»
Доктор Робинсоннинг фикр ва далилларидан кўплаб хулосалар чиқариш мумкин. Лекин унда «ични ювиш» сирлари айтилмаган. Дард жонидан ўтган беморлар Робинсонни излаб АҚШга ҳам боришга ҳаракат қилади. Қуйида ана шундай ватандошимиз фикрини ўқиб кўринг.

«Нью-Йорк врачларидан ҳам маслаҳат олгандим»

Турсуной ҲАЙДАРОВА
(Бухоро шаҳридан, 59 ёш):

– Ўзим тиббиёт ходимиман. Гепатитнинг Б формаси билан касалланганман. Ўт қопим ишламасди. Қон босимим 200га чиқиб кетарди. Оёқларим доим оғрирди. Касалларимни кўп жойда даволатганман. Россиянинг Екатеринбург шаҳрида ҳам даволандим, Туркияга бориб ҳаво алмаштириб келдим. Ҳатто, АҚШнинг Нью-Йорк шаҳри касалхонасида ҳам бўлганман. У ерда ҳам текшириб, ташхис қўйишди-да, «бу касалликни даволаб бўлмайди, енгиллаштириш мумкин, холос», дейишди. Доимий ичишим учун дорилар ёзиб беришди. Лекин ҳеч нарса ўзгармади. Вужудим оғирлашиб, айрим жойларим қотиб ҳам қолди.
«Эргаш ота»да даволанишнинг иккинчи кунидан вужудимда содир бўлаётган ўзгаришларни сеза бошладим. Аввал бўйним чап томонга ҳам бемалол бурила бошлади. Шифохонага келган кунимдан менга буюришган «Эналазит(25)» таб­леткасини ичмай қўйган бўлсам ҳам қон босимим 120/80 га тушди.
Эндиги мисолимизда Ҳиндистонга бориб шифо тополмай қайтган мижоз касаллик тарихини эшитамиз.

Замира ҲАМРАҚУЛОВА
(Самарқанд шаҳридан, 55 ёш):

– Мен 2008 йилнинг апрель ойида ўнг кўкрагимда кичкина без борлигини сезиб, Самарқанд шаҳар онкология касалхонасига мурожаат қилдим. У ерда мени обдан текширувдан ўтказиб, «сиз рак касалига чалингансиз, тезлик билан ўнг кўк­рагингизни олиб ташлаш керак, акс ҳолда бутун организмингизга тарқалиб кетади», дейишди. Ноилож рози бўлдим. Майнинг иккинчи санасида операция қилишди. Операциядан кейин ҳар 21 кунда бир марта кимётерапия олдим. Олти курс олгач, тўрт йил яхши юрдим. 2012 йил эса ўнг қўлим шиша бошлади. Мен яна ўша таниш врачга мурожаат қилдим. Мени кўриб, «ҳечқиси йўқ, ўтиб кетади», дея тинчлантирди. Бироз вақтдан кейин оғриқ бошланди… Шунда Тошкентдаги Рес­публика Онкология марказига мурожаат қилдим. У ерда роса текширувлардан ўтказиб, «сенинг суякларинг мўртлашяпти, шунинг учун қўлинг шишган», дея яна 6 курс кимётерапия олишни буюришди. Олишга олдим, лекин шиш ҳам, оғриқ ҳам кетмади. Жуда узоқ даволандим, аммо фойдаси бўлмади. 