Фаровон ва бахтли ҳаётимизнинг ҳуқуқий пойдевори

50

8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси
Конституцияси қабул қилинган кун

Бугун биз, жамиятимиз эришаётган ютуқлар, одамларнинг дунёқараши, онг-шуури ва турмуш тарзидаги ўзгаришлар, дунё ҳамжамиятидаги муносиб ўрнимиз, обрў-эътиборимиз, шубҳасиз, Конституциямизда мус­таҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинлик­ларимизнинг рўёбидир.

Асосий қонунимизда мамлакатимизда истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари, миллий ва диний қадриятлари ҳурмат қилиниши, барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эгалиги, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги ўз ифодасини топган.
Конституция асосида халқимиз ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳаларда улкан ютуқларга эришди, давлат ҳокимияти ва бошқарув идораларининг демократик тамойилларга асосланган янги тизими шаклланди, маҳаллий кенгашлар, маҳалла институти ва оиланинг мустаҳкамланишига муваффақ бўлинмоқда.

Кейинги икки йил ичида Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мамлакатимизда инсон, унинг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини сўзда эмас, амалда олий қадрият даражасига кўтариш, халқимизнинг ташаббускорлик, тадбиркорлик салоҳиятини тўла юзага чиқариш, жамиятнинг ҳар бир аъзосида Ватан туйғуси ва унинг шон-шарафи учун дахлдорлик туйғусини кучайтириш имкониятини юзага келтирди. Бунда давлатимиз раҳбарининг халқ билан очиқ, самимий мулоқот қилиш, уни тинглаш, муаммоларини ҳал этиш, ёшларга ишонч кўзи билан қараш, уларни бугунги замон талаблари асосида тарбия қилиш сиёсати ғоят катта кучга, ижтимоий ҳаракатга айланди.
Сўнгги йигирма етти йиллик ҳаётимизни кўз олдимизга келтирар эканмиз, жаҳон давлатлари сафидаги бугунги мавқеимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз. Бироқ, юқорида таъкидлаб ўтилганидек, олдинга қараб ҳаракатланишдан, жамият ҳаётида янги-янги марраларни эгаллаш билан боғлиқ самарали изланишдан тўхтамаслик зарур.
Бу жараёндаги энг муҳим ишларимиздан бири ёш авлод тарбияси ва таълими билан боғлиқдир. Зеро, эртанги кунимиз, Ватанимиз истиқболини ана шу авлод яратади.
Тарбия иши мавсумий эмас, бинобарин, бир муддатлик бепарволикдан ҳам маълум муаммолар келиб чиқиши мумкин. Маънавият тарғиботчилари айни шу ҳолатга эътибор беришлари, жамият ҳаётида ижтимоий адолатни қарор топтиришдек улуғ мақсад йўлида амалга оширилаётган ишларда замонавий билимларни чуқур эгаллаган йигит-қизларнинг катта авлодга тўлақонли ҳамроҳ бўлишларига эришиш зарур. Улар билан биргаликда ишлаш, ҳамфикр, ҳаммаслаҳат бўлиш, таклиф ва ташаббусларига, танқидий мушоҳадаларига эътибор бериш, шубҳасиз, ижобий самара беради.
Бу жараённинг ҳуқуқий асоси Асосий Қонунимизнинг 42-моддасида шундай дейилади: «Ҳар кимга илмий ва техникавий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланади. Давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланишига ғамхўрлик қилади».
Асосий Қонунимизнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, жамият ҳаётининг муҳим бўғинлари ҳисобланмиш оила ва маҳалла институтларига, оналик ва болаликни давлат муҳофазасига олишга, янги баркамол авлод тарбиясига алоҳида эътибор берилган. Унда, жумладан, «Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар. Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар», деб ёзиб қўйилган.
Оила тинч ва соғлом бўлса, юрт ҳам тинч ва фаровон бўлади. Соғлом оилада соғлом фарзандлар вояга етади. Қуш уясида кўрганини қилади, деганларидек, оилада ота-оналарнинг ўзаро муносабатлари, болаларга меҳри, сўз ва амал уйғунлиги фарзандлар дунёқарашида ўз аксини топади. Болалар катталарга тақлид қилиб, уларнинг у ёки бу ишларига эргашиб вояга етадилар. Ота-онанинг ҳар бир хатти-ҳаракати, турмуш тарзи, фойдали меҳнат билан бандлиги ва яна ўз сўзида собитлиги, қариндош-уруғлари, қўни-қўшнилар билан муносабати бола қалбига муҳрланиб боради.
Демакки, ота-она ўз фарзандига ҳар жиҳатдан ўрнак бўлиши, яхши амаллари билан уни тарбиялаб бориши керак. Катталарнинг ўзлари амал қилмайдиган нарсаларни фарзандларидан талаб қилишлари ҳеч қачон самара берган эмас, бермайди ҳам. Ватанимизнинг, миллий тараққиётимизнинг эртанги куни, ишончи ва умиди бўлган ёш авлодни ҳар биримиз ота-она, тарбиячи, маънавият ва маърифат тарғиботчиси, маҳалла фаоли сифатида, энг аввало, шахсий ибрат ва намунамиз билан тарбияламоғимиз зарур.
Зеро, Асосий Қонунимизда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларимизнинг тўлиқ рўёбга чиқиши, биз кўзлаган мақсадларга эришишимизнинг асоси ҳам ана шу тарбия ва таълим билан боғлиқдир.

Аҳмаджон Мелибоев,
Ўзбекистон Миллий
университети доценти

Бошқа хабарлар