2015 йили Ҳиндистонга бориб, шифокорларга учрашдим. У ерда ҳам мени ҳар томонлама текшириб, «суякларинг яхши, ҳеч нарса бўлмаган, касалинг бошқа, безлар пайдо бўлиб, катта томирингни қисган, шунинг учун қўлингда қон яхши айланмаяпти, безларни операция қилиб олиб ташлаш керак», дея яна кимётерапия ёзишди (ташхис қоғозларнинг барчасини сақлаб қўйганман). Илож қанча, ҳамма дардларга чидаб, яна 6 курс кимё олдим. 2016 йил май ойида Янги Деҳлидаги «Аполло» касалхонасида 6 соат давомида жарроҳлик амалиёти ўтказишди. Даволовчи врач Заиди Шуайб «яна тўрт курс кимё олиб, 6 ойдан кейин яна текширувга келасан», дея жавоб берди. Катта умидлар билан уйга қайтдим. Бироқ на қўлимдаги шиш, на оғриқлар камайди. Кечга томон оғриқ бошланади, туни билан дарддан азоб­ланиб чиқаман. Қисқаси, дунё кўзимга қоронғу кўриниб, яшашдан умидим қолмади. Негаки, Ҳиндистонгача бориб дардимга даво топа олмадим-да. Қолаверса, кимё олавериб чарчаб кетдим. Буни бошидан ўтказган инсонгина билади. Кундан-кунга сўниб бораётганимни жисман ҳис қилардим. Бўлди энди, ҳеч қайси врачга бормайман, яқинларимни ҳам қийнамайман, барибир саратонга даво йўқ экан, деган хулосага келдим.
Лекин… Оллоҳга шукр, опам Мавлуда дугоналаридан «Эргаш ота» хусусий шифохонаси ҳақида эшитиб қолибди. «Эргаш ота» мўъжизаси» деган китоби ҳам бор экан. Китобни ўқиб, мағзини чақиб, кўнглимда яшашга умид уйғонди.
2017 йил 2 январда Бердиқул Жўрақуловичга учрашдик. «Касални анча ўтказибсиз, лекин даволашга ҳаракат қиламиз», дея қабул қилди. Шифокор қўлидан иккинчи малҳамни ичганимдан кейин қўлимдаги оғриқ батамом тўхтади. Шишлар ҳам секин-аста қайта бошлади. Еттинчи малҳамни ичганимдан сўнг жигаримни қоплаган рак пардалари тушди. Ана шу кундан буён ўзимни яхши ҳис қилиб боряпман. Худо хоҳласа, тузалиб, аввалгидек соғлом ҳолда болаларим олдига бораман. Негаки, бу даргоҳда йўлга қўйилган даволаш усули мўъжизавий натижалар бераётганини нафақат мен ўз танамда, балки хориждан оқиб келаётган, энг асосийси, соғайиб кетаётган инсонлар мисолида кўриб турибман!
Нега мен самарқандлик бўла туриб, худо назари тушган бу маскан ҳақида эшитмаган эканман-а?..
З.Ҳамрақулованинг нега эшитмагани маълум. Биринчидан, «Эргаш ота» тиббий маркази ОАВларда реклама қилинмайди. Иккинчидан, бошқа шифокор шундай натижаларга эришса дунёга овоза қиларди, шов-шув бўларди. Негадир, Бердиқул Эргашев ундай қилмайди. Унинг фикрича, шифо топиб кетганларнинг бошқаларга ўзи ҳақида гапириб беришидан афзалроқ реклама йўқ.

Ўзбек шифокори бундай натижага қандай эришмоқда?

Бу саволга илмий, фалсафий нуқтаи назардан батафсил жавоб бериш учун газетанинг анчагина жойи талаб этилади. Шу боис, «Эргаш ота» хусусий тиббий маркази раҳбари, олий тоифали шифокор Бердиқул Эргашевнинг фикрини қисқартириб эътиборингизга ҳавола қиламиз.
– Йигирма етти йиллик тажрибамиз шуни кўрсатадики, мушак­ларнинг жисмоний ҳаракат вақтида ишлаши, инсон ҳаёти учун зарур бўлган юрак қон айланиши, нафас олиш, тер чиқариш тизимлари, танадаги биотоклар таъсирининг ҳамда одам танаси кексайиши жараёнининг асосий сабаблари танада модда алмашуви натижасида ҳосил бўладиган чиқиндилар ҳужайра ва ҳужайра оралиқларида, қон томирларда, пешоб, ўт ва бошқа йўлларда йиғилиб боради. Бундай пайтда эса бутун вужудимизни поклашимиз, аввало, овқатланишни оқилона ташкил этишимиз, тўғри нафас олишни ўрганишимиз, вақти-вақти билан танани тозалаб туришимиз керак.
Бизнинг муолажамиз парҳез, табиий гиёҳлар асосида яратилган малҳам ёрдамида барча касалликларнинг асл сабаб­ларига таъсир қилувчи, одам танасини ташкил этган ҳар бир ҳужайра ва тўқималарни хасталик сабабларидан тозаловчи ва алалоқибат, дарддан фориғ қилувчи даволаш усулидир.
Бу усул касалликларни даволабгина қолмай, бошқа хасталикларнинг, шу билан бирга, барвақт кексайишнинг олдини олади, дори-дармонларсиз, жарроҳлик муолажаларисиз инсоннинг асосий бойлиги бўлмиш соғлиғини сақлашда катта фойда беради.
Даволаниш даврида бемор ўзини вақтинча овқатдан тияди, лекин оч ҳам қолмайди. Одамларда ички жамғарма ҳисобига яшаш кўникмаси мавжуд. Бундай туғма ирсий имконият барча тирик организмларга хосдир. Шунинг учун уч-тўрт кундан кейин муолажа жараёнида мижоз ҳеч қандай очлик сезмайди, яъни бемор фойдали гиёҳлар, олма шарбати ва ўзининг ички имкониятлари ҳисобига яшайди. Табиийки, даволаниш давомида одам ўзининг 20-25 фоиз вазнини ҳаётига зарарсиз равишда йўқотади. Йўқотилган ана шу вазннинг асосий қисми эса танасида йиғилиб қолган ортиқча ёғ, ўлик ҳужайра, тузлар, модда алмашинувида ажралган чиқиндилар, ифлос ҳаво, сув, истеъмол қилинган дори-дармон ва овқатлардан ҳосил бўлган заҳарли чўкмалардир. Касалликнинг ана шу сабаблари таг-томири билан йўқолгач, бемор вужуди покланади. Тана бу кераксиз чиқиндилардан халос бўлгач, тери яшаради, ранги тиниқлашади, ҳужайралар таркиби яхшиланади. Кўзлар равшанлашади. Одам яшариб кетади. Ташқи томондан кўриниб турган бу яшариш, ички аъзоларда ҳам (кўринмаса-да) юз беради.
Эътибор берган бўлсангиз, Б.Эргашев америкалик Ж.Робинсон сингари фақат ичакларни тозалаш билан эмас, балки бутун организмни тозалаш орқали барча касалликларни даволайди, олдини олади.
Шу ўринда Россия Федерациясининг Томск шаҳридан келиб даволанган 55 ёшли Сергей КАЗАКОВнинг нуқтаи назарига қулоқ тутайлик:
– «Эргаш ота» тиббий марказига 2013 йилнинг мартида келиб қолганман. Бунга сабаб, менга қўйилган ташхис: гиперхолестерин (15, меъёри эса 4,5). Бу касалликнинг келажаги ногиронлик ва блокатор дориларга бир умрга маҳкумлик эди. Қон таркиби жуда ёмон, бундай қонни тозалай олмаётган жигарнинг аҳволини эса сўраманг.
Тасодифлар занжири худди эртак­лардагидек мени Ўзбекистонга, Бердиқул Жўрақуловичга учраштирди! Айни пайт­­да учинчи бора келишим. 21 кун даволанишдан сўнг ҳар гал уйга қайтганимда қон бўйича мутахассис гема­т­о­­­­л­о­­­гга анализ топшириб, текширтираман – соғайиш томон, тозалик томон ўсиш ҳайратланарли даражада!
Эътибор берган бўлсангиз, Б.Эргашевнинг даволаш усулидан мижозлари ҳайратини яширмаяпти. Уларнинг барчаси йиллаб даволанган. Югур-югур, текшир-текширга кетган асаб, дори-дармонга сарфлаган маблағлар… Аммо шифо топиш ўрнига аҳволи ёмонлашиб, ҳаётдан умиди сўниб бораверган… Бугун эса уларнинг мамнунлиги, ҳаётга қайтиши… Буни сўз билан ифодалаб бўлмайди.

Тиббий туризм ва хорижлик мижозлар

Муассаса Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан берилган лицензия асосида фаолият юритади. Демак, солиқлар ўз вақтида тўланиб, давлат бюджетига ҳисса қўшилмоқда. Мазкур муассаса ташкил этилгач, 70 нафардан зиёд ёш мутахассис иш билан таъминланди. Бундан ташқари, бу мас­канга одам ташийдиган «такси»чилар ҳар бир вилоятда бор. Касал ўзини кўрсатишга бир ўзи келмайди кўп ҳолларда. Доктор ҳузурига киргунларича шу атроф­­да дам оладилар, ишбилармонлар қурган ошхона-ю ресторанларда овқатланадилар. Ўзга давлатлардан автобусда, поезд ва ҳаво йўллари орқали одамлар оқиб келмоқда. Сирасини айтганда, тиббий туризм ривожланмоқда.

Юсуфжон ЖЎРАЕВ
(Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ
туманидан, 66 ёш)
фикрига қулоқ тутамиз:

– Мен бу даргоҳга 2002 йилдан буён келаман. Ўшанда жарроҳлар «бир буйрагингиз қуриб қолган, олиб ташламасак иккинчиси ҳам икки ой ичида қуриб қолади», дейишганди. Операцияга рози бўлиб, ҳамма дори-дармонларни тайёрлаб, энди ётаман деб турганимда бир танишим Каттақўрғонда «Эргаш ота» тиббий маркази борлигини, у ерда мен ишлайдиган Металлургия заводининг катта муҳандиси қизи билан бирга даволаниб келганини айтиб қолди. Шундан сўнг келиб 24 та малҳам ичиб, ҳеч қанақа жарроҳлик амалиётисиз даво топдим.
Янаги йил қизимни олиб келдим. У ҳам касалликлардан жуда қийналиб юрганди. Олиб бормаган жойимиз, кўрсатмаган профессорлар қолмаганди. Тошкентдаги диагностика марказларида УЗИ, МРТ, рентгенларда бир неча бор текширтирдик, кўпдан-кўп анализлар топширдик. Шунча текшир-текширдан кейин ҳам аниқ ташхис қўя олишмади. Қизим кундан кунга озиб тўзиб борарди. Бора-бора овқат ҳам емай қўйди. Бердиқулжон қизимни кўриб, «жигарида қурти, ўтида тоши бор», деди. Учинчи малҳамдан кейин қизим олдимга келиб, «дада, тош­лар тушяпти, қуртлар тушяпти», деди. Ўзимда йўқ хурсанд бўлиб кетдим. Шу ерда даволанганимиздан буён оилам билан бирорта «таблетка», бирорта укол олганимиз йўқ.
Яна бир келганимда германиялик шифо истовчилар билан учрашиб, гаплашиб қолдим. Улар тўртинчи бора келганликларини айтишди. «Тиббиёт қанчалик ривожланган бўлмасин, бизда бундай комп­лекс даволаш йўқ. Доктор малҳами билан ҳам ўт қопини, ҳам жигарни, ҳам буйракни, ҳам ошқозонни, ҳам юракни даволаяпти», дейишди. Хуллас, 15 йил давомида Германиядан ташқари Греция, Италия, Америка, Австрия, Россиядан келган кўплаб чет эллик даволанувчиларнинг тан бериб кетганларини кўрдим.
Дарҳақиқат, Европа ва қўшни давлатлардан туризм баҳонасида даволанишга келаётган фуқаролар нафақат шифо ­топ­ишмоқда, балки дардлари енгиллашгач, якшанба кунлари Самарқанд, Навоий, Бухоро вилоятларига саёҳатга чиқишмоқда. Бош шифокор Б.Эргашевнинг фикрича, бу йил хорижликларни жалб этиш бўйича рекорд ўрнатилади, яъни 5 минг нафар мижоз кутилмоқда. Ўтган йили бу кўрсаткич 3 мингни ташкил этганди.
Тадбиркор шифокор янги имконият­лардан руҳланиб, Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ, МАР лойиҳаси бўйи­­ча имтиёзли кредит олиб, беш қаватли замонавий меҳмонхона қурмоқчи. Лойи­­ҳа яратилди. Туман ҳокими яқиндан ёрдам кўрсатиб, бу иншоот учун жой ажратиб берадиган бўлди. Бу чет эллик мижозларга шароит ва халқимиз учун қўшимча иш ўрни деганидир.
Кўрсаткичлар яхши, албатта. Бироқ шифокор фаолиятининг энг асосий иқтисодий натижаси минглаб беморларни даволаб, ўз касбига, ишлаб чиқаришга қайтаргани бўлса керак, деган фикрдамиз.

Ўзбекистон номини дунёга таратмоқда!

Бердиқул Эргашев оддий меҳнаткаш оиланинг тўққизинчи фарзанди. Самарқанд тиббиёт институтини битиргач, ординатурада жарроҳликка ихтисос­лашиш жараёнида беморлардан кесиб ташланган яра ёки касалланган аъзо хасталикнинг асосий сабаби эмаслигини анг­лаб етди. Чунки операциядан кейин ҳам беморлар бутунлай соғайиб кетишмади. Шунда у Абу Али ибн Сино таълимотини чуқур ўрганди, Хитой ва Европа давлатларида малака ошириб ҳозирги даволаш усули ва унинг асоси бўлган ўз малҳамини яратди. Илк йиллари Каттақўрғон шаҳридаги эски клубга тегишли биттагина ҳожатхонаси мавжуд икки хонани ижарага олиб иш бошлади. Мижозларининг аксарияти касалхоналардан «сўнг­­­ги кунлари уйида ўтсин» дея жавоб берилган, тузалмас деб топилган касаллар эди. Уларнинг ҳар бирига ўзи малҳамига меҳрини қўшиб берди, ёнларидан жилмади ва сабр-матонат билан уларни даволашга ҳаракат қилди. Умидсизларнинг 90 фоизини ҳаётга қайтарди.

Феруза НУРОВА
(Тошкент вилояти Янгийўл туманидан) ана шундай мижозлардан бири:

– Ошқозоним оғрирди. Анализ топширганимда ошқозон ва ошқозон ости безимда рак касаллиги борлигини аниқлашди. Шифокорлар Тошкентга Онкология марказига юборишди. У ерда жуда қаттиқ тушкунликка тушдим. Пешонамдан кўраман, деб уйга қайтиб келдим. Умрим қанча қолган экан, деб ҳар куни йиғлаб олардим. Касалимдан хабар топган қўшним «Эргаш ота» хусусий даволаниш маркази борлигини, ўша ерда шифо топишим мумкинлигини айтиб қолди. Шифокор Бердиқул ака уй шароитида 40 кун давомида гиёҳлар билан даволанишим кераклигини айтди. «40 куннинг ичида борманми, йўқманми», дедим. «Ўз оёғингиз билан кетасиз», деди. Уйда ўзимдаги ўзгаришни сезиб, ихлосим ортди. Умид пайдо бўлди. Вақти келиб шу ерда даволанишни давом эттирдим. Негадир, оғриқларим кучайиб кетди. Шифокорга айтгандим, қўрқмаслигим кераклигини тайинлади. 9-куни ўт қопимдан холестерин тошлари туша бошлади. 13 кундан сўнг ошқозонимдаги рак пардаси тушди. Шунда ўзимни жуда ҳам енгил, қайта дунёга келгандек сездим.
Мана шундай натижалардан кейин одамлар бири бирини дараклаб, унинг ўша пайтдаги торгина шифохонасига оқиб кела бошлади. Ўз илмига ишонч, тинимсиз меҳнат, катта машаққатлар билан етиб келинган бугунги кунда Каттақўрғон туманининг Қозоқ­овул қишлоғи инфратузилмаси «Эргаш ота» хусусий тиббий маркази ва унинг бош шифокори Бердиқул Эргашев туфайли ривожланди, атроф боғ-у роғга айланди. Бу маскан нафақат юртдош­ларимиз саломатлигига сабаб бўлмоқда, балки МДҲ мамлакатлари, ҳатто, тиббиёти ривож­ланган Ғарб давлатлари фуқароларини жалб этиб, Ўзбекистон номини дунёга таратмоқда!

Кашфиётга  патент керак

Шифокор иш тартиби эрталаб соат саккиздан бошланади. Ҳар куни ҳар бир даволанувчини шахсан ўзи кўради, ундаги ўзгаришларни кузатади. Энг асосийси, шифо тилаб, беморнинг малҳам ичишини ўз назоратида сақлайди. Шу тахлит барча даволанувчилар билан ишини тугатгач, ўша куни қабулга ёзилганларнинг барчаси (баъзи кунлар 200 нафардан ошади) билан кўришиб, уларга йўл-йўриқ кўрсатмагунча уйига кетмайди. Бу баъзи пайтлар тунги соат 11 гача давом этади (дарвоқе, унинг тиббий маслаҳатлари, расмий тилда айтганда, «консультация»си бепул). Энди тасаввур қилинг. Ҳафтанинг олти куни шу зайлда ўтади. Бунақа юклама билан якшанба куни дам олиб, куч тўпланмаса қийналиши аниқ. Шундай экан, унинг алоҳида вақт ажратиб, илмий иш қилишига ёки патент олиш учун расмиятчиликларни бажаришга имконияти йўқ. Юқорида айтдикки, хорижий эллардан келувчилар сони кўпаймоқда. Бу шифокор кашфиётининг четга чиқиб кетмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди деганидир. Қолаверса, дунё тиббиётида ташхис аппаратларининг такомиллашуви ўз-ўзидан Робинсон каби шифокорларнинг шунга ўхшаш даволаш усулини ўйлаб топишига сабаб бўлмайдими?
Хулоса ўрнида соғлиқни сақлаш тизими мутасаддиларига таклифимиз бор. Мутахассисларга «Эргаш ота» тиббий марказини «бир текшириб, камчилигини топиб келишни» эмас, «шифокор кашфиёти натижаларини ўрганиб, унга патент олишни тавсия қилиш» бўйича топшириқ берилишини истардик. Асосий мақсад, бу янгиликни ўз юртимизда қайд этиб ­қўйишимиз керак. Акс ҳолда, авлодларимиз бир кун келиб, «Жоэлда бор аламим маним», дея нола чекишлари муқаррар.

Ҳалим САЙИД,
«Олтин қалам» миллий мукофоти совриндори

Бошқа хабарлар